Линклар

Шошилинч хабар
08 май 2021, Тошкент вақти: 22:38

Ўзбекистонда коронавирус қайд этилганига бир йил тўлган кунда бу касалликка чалинганлар яна кўпайди


14 март куни аниқланган беморларнинг 93 нафари пойтахт Тошкентда яшайди.

Ўзбекистонда илк бор коронавирус инфекцияси аниқланганга бир йил тўладиган кун арафасида - 14 мартда коронавирусга чалинган 111 нафар бемор аниқланди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, бу билан Ўзбекистонда коронавирус юққанлар сони 80678 кишига етган.

Расмий маълумотларга таяниладиган бўлса, бу ўтган йилнинг декабридан бери қайд этилган бир кунлик энг юқори кўрсаткичдир. Сўнгги пайтларда кунига 30-70 киши коронавирусга чалинаётгани ҳақида хабар бериб келинаётганди.

14 март куни аниқланган беморларнинг 93 нафари пойтахт Тошкентда яшайди. Тошкент шаҳрида 9 март куни 11 бемор аниқланган эди. 10 март куни эса уларнинг сони кескин кўпайиб 71 кишини ташкил қилганди.

Расмий маълумотларга қараганда, 13 март куни Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги 117-сонли давлат мактабгача таълим муассасасида 2 нафар тарбияланувчи ва 2 нафар тарбиячида коронавирус инфекцияси аниқланган.

15 март куни эса ушбу мактабгача таълим муассасасининг иш фаолияти вақтинча тўхтатилди.

“Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонун 12-моддаси “ж” бандига асосан мактабгача таълим ташкилоти ходимлари ва тарбияланувчилари 14 кунлик тиббий назоратга ўтказилади", дейилган расмий хабарда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, коронавирусга чалинганлардан 79331 нафари тузалган ва соғайиш кўрсаткичи 99 фоизни ташкил қилмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 725 нафар бемордан 141 нафари оғир, 23 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Cўнгги кунларда Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморлар сони ортиб бораётгани сабабли “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ жамоат транспортларида бир қатор чекловлар жорий қилмоқда. Бу ҳақда Zamon.uz нашри “Тошшаҳартрансхизмат” масъулларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Жорий этилажак чекловлар доирасида бундан буён жамоат транспорти ҳайдовчиларининг тана ҳароратлари доимий назоратга олинади, дезинфекция ишлари янада кучайтирилади.

Шу билан бирга, эндиликда ниқобсиз йўловчилар ҳам жамоат транспортига чиқарилмайди.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси биринчи марта қайд этилганига 15 март куни бир йил тўлди. Бу вақт оралиғида мамлакатда COVID-19 га чалинганлар сони 80,5 минг нафардан ошган.

Ўзбекистонда илк бор коронавирус инфекцияси Францияда бўлиб қайтган ўзбекистонлик аёлда қайд этилганди. Кейинроқ унинг ўғли ва қизи, турмуш ўртоғи ва набирасида ҳам коронавирус аниқланган.

Мамлакатда коронавирусга чалиниш бўйича илк ҳолат қайд этилиши билан таълим муассасалари ёпилган, халқаро темир йўл ва ҳаво қатновлари чекланган, оммавий тадбирлар тақиқланган.

XS
SM
MD
LG