Линклар

Шошилинч хабар
25 сентябр 2021, Тошкент вақти: 05:36

Муҳокамадаги Жиноят кодекси: “Ноқонуний бойиш”да айбланган амалдорлар жарима билан қутулади


Муҳокамаси келаси ҳафта бошида якунига етадиган янги Жиноят кодекси лойиҳасида “Ноқонуний бойиш” моддаси мавжуд.

Жорий Жиноят кодексида йўқ бўлган бу модда янги кодексга киритилса, унда назарда тутилган қилмишни содир этган давлат хизматчиларига базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача жарима солиниши мумкин.

Баъзи юристлар Ўзбекистон БМТнинг “Коррупцияга қарши” конвенциясига бундан 13 йил муқаддам қўшилганини эслаб, киритилаётган моддани ҳечдан кўра кеч амал” сифатида баҳоладилар.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг қўшниси Қирғизистонда бундай модда қабул қилинганига бир неча йил бўлди ва сўнгги кунлардаёқ бу модда камида икки кишига нисбатан қўлланилди.

Янгиланаётган Жиноят кодексида “Ноқонуний бойиш” моддаси келаси йил 1 январидан ишлай бошлаши мумкин. Чунки “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали” га 22 февралда жойлаштирилган янги Жиноят кодекси лойиҳаси қабул қилиниб, қонунга айлангач, 2022 йилнинг 1 январидан кучга киради.

Муҳокамага қўйилган лойиҳадаги “Ноқонуний бойиш” моддаси қисқа ва уни тўлиқ келтирамиз:

271-модда. Ноқонуний бойиш

Давлат хизматчисининг даромад ва мол-мулк декларациясида назарда тутилганидан ортиқ пул маблағлари ёки мол-мулкка ноқонуний эга бўлиши ёки шундай мулкни орттириши анча миқдорда содир этилган бўлса, –

базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача жарима ёки уч йилгача иш ҳақидан ушлаб қолиш билан жазоланади”.

Ҳуқуқшунос шарҳи

Ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Журъат Тожиев бу моддани қуйидагича шарҳлади:

“Кўриб турганингиздай, модда шу матндангина иборат. Демак, бу модда номигагина киритиляпти. Чунки ҳар томонлама ёндошилмаяпти. Жазо масаласида ҳам, қилмиш масаласида ҳам”.

Ўзбекистонлик юрист Журъат Тожиев
Ўзбекистонлик юрист Журъат Тожиев

Ҳуқуқшунос Озодлик билан суҳбатда эътиборни модда таркибидаги “анча миқдор” тушунчасига қаратишни тавсия қилди.

Журъат Тожиев қонунчиликда: “Кўп бўлмаган миқдор” (базавий хисоблаш миқдорининг 30-100 баравари), “Анча миқдор” (БҲМнинг 100-300 баравари), “Кўп миқдор” (БҲМнинг 300-500баравари), “Жуда кўп миқдор” – (БҲМнинг 500 ва ундан ортиқ баравар) тушунчалари мавжудлигини эслатиб, бундай деди:

“Таклиф қилинаётган янги моддада фақат “анча миқдор” ҳақида айтилган. Қолган 3 та миқдорга тўхталинмаган. Модданинг жазо қисми, яъни санкцияси хам жуда кулгули. Жиноят қонунчилигининг жазо тизимидаги энг енгил жазолар танлаб олинибди. Одатда бундай жазолар маъмурий ёки интизомий қилмишлар учун мақсадга мувофиқ”.

Конвенция талаби?

Ноқонуний бойиганлар учун ҳуқуқшунос Журъат Тожиев айтганидай “энг енгил жазолар танлаб олиниши” сабабини исми айтилмаслигини сўраган тошкентлик юрист бундай тахмин қилди.

“Ўзбекистон БМТнинг “Коррупцияга қарши” конвенциясига бундан 2008 йили қўшилган. Ўша конвенциянинг 20- моддаси ”Ноқонуний бойиш” деб аталади. Ўша моддада конвенцияга қўшилган ҳар бир давлат ўз амалдорларининг ноқонуний бойишига қарши курашишни назарда тутувчи қонунларни қабул қилади, бошқа чораларни кўради, дейилган. Бундай қонунни қабул қилиш вақти Ўзбекистонда мана энди келибдида…”

Туя гўшти еган декларациялаш

Янгиланаётган Жиноят кодексига киритилаётган ”Ноқонуний бойиш” моддаси мазмунидан бу модда: а) давлат хизматчисига тегишли эканлиги; б) ноқонуний бойиганини аниқлаш учун у даромад ва мол-мулк декларациясини топшириши лозимлиги тушунилади.

Президент Мирзиёев 2020 йилнинг 31 январида Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасида олимлар, илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари ва ишлаб чиқариш сектори вакиллари билан учрашувда коррупцияга қарши кураш бўйича тузиладиган янги орган ҳақида гапирган эди.

