Линклар

Шошилинч хабар
17 июн 2021, Тошкент вақти: 06:31

Indorama Agro МЧЖга берилган Касби пахта тозалаш заводи ишчилари ноҳақ бўшатилганини айтмоқда


Касби пахта тозалаш заводининг ёппасига бўшатилган норози ишчилари туман раҳбарлари билан учрашувда - январь, 2021 (Youtube/Fox.uz)

Қашқадарёда Indorama Agro МЧЖ тасарруфига берилган Касби пахта тозалаш заводининг ёппасига бўшатилган 100 дан ортиқ ишчиси 10 январдан буён завод маъмурияти, туман прокуратураси ҳамда ҳокимияти бинолари олдида йиғилмоқда.

28 январь куни Озодлик билан суҳбатда ноҳақ бўшатилгани ва иш ҳақи тўлиқ берилмаганини айтган ишчиларга кўра, завод раҳбарияти ва туман ҳокимият идоралари уларнинг муаммосини ҳал қилиб беролмаяпти.

Касби туманида пахта заводи ва унга қарашли пахтани қабул қилиш пунктлари Indorama Agro МЧЖ тасарруфига ўтгач, ишчилар билан эски шартнома ёппасига тугатилиб, улар доимий иши бўлмаган 3 ойлик ёлланма ишчига айлантирилган.

Бош идораси Сингапурда бўлган Indorama гуруҳининг Ўзбекистондаги шўъбаси - Indorama Agro МЧЖ Қашқадарёнинг Касби ва Нишон туманларида жами 27 ярим минг гектар, Сирдарëнинг Оқолтин ва Сардоба туманларида 26 ярим минг гектардан ортиқ пахта ва буғдой экиладиган ерни ижарага олган. Бу икки вилоятдаги 2 та пахта тозалаш заводи ҳам шу ширкатга берилган.

Озодлик суриштируви фермерлардан ерни олиш, ишчиларни ишдан бўшатиш ва янгиларини ёллаш асносида Ўзбекистон Меҳнат қонунлари ўта қўпол равишда бузилгани, фермерларнинг ҳақлари топталгани, бундан ташқари ушбу ширкат тасарруфига ўтган ер майдонларида ҳосилдорлик тушиб, атроф-муҳитга жиддий зарар етказган химикатлар қўлланганини кўрсатди.

Озодлик суриштируви ортидан Лондонда жойлашган Европа тикланиш ва тараққиëт банки Indorama Agro МЧЖга 70 миллион долларлик кредит ажратиш қарорини январдан 10 февралга қолдирди.


Доимийдан ёлланма ишчига айланган касбиликлар

Касби туманидаги пахта тозалаш заводи ҳамда унга тегишли пахта пунктларида, айримлари 30 йилдан бери ишлаб келаётган 100 дан ортиқ ишчи ноҳақ бўшатилганини даъво қилмоқда.

Озодлик билан 29 январь кунги суҳбатда улар 2020 йилнинг ноябрида бирданига ишдан бўшатилгани ва шундан буён ишсиз қолаётганини айтди.

- Аввалига 17 кишини бўшатишди, кейин ноябр охирига келиб, ҳаммани бўшатиб юборишди. Январдан яна сизларни қайта ишга оламиз, дейишди. Лекин мана, январ тугаяпти, ҳалиям ишга олишгани йўқ. Ўзи пахта завод билан пахта пунктлари Indorama Agro МЧЖга ўтганидан бери меҳнат шартномасини 3 ойга тузиб, тугаса, яна узайтириб келишаётган эди. Ҳозир шу ҳам йўқ, - деди ҳозирда ишсиз қолганини айтган Шавкат Арзиев.

У билан бирга, Озодлик саволларига жавоб берган яна икки ишчи - Эшқул Худойберганов ва Шуҳрат Омоновлар ҳам айни муаммони тилга олди.

Бу ишчиларнинг шикоятича, тумандаги пахта заводи, бир неча пахта пункти билан бирга Indorama Agro МЧЖга ўтганидан кейин ишчилар билан шартнома муддати 3 ойга тушириб қўйилган.

