Линклар

Шошилинч хабар
01 август 2021, Тошкент вақти: 20:54

Андижонлик йигитни машина юкхонасига қамаб “самосуд” қилган 5 киши жаримага тортилди


Жалақудуқда машина юхонасига қамалган йигит

Маъмурий ишлар бўйича Жалақудуқ суди 5 нафар жалақудуқлик йигитни БҲМнинг 3 баробари миқдорида жаримага тортди.

Улар “йўл ҳаракати қоидасини бузганларни суратга олиб ИИБга жўнатди” деган гумон билан Андижон шаҳар турғунини Жалақудуқ “Деҳқон бозорида” ушлаб, машина ичига қамаб сазойи қилишда айбланган.

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизматининг бу ҳақдаги хабари 3 январь куни “Қулоқлар расмга олинган жойида ушланди” деган сарлавҳа остида ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳа ортидан эълон қилинди.

Маъмурий ишлар бўйича Жалақудуқ суди вакилининг Озодликка билдиришича, воқеа 22 декабрь куни содир бўлган ва 25 декабрь куни суд ишни кўриб чиққан.

Маҳкама терговида ҳозир бўлган 5 кишининг айбдорлиги аниқланиб, жаримага тортилган. 4 январь куни кучга кирган қарорга мувофиқ, айбдорлар жаримани тўлаган ва суд қарори устидан томонлар шикоят қилмаган.

Озодлик «самосуд» қилинган йигитнинг яқини билан гаплашди. Суҳбатдош суд қароридан рози эканлигини билдирди.

Спаркка зиндонбанд қилинди

3 январь куни тарқалган видеода давлат рақами 60 168 FBA бўлган Спарк машинасининг орқа багажига қамаб қўйилган йигит акс этган. Тасвирда йигитнинг қаншари ëрилгани ҳам кўринади. "Телефонини берманглар бувингни ..." деган сўкиш эшитилади. Бошқалар ҳам ҳақоратга қўшилади. Кимдир телефонни машина юкхонасига қамалган йигитга кўрсатиб, “коди неччи” деб сўрайди. Кейин юкхонани очишади. Юзларида қўрқув акс этган йигит тушмоқчи бўлади. “Ўтир, тушма бувингни...” деган ҳақоратли сўзлар янграйди. Асирга олинган йигит “ҳеч йўқ битта органди чақиринглар” дейди. “... борми органга. Қўл оëғини кишанлаб, ëғочга бойлаб қўяйлик” деган овоз эшитилади. Боши эгилган йигит телефон кодини айтади. “Очилмади” деган овозлар янграйди.

Жиноятлар елпиғичи

Озодлик илтимоси ортидан видеони томоша қилган ҳуқуқшунос Маримбой Ражабовга кўра¸ бу ерда камида олтита жиноят аломати мавжуд:

“Юкхонага қамалган йигитнинг юзида кўкарган аломатлар бор - қаншари ëрилиб,қон сирқиб турибди. Бу ЖКнинг 105-моддасида "қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш" дейилади. Спаркнинг тор юкхонасига бу йигитнинг ихтиëрига зид тарзда қамашни, 110-моддага кўра¸ қийнаш деб малакалаш мумкин. Ëғочга бойлаймиз¸ бутилкага ўтқазамиз, деган тахдидлар 112-модда, яъни зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, деган модда қамровига киради. Асосийси, бу йигит юкхонага қамаб қўйилган. Буни 138-модда, яъни зўрлик ишлатиб, ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш, деб квалификация қилиш мумкин. Видеода бевосита йигитга қарата ва ИИБ органлари назарда тутилган сўкишлар мавжуд. Бу ЖКнинг 140-моддаси, яъни ҳақорат қилиш дея баҳоланади. Телефонни зўрлик билан тортиб олиб, кодни айтишга мажбурлаб, ичини титиш эса 141-модда билан белгиланган шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш жиноятидир. Маъмурий ишлар бўйича Жалақудуқ суди бу ҳолатни майда безорилик деб айбдорларни жаримага тортиши эса, ҳуқуқий нигилизмдан бошқа нарса эмас.

