Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:45

Эрон Украина учоғини уриб туширганидан бир йил ўтиб қурбонларнинг яқинлари ҳануз адолат ўрнатилмаганини айтишмоқда


Орадан бир йил ўтиб Киевда учоқ фалокати қурбонларини ёдга олдилар.
Орадан бир йил ўтиб Киевда учоқ фалокати қурбонларини ёдга олдилар.

Эрон Исломий инқилоб қўриқчилари корпуси Украина йўловчи учоғини уриб туширилганидан бир йил ўтиб, қурбонларнинг яқинлари ҳануз саволларига жавоб ва адолат изламоқдалар.

Уларнинг орасида Торонтода истиқомат қилувчи Нима Неестаний ҳам бўлиб, у фожиа туфайли бўлажак қаллиғи Шоди Жамшидийдан айрилди.

Канада фуқаролигини олган Жамшидий ўтган йилда Эрон пойтахтига отасини кўргани борган. Жамшидий 2020 йил 8 январида ёзган сўнгги СМС хабарини Теҳроннинг Имом Ҳумайний номидаги халқаро аэропортида туриб ёзган.

Бир неча дақиқадан сўнг Киевга учган учоқни Эрон ҳарбийлари отган ракета уриб туширди. Натижада учоқ бортидаги 176 нафар йўловчи ва экипаж аъзолари нобуд бўлди. Қурбонларнинг аксарияти эронликлар ва канадаликлар эди, аммо ўлганлар орасида бир неча афғон, инглиз, швед ва немис ҳам бор.

Бошида Эрон расмийлари учоқни ракета уриб туширганини рад этишди. Кейинчалик Эрон армияси учоқ «ғайриихтиёрий» равишда уриб туширилганини тан олди. Расмийлар фожиа ҳақида ўз вақтида очиқ маълумот бермагани учун Эрон бўйлаб норозилик намойишлари бошланиб кетди.

Учоқ минтақада Эрон ва АҚШ ўртасидаги зиддият кучайган бир пайтда уриб туширилди. 2020 йилнинг 3 январида АҚШ қўшинлари Эрон инқилоб посбонлари корпусининг сара бўлими қўмондони, генерал Қосим Сулаймонийни Бағдод шаҳрида ҳаводан зарба бериб ўлдирган эди. Теҳрон бунга жавобан 8 январь куни АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий базаларига ракета ҳужумини амалга оширди, натижада 110 га яқин америкалик аскар жароҳат олди.

«Украина халқаро ҳаво йўллари» авиаширкатининг Теҳрон-Киев йўналишидаги PS752 рейси ҳам айнан 8 январь куни уриб туширилди.

Кейинроқ Эрон расмийлари фожиа учун масъул бир неча киши ҳибсга олинганини маълум қилдилар, аммо уларнинг кимлигини очиқламадилар. Бугунга қадар фожиа ортидан бирорта юқори лавозимли ходим ишдан бўшатилгани ёки истеъфога чиқарилгани тўғрисида ҳеч қандай маълумот йўқ.

Жорий ҳафта бошида Эрон президенти Ҳасан Руҳоний нутқ сўзлаб, учоқ уриб туширилишида айбдор шахслар жазоланишини такрор ваъда қилди.

Ўтган ойда Теҳрон ҳар бир қурбон оиласига 150 минг доллар товон пули тўланишини эълон қилди, аммо таклифни Украина ҳукумати ва айрим қурбонларнинг оила аъзолари рад этди.

Улар Теҳронни жавобгарликдан қочишга уринишда айбламоқдалар.

Неестаний ва бошқалар ўз саволларига ҳануз жавоб изламоқдалар. Жумладан, улар нима учун АҚШ билан хавфли зиддият юзага келган бўлишига қарамасдан, Теҳрон расмийлари фуқаровий рейсларни бекор қилмаганини билишни хоҳлайдилар.

Бундан ташқари, улар Эроннинг фожиали воқеалар ҳақидаги версиясига шубҳа билан қарамоқдалар.

«Биз ҳақиқатни билишни истаймиз», - деди Неестаний Фарда радиосига берган интервьюсида.

«Мустақил ташкилот томонидан тергов ўтказилиши керак, эҳтимол бундай тергов бошқа давлат томонидан олиб борилиши керак, чунки мен Эронда мустақил идора борлигига ишонмайман», - дея қўшимча қилди у.

Декабрь ойида Канада ҳукумати мустақил ҳисобот эълон қилиб, Эрон тегишли тергов ўтказмаётганини, кўплаб саволлар жавобсиз қолаётгани айтди.

«Вазият учун масъул бўлган томон яширинча ўзини-ўзи тергов қилмоқда. Бу ишонч уйғотмайди», дейилади ҳисоботда.

Неестаний бошқа қурбонларнинг оила аъзолари билан бирлашиб, йўловчиларнинг хотираларини сақлаб қолиш ва учоқ уриб туширилишига айбдор шахслар жавобгарликка тортилишига эришиш учун курашмоқда.

«Ичим ғазаб, нафрат ва армонга тўла», - деди Неестаний Фарда радиосига берган интервьюсида.

«Шоди ўз ҳаётини яхши кўрарди ва улар уни ҳаётидан маҳрум қилишди», - дея қўшимча қилди у.

7 январь куни қурбонларнинг яқинлари Ҳумайний аэропортида шам ёқиб ва гулчамбар қўйиб яқинларини ёдга олдилар.

XS
SM
MD
LG