Қуйида ишчилар билан суҳбатни тингланг:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:47 0:00
Бевосита линк

Касби пахта заводидаги норозилик

Касби пахта тозалаш заводида 50 га яқин ишчининг завод маъмурияти биносига бостириб кириб, раҳбарлар ва прокуратурадан боргани айтилган мулозимларни сўроққа тутгани акс этган видео 25 январь куни YouTube тармоғида пайдо бўлди.

Ишчилар 30 йилдан буён айни заводда ишлаб келгани, бу завод бошқаруви Indorama Agro МЧЖга ўтгач, ноҳақ бўшатилиб, ўрнига мавсумий ишчилар олинаётганидан норозилигини билдирган.

“2-3 ой ишлагандан кейин ҳамма ишсиз. Нега шунча йилдан бери ишлаб келган ишчиларнинг асоссиз ишдан бўшатяпсиз? Ўрнимизга янгисини олсангиз, хўп, улар ҳам ишласин, лекин бизни ҳам ишсиз қолдирманг! Биз нима қиламиз энди?!”, дейди олд қаторда туриб мулозимларга эътироз билдирган аёл.

Далада ҳам айни аҳвол - фермер ва деҳқонлар ишсиз

Касби тумани Чўлқувар қишлоғидаги яшайдиган деҳқоннинг айтишича, 2019 йилда ўзи ишлаган фермер хўжалиги тасарруфидаги ери Indorama Agro МЧЖ га ўтиши ортидан у ҳам ишсиз қолган.

Айтишича, Indorama Agro МЧЖ келгач, пахта далаларида меҳнат қилган фермерлар ва уларнинг ишчилари сони ҳам кескин қисқариб кетган:

"Ўртада бригадирлар қисқариб кетди. Худди шундай "қора ишчилар" ҳам қисқарди. Масалан, 1 та сувчи Indorama Agro келгунча 5 гектарни суғорган, ҳозир шу қишнинг совуғида 25 гектарни ёлғиз ўзи суғоряпти, лекин иш ҳақи 1 миллион – 1 миллион 150 минг сўм, ошмади. Касби тумани - чекка ҳудуд, одамлар фақат далада ишлаб кун кўради, ҳозир мен яшаб турган Чўлқувар қишлоғида 3 минг аҳоли бўлса, шунинг 60 фоизи ишга ярайди, тахминан. Шу 60 фоизнинг ҳаммаси пахатадан кун кўрарди, ҳозир фақат 10 фоизида иш бор, қолгани ишсиз. “Меҳнатни оғирлаштиряпсиз, шунга яраша ҳақ беринг ёки яна одам олинг”, деса кимдир, уни шартта ишдан бўшатиб, ёнида ишсиз қолганни ўша арзимаган ойликка оляпти. Жудаям норозилик кучайган”.

Indorama Agro МЧЖдан изоҳ

Озодлик Indorama Agro МЧЖ нинг Касби туман бўлими раҳбарлари билан боғланишга уринди.

Юқоридаги ишчиларга иш ваъда қилгани айтилган мулозим - Касби пахта тозалаш заводидаги пахта пунктларидан бирининг раиси Дилмурод Ширинов ишчилар 3 ойлик меҳнат шартномаси асосида ишлаётганини тасдиқлади.

Шириновга кўра, бундай меҳнат муносабати, завод Indorama Agro МЧЖ хорижий ширкатига берилгач бошланган. Ўзи ҳам 1985 йилдан буён пахта топшириш пунктида ишлашини айтган Ширинов, ишчи ва деҳқонлар оғир аҳволга тушиб қолганини тасдиқлади, аммо бу масалаларни фақат МЧЖнинг Ҳиндистондан борган раҳбарлари ҳал қилишини айтди.

Indorama Agro МЧЖ Касби туман бўлимининг бошқа раҳбарлари ҳозирча бирор расмий изоҳ бермади. Ижтимоий тармоқлар ва Қашқадарё вилоятидаги очиқ манбаларда берилган телефон рақамлари орқали икки кун давомида қилинган мурожаатларга аниқ жавоб олишнинг имкони бўлмади.

