Линклар

Шошилинч хабар
12 май 2021, Тошкент вақти: 20:06

"Лукашенко саройи". Беларусь раҳбарининг дабдабали ҳаёти ҳақида суриштирув эълон қилинди


Президент Александр Лукашенко - Минск, 26 февраль, 2021

Беларусь мухолифати Польшадан туриб юритаётган “Nexta” телеграм-канали Александр Лукашенконинг “дабдабали ҳаёти” ҳақидаги суриштирувни эълон қилди.

“Лукашенко. Тилладан тубанлик” деб номланган фильм “Youtube” платформасида 8 март куни эълон қилинган.

Суриштирувда Лукашенконинг шахсий харажатлари, махсус унинг учун қурилган виллалар, у учун сотиб олинган қимматбаҳо машиналар ҳамда унга берилган совғалар намойиш қилинган. Фильмда айтилишича, Лукашенко Беларусь ва хорижнинг қинғир ишбилармонларга “ҳимоя” таклиф қилиб келган. Хусусан, мана шундай “ҳимоя” эвазига россиялик олигарх Михаил Гуцериев Лукашенкога совға сифатида Минск атрофидаги Красносельское туманида ҳашаматли уй-жой мажмуасини қуриб берган.

Бошловчининг таъкидлашича, фильм бир қатор исми сир бўлиб қолишни истаган манбалар, жумладан, президент маъмуриятининг собиқ масъул ходими гувоҳлигига асосланган. “Nexta” ушбу гувоҳликларни далиллайдиган ҳужжатларга эга эканлигини айтган.

“Nexta” телеграм-канали асосчиси Степан Путило “Настояшчее время” нашрига 9 март куни билдиришича, ҳужжатлар уларни тақдим этган шахслар илтимосига биноан фильмда ошкор қилинмаган. Унинг айтишича, Лукашенконинг исми ҳеч бир ҳужжатда акс этмаган. Лекин Лукашенко тасарруфидаги, аммо унинг номида бўлмаган “Maybach” ва “Rolls-Royce” каби автомобилларнинг қийматининг ўзи 4 миллион евродан ошади.

Беларусни 1994 йилдан бериш бошқариб келаётган Лукашенконинг айтишича, унинг “ягона саройи” у туғилиб ўсган 60 квадрат метрлик хонадондир.

“Мен давлатимиздан ҳеч нарсани ўғирламаганман, ҳеч нарса олмаганман”, деган Лукашенко ўтган ҳафта фильм ҳақидаги хабарлар чиққандан сўнг.

Ҳокимиятда қолиш учун конституцияни бир неча марта ўзгартирган Александр Лукашенко “Европанинг сўнгги диктатори” унвонини қозонган.

Августда бўлиб ўтган сайловда Лукашенко олтинчи марта президентликка сайлангани расман эълон қилингач, мамлакатда ўн минглаб одам иштирок этган норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Уларда қатнашган минглаб намойишчилар ҳибсга олинган, юзлаб одамлар полиция зўравонлигига дучор бўлган. Кейинчалик мухолифат етакчилари қамалган ёки мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган.

Александр Лукашенкони қасамёдга келтириш маросими 2020 йилнинг 23 сентябрида ими-жимида ўтказилди. Беларуслик мухолифатчилар ҳам, Ғарб давлатлари ҳам Александр Лукашенкони Беларуснинг легитим президенти, деб тан олмаслигини билдирган. Европа Иттифоқи Беларусь расмийлари, жумладан, Лукашенкога қарши санкциялар жорий этган.

XS
SM
MD
LG