Линклар

Шошилинч хабар
06 май 2021, Тошкент вақти: 09:36

АҚШ Конгресси комиссияси Беларусь ҳукуматини қамоқдаги блогерни озодликка чиқаришга чақирди


Игорь Лосик

АҚШ Конгресси Намоёндалар палатасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси Беларусь ҳукуматини қамоқдаги блогер, Озодлик радиосида янги медиа технологиялари бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлаган Игорь Лосик ва бошқа «сиёсий маҳбусларни» зудлик билан озод қилишга чақирди.

Комиссия ҳамраислари Жеймс Макговерн (демократ) ва Кристофер Смит (республикачи) 13 март куни эълон қилган баёнотда «Биз Беларусь ҳукумати Игорни сўнгги тўққиз ой давомида панжара ортида, ёш оиласидан йироқда ушлаб туриб, бугунга келиб унга қарши янги айбловларни қўйишга қарор қилганидан жуда хавотирдамиз», дейилади.

Комиссия билдируви эълон қилинишидан бир кун олдин АҚШнинг Глобал медиа агентлиги (USAGM) Лосикка қўйилган «ёлғон айбловларни» кескин қоралаган эди.

Хусусан, агентликнинг ижрочи директори вазифасини бажарувчи Келу Чао баёнот эълон қилиб, «Беларусь ҳукумати Игорга қўйилган барча айбловларни бекор қилиши ва уни дарҳол озод қилиши керак», деб ёзди.

Лосик 2020 йилнинг 25 июнида ҳибсга олинган. У ўзининг машҳур Telegram канали орқали ўша йилнинг 9 августига белгиланган президент сайлови олдидан «жамоат тартибини бузишга» ҳамда «оммавий тартибсизликларда иштирок этишга» чорлаганликда айбланмоқда.

Мунозарали сайлов ортидан мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бошланиб кетди ва ҳануз давом этмоқда. Авторитар президент Александр Лукашенко ҳукумати журналистлар ва инсон ҳуқуқлари фаолларига тазйиқни кучайтириб, минглаб намойишчини ҳибсга олди.

Лосикнинг рафиқаси Дарья 11 март куни адвокат сўларига таянган ҳолда эри терговчи ва ҳуқуқшунос олдида томирини кесиб ташлашга урингани ва унга қўйилган янги айбловлар ҳақида хабар топгач, қайтадан очлик эълон қилганини маълум қилди.

Дарья эрига қўйилган айблов мужмал эканини айтиб, Лукашенкодан эри нега тўққиз ойдан бери қамоқда ушлаб турилганини изоҳлаб беришни талаб қилди.

Лосик атиги икки ой олдин олти ҳафтага чўзилган очлик акциясини тўхтатган эди.

Озодлик радиоси президенти Жейми Флай янги айбловлар тўғрисида хабар топгандан сўнг,

«Озодлик радиосининг барча ходими бугун Игорга қўйилган янги айбловлар ва унинг соғлиғи ёмонлашиб бораётганидан қаттиқ қайғуга тушдик», - деди.

«Журналистика жиноят эмас ва Игорь ўта узоқ вақтдан бери ноҳақ ҳибсда ушлаб турилибди. Игорь ва унинг оиласи бундай азобланмаслиги керак», - дея қўшимча қилди Озодлик директори.

Лосик унга 2020 йилнинг декабрида қўйилган айбловлар бўйича айбдор деб топилса, саккиз йилга қамалиши мумкин.

Ҳуқуқ фаоллари томонидан сиёсий маҳбус деб топилган Лосик ушбу айбловларга жавобан очлик акциясини бошлаган эди.

Январь охирида Лосик қаламига мансуб мактуб ёйинланди.

«Аҳмоқ эмасман. Ўйлашимча, бу яна беш йилга чўзилади ва мен унгача вафот этаман. Бирор нима қилишга хоҳишим қолмади. Шунча иш қилинди, аммо ҳаммаси бекорга – ҳеч ким ҳеч кимга таъсир ўтказа олмади. Ростини айтсам, бирор нима ўзгаришига шубҳа қиламан», деб ёзди Лосик ўз мактубида.

Ғарб мамлакатлари Лукашенкони Беларуснинг легитим президенти ўлароқ тан олмай келади.

Лукашенконинг ўзи эса лавозимини бўшатишдан бош тортиб, мухолифат билан музокара ўтказмаслигини аймоқда.

XS
SM
MD
LG