Мулозим: Indorama Agro МЧЖ Тошкентдан бошқарилади

Озодлик Касби туман пахта тозалаш заводидаги норози ишчилар ва ерсиз-ишсиз қолган деҳқонлар шикояти юзасидан Касби тумани ва Қашқадарё вилояти ҳокимликларига мурожаат қилди.

Қашқадарё вилояти ҳокимлигида ишлайдиган мулозимнинг айтишича, Indorama Agro МЧЖ ташкилоти “тўғридан-тўғри Тошкентга – Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига қарайди” ва бу ташкилотга Касби ва Нишон туман ҳокимликлари қолиб, “вилоят ҳокимлигининг ҳам тиши ўтмайди”.

Айни пайтда исмини ошкор қилмаган мулозим Касби туман пахта тозалаш заводида раҳбарият ҳамма ишни қонун доирасида қилмоқда, дея таъкидлади.

“Меҳнат шартномаси қонун доирасида тугатилиб, қонун доирасида қайта имзоланяпти. Пахта тозалаш заводида иш сезонний. Сезон тугаганда, ишчиларни бекор ушлаб турмаслик чораси кўриляпти, булар энди иш билган бизнесменлар. Ҳаммаси қонун доирасида”, - деди мулозим Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда. Аммо ишчиларга товон пули тўлаш ёки ишсизларга ишсизлик компенсацияси берилиши зарурлиги ҳақидаги мухбир саволларини мулозим: “Бу саволларни Тошкентдагиларга беринг”, дея жавоб қайтарди.

Очиқ манба: МЧЖга 2 вилоятда 54 минг гектар ер берилган ажратилган

Интернет тармоғига жойланган – “Ўзбекистон: Пахтачилик режаси” номли ҳужжатда қайд этилишича, Indorama Agro МЧЖ ширкатига Сирдарëнинг Оқолтин ва Сардоба туманларидан ҳам жами 26 ярим минг гектар, Қашқадарёнинг Касби ва Нишон туманларидан эса жами 27 ярим минг гектар ер ажратилган.

"Ўзбекистон: Пахтачилик режаси", Indorama Agro МЧЖ, 3 апрель, 2020 (Ҳужжат Интернетда очиқ манбадан олинди)
"Ўзбекистон: Пахтачилик режаси", Indorama Agro МЧЖ, 3 апрель, 2020 (Ҳужжат Интернетда очиқ манбадан олинди)

Ҳужжатга кўра, бу ер майдонининг 50 минг гектари суғориладиган (пахта ва буғдой экилаётган - таҳр.) ер, қолган 4 минги "ёмон ҳолатдаги ерлар".

Ширкат бунча ер майдонида пахта етиштириш ва бу ҳосилдан Қўқондаги ип йигирув фабрикаси - "Индорама Қўқон текстил" МЧЖ га пахта етказиб берувчи кластер тизими барпо этиши айтилган.

Бу намунавий кластер тизимини йўлга қўйиш асносида хорижий ширкат Қашқадарё ва Сирдарё вилоятларида қўшимча иш ўринларини яратиш, атроф-муҳитга зарар етказмаган тарзда ер ва ҳосил унумдорлигини ошириш мақсадини баён қилади:

"Ўзбекистон: Пахтачилик режаси", Indorama Agro МЧЖ, 3 апрель, 2020 (Ҳужжат Интернетда очиқ манбадан олинди)
"Ўзбекистон: Пахтачилик режаси", Indorama Agro МЧЖ, 3 апрель, 2020 (Ҳужжат Интернетда очиқ манбадан олинди)
  • "Пахтачиликда мажбурий меҳнатдан фойдаланишнинг олдини олиш
  • Ишлаб чиқариш ва сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш
  • Ўзбекистонда пахта секторининг барқарорлигини ошириш
  • Пахтачиликда билим ва ноу-хау билан бўлишиш".

Озодликнинг суриштирувидан кейинги ўзгаришлар

Шу мазмундаги шикоятларни Сирдарё вилоятида ерлари хориж ширкатига олиб берилган фермер хўжаликлари ишчи, сувчи ва тракторчилари Озодликка билдирган эди.

Озодлик ўтган йил декабрь ва жорий йил январь ойи бошида ўтказган суриштируви жараёнида маълумот берган сирдарёликлар ҳам ўзларининг меҳнат қонунларига зид равишда ишдан бўшатилгани ва шикоятлари эътиборсиз қолдирилаётганини айтишган.

