Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:01

Теҳрон ҳарбийлари уриб туширган учоқдаги 11 украиналик жасади Киевга етказилди


Эрон армияси уриб туширган йўловчи учоқ бортида бўлган 11 нафар украиналик жасади Киевга олиб келинди.

Бу орада Эрон расмийларининг ҳалокат тергови бўйича ҳамкорлик қилишга иштиёқи борасида саволлар кўпаймоқда.

8 январь куни Теҳрон аэропортидан учиб чиққанидан кейин кўп ўтмай қулаган «Украина халқаро ҳаво йўллари» авиаширкатига қарашли Boeing 737-800 учоғи бортида бўлган 172 нафар одамнинг ҳаммаси ҳалок бўлганди.

Эрон расмийлари мамлакат армияси йўловчи учоқни «ғайриихтиёрий» равишда уриб туширганини тан олган.

Украина ҳамда ҳалокатда фуқаролари ҳалок бўлган яна тўрт давлат расмийлари Эрондан «тўкис, мустақил ҳамда шаффоф» тергов ўтказилишини таъминлашни талаб қилиб келади.

Бошида терговда барча тарафни ҳамкорликка чақирган Эрон расмийлари эндиликда учоқнинг қора қутиларини тегишли давлатлар билан бўлишиш режасини кейинга қолдирди.

19 январь куни AP агентлиги Эрон фуқаровий авиациясининг ҳалокатларни тергов қилиш бўлими етакчиси Ҳасан Резайфер Теҳрон қора қутиларни жўнатишни режалаштирмаётганини таъкидлаганини хабар қилди.

Резайфер қора қутилардаги маълумотларни кўчириб олиш устида иш олиб борилаётгани, аммо ҳозирча уларни мамлакат ташқарисига чиқариш режаси йўқлигини айтган.

Аввалроқ Резайфер Эрон расмийлари қора қутилардаги маълумотларни кўчириб ололмагани учун улар Киевга юборилиши, у ерда қутилар Франция, Америка ва Канада мутахассислари билан ҳамкорликда расшифровка қилинишини айтган эди.

Ҳалок бўлган 172 йўловчи орасида Канада, Эрон, Афғонистон, Украина, Швеция, Британия ва Германия фуқаролари бор.

17 январь куни Канада, Швеция, Афғонистон, Украина ва Британия ташқи ишлар вазирлари Лондонда учрашиб, Эронни тўлиқ ҳисобот беришга чорлаб, қўшма баёнот эълон қилди.

Ҳалок бўлганларнинг аксари икки давлат фуқаролигига эга эронликлар бўлган.

«Украина халқаро ҳаво йўллари» авиаширкатининг PS752 рейси Эрон қўшни Ироқдаги АҚШ қўшинларига ракета билан ҳужум қилганидан кейин бир неча соат ўтиб уриб туширилган.

Эрон расмийлари Ироқдаги Айн ал-Асад ҳамда Ҳарир ҳаво базаларига ракета билан қилинган ҳужум Ислом инқилоби муҳофазаси корпуси генерали Қосим Сулаймоний АҚШ томонидан ўлдирилганига жавобан амалга оширилганини билдирди. Эрон Ислом инқилоби муҳофазаси корпуси таркибидаги «Қудс» махсус бўлинмаси қўмондони бўлган Сулаймоний 3 январь куни Бағдодда АҚШ дрон ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган эди.

Эрон расмийлари аввалига учоқни ракета уриб туширганини кескин рад этди, аммо буни кўрсатувчи далиллар кўпайиши ортидан учоқни мамлакат ҳарбийлари «ғайриихтиёрий» равишда уриб туширганини тан олди.

Эрон расмийларининг ушбу билдируви ортидан Теҳрон ва бошқа шаҳарларда минглаб одам аксилҳукумат намойишга чиқди.

17 январь куни Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий саккиз йилдан биринчи марта жума намозида имом вазифасини бажариб, эронликларни бирлашишга чақирди.

XS
SM
MD
LG