Линклар

Шошилинч хабар
19 сентябр 2021, Тошкент вақти: 22:54

Тоғли Қорабоғ: Чегара оша савдо ўрнини нафрат ва қўрқув эгаллади


Этник арман аскари Тоғли Қорабоғнинг янги чегарасида - 25 ноябрь, 2020

2020 йилнинг 27 сентябрида Тоғли Қорабоғда Арманистон ва Озарбайжон ўртасида бошланган ҳарбий тўқнашувлар 44 кун давом этди. Урушда Боку Тоғли Қорабоғнинг йирик ҳудуди ва унга туташ туманлар устидан назоратни тиклашга муваффақ бўлди.

10 ноябрь куни Москва воситачилигида оташкесим келишувига эришилиши ортидан Арманистон ва Озарбайжон чегарасини расман белгилаш жараёни бошланди. Оташкесим шартларига биноан, кўплаб қишлоқлар Боку тасарруфига топширилди. Бу ҳолат минтақада шусиз ҳам мураккаб бўлган савдо алоқаларини янада мураккаблаштирди.

Вазият танг бўлгани учун озарбайжонлар ва арманлар бир-бири билан яширинча савдо қилаётгани ва бартер қилаётгани айтилмоқда.

Тоғли Қорабоғ: Арманлар ҳудудни тарк этишдан олдин уйларини барбод қилар экан, озарбайжонлар ватанларига қайтишга ҳозирланмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:12 0:00

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, икки давлат ўртасидаги алоқалар изга туша бошлаганидан кейин ўзаро савдо алоқалари тикланишини кутиш мумкин.

Тоғли Қорабоғда содир бўлган тўқнашувларда Туркия Озарбайжонни яқиндан қўллади. Туркия Ереван халқаро миқёсда Озарбайжон ҳудуди ўлароқ тан олинган Тоғли Қорабоғни 1990 йиллардаги урушда босиб олгани учун Арманистонга қарши савдо эмбаргосини жорий қилган.

Туркия – Арманистон алоқалари нормаллашига икки давлат ўртасида бир асрдан бери давом этаётган адоват сабабчидир. Ереван Биринчи жаҳон уруши давомида Усмонли турклари 1,5 миллионга яқин этник арманни ўлдиргани ёки сургун қилганини даъво қилиб келади. Арманистон ҳамда бошқа бир неча давлат ҳукуматлари ва парламентлари 1915 йилда содир бўлган воқеаларни батафсил ҳужжатлаштирилган арманлар қирғини – геноцид, деб атайди. Туркия эса бу атама нотўғри эканлигини айтиб, Биринчи жаҳон уруши даврида Усмонлилар империяси дуч келган муаммоларга урғу бериб, уларда «барча дин ва миллат вакиллари ҳалок бўлгани»ни таъкидлаб келади.

Туркия билан мураккаб муносабатлар туфайли Арманистон ер транспорти ёрдамида фақат икки давлат – Грузия ва Эрон орқали маҳсулотларни импорт ва экспорт қилади.

Бокуни Туркия билан боғлайдиган транзит йўналишлари Арманистонни четлаб ўтади. Масалан, Хитойнинг «Бир камар, бир йўл» (Belt and Road Initiative ) лойиҳаси ҳамда Транс-Анатолия табиий газ қувури Грузия орқали ўтади.

Бундан қарийб ўн йил олдин Минск гуруҳи таркибида Қорабоғ можаросига ечим топиш учун воситачилик қилган америкалик собиқ элчи Мэтью Брайзанинг айтишича, ноябрда имзоланган тинчлик битими Кавказ бўйлаб иқтисодий ўсишга замин яратишга қодир.

Айни дамда Истанбулда яшаётган Брайза Озодлик билан суҳбатда Озарбайжон Қорабоғ ва унинг атрофидаги ҳудудларни қайтиб олгани Ереван Туркия ва Озарбайжон билан савдо алоқаларини тиклаши учун йўл очиб бериши мумкинлигини айтди.

Atlantic Council таҳлил маркази учун ёзган мақоласида Брайза тинчлик шартномаси «дунёдаги энг узоқ давом этган можароларнинг бирини тугатибгина қолмай, минтақа бўйлаб тинчлик, фаровонлик ва барқарорликни тиклашга қодир бўлган бошқа дипломатик ва иқтисодий келишувларга йўл очиши мумкинлиги» ҳақида ёзди.

11 январь куни Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Москвада президент Владимир Путин билан учрашиб, Россия воситачилигида имзоланган келишувда ҳал қилинмаган масалаларни, шу жумладан, темир йўл, автомобиль йўллари ва коммуникация алоқаларини тиклаш масалаларини муҳокама қилдилар.

Улар эълон қилган лойиҳалардан бири Совет Иттифоқи даврида Ереванни Россияга боғлаб турган темир йўл линиясини тиклашни кўзлайди. Ушбу йўл қайта тикланса, Озарбайжон ва Туркия ўртасида тўғридан-тўғри поезд линияси ўрнатилади.

Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зарифнинг айтишича, Эрон Арманистон билан Нахичеван орқали ўтадиган темир йўл линиясини ётқизишни истайди.

Айни пайтда Арманистон, Озарбайжон ва Россия бош вазирлари ўринбосарлари Москвада учрашиб, минтақа инфратузилмасини яхшилаш масаласини муҳокама қилмоқдалар. Ўтган ҳафтада улар ушбу масалани яқиндан кўриб чиқиш учун ишчи гуруҳларни туздилар.

Халқаро молия институтларига кўра, урушдан кейин тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашнинг энг яхши усули бу – собиқ душманлар ўртасида иқтисодий алоқаларни ўрнатишдир.

Жаҳон банки мутахассисларининг айтишича, буни нафақат миллий ҳукуматларнинг сиёсати ёрдамида, балки зиддият юзага келган чегараларда икки томонлама савдо алоқалари ва маҳаллий жамоалар ўртасидаги ҳамкорликни яхшилаш орқали амалга ошириш керак.

XS
SM
MD
LG