28 январь куни бу ишчилардан бири Озодлик суриштируви эълон қилингач, шикоят қилган ишчиларнинг 20га яқини “оғзаки равишда ишга қайта олингани”, шу кунга қадар ишсиз ва маошсиз қолаётганини айтди.

“Озодликда мақола чиққанидан икки кун ўтибми, булар яна Indorama Agro МЧЖ офисига боришганида: “Сизлар ишдан бўшатилмабсизлар”, дейишган. Лекин ўшандан бери бошқа гап ҳам йўқ, иш ҳам йўқ, ойлик ҳам йўқ. Ерлари олиб қўйилган фермерлару уларнинг ишчилари ишсиз юришибди. Уларни дардига ҳеч ким қулоқ солаётгани ҳам йўқ”, - деди исмини сир сақлаш шарти билан Озодликка маълумот берган сирдарёлик ишчи.

Indorama Agro МЧЖ ширкати маъмуриятида ишлаган манбанинг айтишича, аслида раҳбарият таркибида бироз ўзгариш бор ва шу кунда ташкилотнинг Сингапурдаги идорасидан янги тайинланган бошлиқнинг келиши кутилмоқда.

“Раҳбариятда ўзгаришлар бўляпти. Лекин, ишдан кетганлар масаласида ўзгариш йўқ, аксинча январ ойида яна ўнлаб одам ишдан бўшатилди”, - деди манба.

Мирзиёев ишонган "арзанда" ширкат

Ўзбекистон Бош вазирининг 2018 йил 8 август кунги қарорида ëзилишича¸ Indorama гуруҳи 2023 йил охирига қадар пахтачилик ва тўқимачилик секторига жами 340 миллион долларлик тўғридан-тўғри инвестиция олиб кириш¸ камида 1500 иш ўрни яратиш мажбуриятини зиммасига олган.

Ўзбек фермер ва деҳқонларининг 54 минг гектар суғориладиган ери тақдим этилган Indorama гуруҳи ўтган икки йил давомида Ўзбекистонга ваъда қилинган тўғридан-тўғри инвестициянинг қанчасини киритгани аниқ эмас.

Indorama Agro МЧЖга берилган минглаб гектар ерда пахта¸ ғалла ва бошқа экин экиб¸ тирикчилигини кўриб келган Қашқадарëнинг Касби ва Нишон¸ Сирдарëнинг Оқолтин ва Сардоба туманларидаги 1068 фермер хўжалиги¸ ҳукумат ва банклар таъкидича, “кўнгилли равишда ер ижара шартномасидан воз кечди”.

Озодлик суҳбатлашган қашқадарёлик ва сирдарëликлар фикрича, аксинча – Indorama Agro МЧЖ фаолияти боис икки вилоятда пахтачилик¸ ғаллачилик ва чорвадорлик билан шуғулланиб келган фермер ва деҳқонлар ягона даромад манбаидан ажрамоқда.

Уларнинг иддаосича, Indorama Agro МЧЖ раҳбарлари орқасида шахсан президент ва ҳукумат турганини таъкидлаб, Ўзбекистон меҳнат қонунларини бузмоқда, ўзига берилган ерларда ишлаб келган фермер ва деҳқонларни жазирама иссиқ ва қаттиқ совуқда “қулдек ишлатмоқда”.

Фақат мавсумий ишчи сифатида расмийлаштирилган юзлаб сувчи ва ходимнинг иш ҳақини асоссиз равишда кесиб, уларни турли баҳона билан кўчага – хориждан иш излашга маҳкум ишсизлар сафига ҳайдамоқда.

Indorama Agro МЧЖнинг Сирдарë филиали тижорий директори бўлган Kuldeep Kumar, Сирдарë филиали бошқарувчиси Жасур Ҳусанходжаевлар Озодлик телефон қўнғироқларига жавоб бермади. Айни мулозимлар Озодликнинг 2020 декабрь ва 2021 январь ойларидаги суриштирувлари чоғида қилинган мурожаатларни ҳам жавобсиз қолдирганди.

XS
SM
MD
LG