Линклар

Шошилинч хабар
02 март 2021, Тошкент вақти: 03:05

“Сиз маросимларда қатнашаверинг...” - Саида Мирзиёева яна бир глобал форумда иштирок этишини эълон қилди


Миллий масс медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёеванинг гендер тенглик бўйича комиссия аъзоси экани ўтган йил февралида Дубайдаги форум чоғида эълон қилинганди- Facebook

AҚШ Давлат котиби ёрдамчиси, Давлат департаментининг Aёллар глобал муаммолари бўйича офиси раҳбари, Махсус топшириқлар бўйича элчи Келли Кюрри Ўзбекистон миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёевани «Хотин-Қизлар бирлашган иқтисодий ҳамкорлик тармоғи»нинг очилиш маросимига таклиф этди.

Бу ҳақда Саида Мирзиёева ўзининг ижтимоий тармоқлар, жумладан, Facebook саҳифасида маълум қилди.

Маълумотларга кўра, «Хотин-Қизлар бирлашган иқтисодий ҳамкорлик тармоғи» дунёга машҳур “Иброҳим” жамғармаси қошида ташкил қилинган бўлиб, асосан, гендер муаммолари билан машҳур фаолларни ўз атрофига бирлаштирган.

“Менга ушбу тадбирда иштирок этиш ва гендер тенглик бўйича глобал ҳаракат етакчилари бўлган аёллар билан яқиндан танишиш катта мамнуният бахш этди”, дейди Саида Мирзиёева.

Саида Мирзиёева Дубайдаги форум чоғида АҚШнинг лавозимдан кетаётган президенти Дональд Трампнинг қизи Иванка Трампга таништирилгани ҳақида ёзган
Саида Мирзиёева Дубайдаги форум чоғида АҚШнинг лавозимдан кетаётган президенти Дональд Трампнинг қизи Иванка Трампга таништирилгани ҳақида ёзган

AҚШ Давлат департаментининг Aёллар глобал муаммолари бўйича офиси раҳбари, махсус топшириқлар бўйича элчи Келли Кюрри шу йилнинг 10 январида Гендер масалалари бўйича республика комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева билан Тошкентда учрашганди.

“Иброҳим” жамғармаси

10 январь куни Тошкентда “Иброҳим жамғармаси тўғрисида АҚШ-Ўзбекистон қўшма баёноти" имзоланган. Баёнотни ўзбек томонидан Бош вазир ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов имзолаган.

Қўшма Штатларнинг Тошкентдаги элчихонаси хабарида айтилишича, АҚШ, Исроил ва Бирлашган Араб Амирликлари ушбу жамғармани 2020 йил 20 октябрда очган. “Бу орқали уч мамлакат минтақавий иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган хусусий сектор бошчилигида амалга оширилувчи сармоялар ва тараққиёт ташаббуслари учун 3 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфлашни кўзлайди. Жамғарма Иброҳим келишувларида берилган ваъдани бажаради ҳамда минтақа аҳолиси ҳаётини яхшилайдиган сезиларли лойиҳалар орқали тинчликнинг афзалликларини намойиш этади”.

АҚШ томони баёнотида айтилишича, “Ўзбекистон ажратадиган 50 миллион долларгача бўлган маблағ унинг Иброҳим келишувларига садоқатидан далолат беради ҳамда иқтисодий ҳамкорлик ва алоқаларни яхшилаш кўпчиликнинг муштарак мақсади эканлигини англатади. Бу эса Ўзбекистон учун ҳам фаровонлик келтиради”.

“Ўзбек аёллари ўзига ўт қўймоқда”

Ўзбекистон прездидентининг тўнғич қизи ўтган йил февралида Бирлашган араб амирликлари (БААнинг Дубай шаҳрида ўтган Бутунжаҳон аёллар форумида иштирок этган ва АҚШ президенти Дональд Трампнинг қизи Иванка Трамп билан учрашганди. Telegram тармоғидаги саҳифасида Мирзиёева форум олдидан уни АҚШ президенти қизи Иванка Трамп билан таништиришганини ёзган.