“Замон ўзгаряпти, ваҳшийликдан, ўғриликдан қутулиш керак. Амалдорлар даромадининг омилларини тушунтириб берса, ҳалоли бўлсин. Тийилиши керак, тийилмаяпти айрим ноинсофлар”, деганди Президент.

Давлат раҳбарининг бу гапигача, яъни 2019 йилнинг октябрида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Ўзбекистон Президентининг «Давлат хизматчилари айрим тоифаларининг мол-мулкини, даромадлари ва харажатларини декларациялаш ва зарур техник инфратузилмани босқичма-босқич жорий этиш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси жойлаштирилган эди.

Ҳужжатга кўра, 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистонда давлат хизматчилари айрим тоифаларининг, шунингдек уларнинг оила аъзоларининг (ота-оналари, турмуш ўртоғи ва фарзандлари, шу жумладан, фарзандликка олинган оила аъзолари) мол-мулки, даромадлари ва харажатлари ҳар йиллик декларациялаш йўли билан назоратга олиниши режалаштирилган эди.

Белгиланган муддатда бу иш амалга ошмади. 2020 йили давлат хизматчиларининг даромад ва мол-мулк декларацияси тўғрисида маҳаллий матбуотда жуда кўп гапирилди. Лекин декларациялаш жараёни бошлнгани тўғрисида ҳануз маълумот йўқ.

Қўшнилар тажрибаси

Ўзбекистон “Ноқонуний бойиш” моддасини Жиноят кодексига киритишни энди режалаштираётган бўлса, қўшни Қирғизистонда бу модда 2012 йилдан бери мавжуд. Маҳаллий кузатувчиларнинг айтишича, йиллар давомида “мудраб ётган” бу модда кейинги пайтларда жуда фаол қўлланмоқда.

Мана энг сўнги хабарлардан иккитаси:

1 март куни Қирғизистон парламенти – Жўғўрқу Кенеш депутати Алиярбек Абжалиев устидан судгача суриштирув ишлари бошланди.

3 март куни Қирғизистонда таниқли тадбиркор Жалил Атамбаев қўлга олиниб, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) тергов изоляторига киритилди.

Тилга олинган иккала қирғизистонлик ҳам Қирғиз Республикаси Жиноят кодексининг “Ноқонуний бойиш” моддасида (308-модда) назарда тутилган қилмишни содир этганликда гумон қилинмоқда.

Бу модда бўйича қўлга олинган, судланиб озодликдан маҳрум бўлган қирғизистонликлар, шу жумладан давлат амалдорлари ўнлабдир.

Қирғизистонда “Ноқонуний бойиш” моддаси бўйича айбдор деб топилганлар мол-мулки мусодара қилиниб, 3 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Қирғизистонлик суриштиргич журналист Идрис Исақов 3 март куни қўлга олинган Жалил Атамбаевнинг фаолияти юзасидан 2019 да тадқиқот ўтказиб, унга ва унинг яқинларига тегишли компаниялар 40 млн қирғиз сўми (тақрибан $500 000) миқдоридаги солиқни яширганини аниқлаганини эълон қилган эди. Бироқ ўз вақтида ҳуқуқ-тартибот органлари журналист фош қилган фактларга реакция билдирмаган, аксинча, Жалил Атамбаев журналистни судга бериб, кейин аризасини қайтариб олган эди.

Идрис Исақов
Идрис Исақов

- Тадқиқотингиз қаҳрамони ноқонуний бойишда гумон қилиниб, қўлга олинганини адолат қарор топгани, деб ҳисоблайсизми?

Озодликнинг бу саволига Идрис Исақов бундай жавоб берди:

“Жалил Атамбаевнинг ноқонуний бойишда айбланиб қўлга олинганини адолат тантанаси, деб ҳисобламайман. Чунки у ёлғиз ўзи бойигани йўқ, бойир экан, ўзининг бойишига йўл очиб берган амалдорларни ҳам бойитди, демак у бутун бошли коррупцион тизимнинг бир халқаси холос, иккинчидан, агар исталса, бу модда бўйича давлат амалдорларини бир чеккадан жавобгарликка тортавериш мумкинлигини айтмоқчиман. Чунки аслида, қонуний бойишнинг ўзи имконсиз. Қонунлар хом, бири иккинчига зид. Амалдорларнинг ойлиги оз, лекин улар орасида битта ҳам камбағал йўқ”.

Ўзбек ҳокимлари маоши

Ўзбекистон Молия вазирлиги 2020 йилнинг ноябрида эълон қилган маълумотларга қараганда, вилоят ҳокимлари бир ойда 2 236 354 сўм, шаҳар ҳокимлари 1 934 053 сўм маош олади.

Меҳнатни рағбатлантириш коэффициентини, иш шароитлари оғирлиги ва иш стажи учун қўшимчаларни ва моддий рағбатлантиришни қўшганда, ҳокимлар ойлигига яна бир окладнинг у ёқ-бу ёғида пул қўшилади.

Демак, вилоят ҳокими бир ойда $500 га, шаҳар ҳокимлари $400 га етиб-етмаган иш ҳақи олади.

XS
SM
MD
LG