Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:16

Паспорт ўрнига ID-карта бериш янги йилнинг биринчи иш кунидан бошланади


2011 йилги намунадаги биометрик паспорт 2030 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
2011 йилги намунадаги биометрик паспорт 2030 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Биометрик паспорт ўрнини эгаллаши кутилаётган шахсни идентификация қилувчи карталар (ID-карта) бутун республика бўйлаб 2021 йилнинг илк иш куни — 4 январдан берила бошланади.

Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи, полковник Улуғбек Мирзақамбаровга таяниб, gazeta.uz хабар қилди.

ID-карталарини олиш учун ҳеч қандай махсус ҳужжатлар талаб этилмайди, фақат паспот, ариза ва давлат божи — базавий ҳисоблаш миқдорининг 89 фоизи (198 470 сўм) тўланиши лозим. Улуғбек Мирзақамбаровнинг сўзларига кўра, ID-карта бир иш кунида берилади. Доимий яшаш манзилида рўйхатдан ўтиш ўзгарган тақдирда, картани алмаштириш талаб этилмайди.

«1 сентябрдан Тошкент ва Тошкент вилоятида рўйхатга олиш тизимини рақамлаштириш жараёни бошланди. 1 январдан бошлаб бутун республика бўйича прописка жараёнлари рақамлаштирилади. Прописка фақат тизимда ўзгартирилади. Картанинг ўзида яшаш манзили ёзилмайди», — деган бошқарма бошлиғи.

Ўзбекистон фуқароларига 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб биометрик паспортлар ўрнига шахсни ва фуқароликни тасдиқлайдиган электрон ташувчи қурилмага эга ҳужжат сифатида ID-карта берила бошланажаги тўрисида Озодлик 23 сентябрда хабар қилган эди.

Президентнинг бу ҳақдаги “Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни 22 сентябрда имзолаган.

Фармонга асосан 2021 йил 1 январдан бошлаб шахсни рақамли идентификация қилишнинг ягона тизими жорий қилинади. Мазкур тизимни жорий этиш доирасида биометрик паспортлар ID-карталарга икки босқичда алмаштирилади.

  • Биринчи босқич 2021 йил 1 январдан 2022 йил 31 декабргача ихтиёрийлик асосида амалга оширилади.
  • Иккинчи босқич 2023 йил 1 январдан 2029 йил 31 декабргача давом этади ва бу босқичда биометрик паспортлар мажбурий тартибда ID-карталарга алмаштирилади.

2011 йилги намунадаги биометрик паспорт 2030 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. ID-карталарни расмийлаштириш 1 иш кунида амалга оширилади.

ID-карта бир ёшгача бўлган болага 2 йил, бир ёшдан 16 ёшгача 5 йил, 16 ёшдан бошлаб – 10 йил муддатга берилади.

ID-картани расмийлаштириш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 89 фоизи, яъни 198 минг 470 сўм (22.09.2020 ҳолатига) миқдорида тўлов ундирилади.

XS
SM
MD
LG