Форумда Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш комиссияси аъзоси сифатида сўзга чиққан Мирзиёева ўтмишда "ўзбек аёллари барча соҳаларда аъло даражада илгарилаб боришгани, аммо сояда қолиб келиш"ганини таъкидлаган.

Ижтимоий тармоқларда Мирзиёеванинг чиқишига муноcабат билдирган айрим ўзбекистонликлар биринчи президент Ислом Каримовнинг ҳозирда қамоқда ўтирган тўнғич қизи Гулнора Каримованинг халқаро майдондаги фаолияти билан параллел ўтказишган.

Бу каби шарҳлар Мирзиёеванинг сўнгги пости остида ҳам қолдирилди.

“Яна жамғарма, яна талон-торож” деб ёзди Зуҳра Насриддинова исмли Facebook фойдаланувчиси.

Диля Ражабова исмли фойдаланувчи эса “Сиз маросимларга қатнашаверинг, ўзбек аёллари хорижларда сарсон, ўз юртида хўрланган ва ўзига ўт қўйиб ҳаёт кечиради ёки ҳаётини тўхтатади!!!”, дея заҳарханда қилди.

Хабарга муносабат билдирган айрим ўзбекистонликлар эса Саида Мирзиёеванинг “аёллар роли ва ўрнини ошириш”га қаратилган ҳаракатларини олқишлашган.

АОКА, Масс медиа ва гендер тенглик

36 ёшли Саида Мирзиёева 2019 йил апрелидан 2020 йил 29 январига қадар Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг ўринбосари лавозимида ишлаган. Мирзиёева вазир ўринбосарига тенглаштирилган айни лавозимни эгаллаган биринчи аёл ва энг ёш мулозима бўлган.

2020 йил у ва АОКА раҳбари Комил Алламжонов ўз ихтиёри билан агентликдан истеъфо берганини эълон қилган эди. Шундан буён Мирзиёева-Алламжонов тандеми Миллий масс медиа васийлик кенгашига раҳбарлик қилиб келади.

Шу йил 29 декабрда парламентга қилган мурожаатномасида президент Мирзиёев Комил Алламжонов ва Саида Мирзиёева бир йил аввал тарк этган АОКА ислоҳ қилинишини айтди.

Президентнинг баёноти АОКА билан қатор мустақил интернет нашрлари ўртасида мамлакатдаги энергетик инқирози ҳамда коронавирус статистикасини ёритиш устидан юзага келган зиддият ортидан янгради.

Блогерлар ва сўз эркинлиги борасида аввалги баёнотларидан фарқли, Алламжонов ва Мирзиёева раҳбари бўлган Миллий масс медиа фонди ушбу зиддият юзасидан ҳеч қандай расмий баёнот бермаган.

Президентнинг ўзи парламентга мурожаатида мамлакат сўз эркинлигидан ортга қайтмаслигини билдирди.

15 январь куни Алламжонов - Мирзиёева тандеми "Миллий" телеканалида намойиши тўхтатилаётган "Заковат" лойиҳасини ўз "оталиғига" олганини эълон қилди.

"Заковат" ёпилмайди. Аксинча- гуллайди. Биз @SShMirziyoyeva билан ушбу лойиҳани ўз оталиғимизга олдик. Бу йил иншааллоҳ ушбу медиа лойиҳа орқали республикамиздаги янгидан янги билимдон ёшларни кашф қиламиз", деб ёзди Комил Алламжонов ўзининг Телеграм каналида.

Озодлик "Миллий" телеканали муассиси ва собиқ ҳукумат мулозими Комил Алламжонов фаолиятидаги эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви ҳақида ёзган.

Озодлик суриштируви Саида Мирзиёеванинг турмуш ўртоғи Ойбек Турсуновга қарашли ширкат Юнусободда 100 га яқин тадбиркорнинг ерларини текинга олган Urban Developers МЧЖга алоқадор бўлиши мумкинлигини кўрсатган.

Шу кунларда Тошкентдаги маъмурий маҳкама тадбиркорларнинг 6 гектар ерни текинга берган Тошкент шаҳар ҳокими қарори устидан шикоятини кўриб чиқмоқда.

Urban Developers МЧЖ президент куёви билан алоқаларни рад этиб келади.

XS
SM
MD
LG