Спаркка судья қамалса нима бўларди?

Журналист ва ҳуқуқшунос Зафар Солижонов эса “самосуд”чилар деярли жазосиз қолиши одамлар ўртасида адолатга ишончни сусайтиради ва янги “самосуд”чиларга илҳом беради:

"Шу машинанинг багажнигида судьянинг қизи бўлиб қолганда эди, унинг моддаси ҳам бошқа бўлган бўларди. Тасаввур қилинг, вилоят прокурори ёки ҳокимни бир гуруҳ одамлар машина багажига солиб, қамаб, телефонини олиб қўйса, суд қандай жазо белгилаган бўларди?! Бу энди, майда безорилик эмас. Бошқа тарафдан, суднинг қарори камида шунақа ҳолатларни "самосуд" қилишда қўл келади. Яъни арзимаган жарима қиларкан, деб руҳланишга олиб келиши мумкин. Бу ҳолатни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ўз назоратига олиши шарт. Машинанинг орқасига мажбурлаб тиқилган инсон қонунбузарлар ҳақида телефонига расмга олиб хабар бераётган бўлганлиги тахмин қилинади. Ҳаммаси демократияни истайди, ҳаммаси қонун бошқарадиган давлатни хоҳлайди. Бироқ аксари унинг шартларига келганда, ўйланади. Бу иш жуда, жуда ёмон. Биринчи саволим – улар кимки, қонунни бузмаган одамни "самосуд" қилади? Унинг иши эркакликмасу, лекин шунча одам уни ўраб, уриб, хўрлаши мардликми?”

Солижоновга кўра, Ўзбекистон жазо қонунида “самосуд” жинояти аниқламаси мавҳум қолгани боис судлар бундай жиноятларни малакалаш чоғида чалкашмоқда.

Жиноят Кодексида "Самосуд" тушунчаси йўқ

2020 йил Хоразм вилоятидаги бир гуруҳ аëллар Қўшкўпир туманидаги аëлни ушлаб, калтаклашгани ортидан айбдорлар Жиноят Кодексининг 277-моддаси 2-қисми “б", "г” бандлари билан айбдор, деб топилган эди.

Ўзбекистонлик психолог ва педагог олим Маҳмуджон Йўлдошевнинг Озодликка айтишича, "жамиятимизда "самосуд"га ўрин бўлмаслиги керак, ҳаммани фақат қонун олдида суд қилишимиз лозим ва буни ҳам фақат давлат қилиши мумкин".

2019 йилда Ўзбекистон ИИВ Йўл ҳаракати қоидалари бузилгани акс этган видеоёзувларни қабул қилиш учун маҳсус сайтни ишга туширган эди. Видеоёзувни жўнатган шахсга қоидабузардан ундирилган жарима ҳисобидан энг кам иш ҳақининг 5 фоизи миқдорида мукофот ваъда қилинган.

Ифшогарларга мукофот

Видеоёзувларни қабул қилиш ва уларни тақдим этган шахсларни рағбатлантириш тартиблари Ўзбекистон ҳукуматининг махсус қарори билан тасдиқланган эди.

Ҳайдовчилар ва аксар аҳоли зеҳниятида “бировнинг айбини топиб, пул ишлаш қусур” деган фикр илдиз отган.

Андижонлик йигит жалақудуқлик беш киши тарафидан “йўл ҳаракати қоидаси бузилганлигини видеога олиб ИИБ га етказиб юрибди” деган гумон билан ушлаб, сазойи қилинган эди.

Ўзбекистон ҳукуматининг 31 декабрда чиқарилган 829-сон қарори билан имзоланган Низомга кўра, Коррупцияга қарши курашишга муносиб ҳисса қўшган шахслар давлат мукофотига тавсия этилиши мумкин.

Бу ҳақда Адлия вазирлиги ўзининг Телеграмдаги "Ҳуқуқий ахборот" канали орқали хабар берди. Низомга кўра, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахслар тегишлича БҲМнинг 3 бараваридан 25 бараваригача (669 минг сўмдан 5 млн 575 минг сўмгача) миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилиши мумкин.

XS
SM
MD
LG