Линклар

Шошилинч хабар
09 май 2021, Тошкент вақти: 09:17

Қирғизистон президенти мамлакатда "тартиб" ўрнатмоқчи


Қирғизистон президенти Садир Жапаров Озодлик радиоси қирғиз хизмати саволларига жавоб берди. 2021, 15 март.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров янги конституция марказий ҳукумат ваколатларини кучайтириши орқали мамлакатда “тартиб” ўрнатилишига олиб келишини иддао қилди. Баъзи фаоллар кейинги ой умумхалқ овозига қўйиладиган конституция лойиҳасида президентга ҳокимиятнинг барча бутоқларни бошқариш ҳуқуқи берилгани авторитаризмга олиб келишидан ташвишланмоқда

Ўтган йил октябрида Қирғизистонда бўлиб ўтган парламент сайловлари ортидан халқ ғалаёни бошланиб кетган. Норозиликлардан кўп ўтмай президент Жээнбеков истеъфо берган. Бу билан мамлакатда 2005 йилдан бери ҳокимият норозиликлар тўлқини ортидан учинчи бор ағдарилишидир.

Озод Европа/Озодлик радиоси билан 15 март куни бўлиб ўтган суҳбатда Жапаров парламент бошқаруви тизимидан президент бошқаруви шаклига ўтиш вақти келганини айтди.

"Бу конституция мамлакатни тараққий этишига ёрдам берувчи конституция бўлишига ишонаман. Бу конституция қабул қилиниши натижасида мамлакатда тартиб ўрнатилади," деди Жапаров 11 апрель куни референдумда маъқулланиши кутилаётган конституция ҳақида.

Бир гуруҳ бошқа сиёсатчилар қаторида октябрдаги ғалаёнларда қамоқдан озод этилган Садир Жапаров ҳам президент, ҳам бош вазир вазифасини бажарувчи этиб тайинланган эди. Жапаров одам ўғирлашда айбдор деб топилиб, 10 йиллик жазо муддатини ўтаётган эди. Унинг ўзи бу айбловни рад этади.

Ноябрь бошларида Жапаров мавжуд сиёсий бошқарув тизими самара бермаганини айтиб, президент давлат ва ҳукумат бошлиғига айланадиган конституция лойиҳасини тақдим этган.

Январда президент сайловида у ғалабага эришган. Сайлов билан бирга ўтган референдумда қирғизистонликлар президент бошқаруви тизимини ҳам танлаган.

Янги конституцияда президент ваколатлари кенгайтирилади, иккичи муддатга сайланишга доир чеклов олиб ташланади. Шунингдек, президент ҳузурида Халқ Қурултойи деб номланувчи янги “маслаҳат берувчи ва мувофиқлаштирувчи” кенгаш тузилади. Конституциявий Кенгаш ҳам ташкил этилиб, парламент депутатларининг сони 120 нафардан 90 нафарга қисқаради.

Ўтган ҳафта қирғиз депутатлари конституциявий ўзгаришлар тўғрисидаги қонунни маъқуллаган ва янги конституция лойиҳаси бўйича референдум ўтказишни 11 апрель кунига белгилаган.

Жамоатчилик таклиф этилаётган ўзгартиришлардан мақсад президентга мутлақ ҳокимият беришдан иборат деб Жапаровнинг бу ташаббусини қораламоқда.

Human Rights Watch (HRW) ташкилоти конституциявий ўзгартиришлар инсон ҳуқуқларини таъминлашни заифлаштирилишига, ҳокимият бутоқлари ўртасидаги мувозанат бузилишига олиб келишини айтиб, лойиҳани бекор қилишга чақирмоқда.

“Конституция лойиҳаси Қирғизистон интилаётган инсон ҳуқуқларининг юқори талабларига мос эмас”, дейди 5 март куни ташкилотнинг тадқиқотчиси Сийнат Султаналиева.

Freedom House ташкилоти ҳам ўзининг навбатдаги ҳисоботида Қирғизистонни илк маротаба эркин бўлмаган давлатлар қаторига қўшди. Ҳисоботда айтилишича, таклиф этилаётган конституциявий ўзгартиришлар супер-президентлик тизимига қайтишга ва парламент мавқесини заифлаштиришга олиб келади. Ташкилот, шунингдек, Конституцияга киритилаётган мавҳум “умуминсоний қадриятлар” цензурага сабаб бўлиши мумкинлигидан хавотирда.

"Қирғизистон тўлиқ эркин бўлмаган давлатлардан эркин бўлмаган давлатлар қаторига қўшилишига ўтган йилнинг октябрида халқ исёни ортидан ҳукумат алмашгани билан боғлиқ воқеалар, ҳокимиятга миллатчи кайфиятидаги сиёсатчи келгани сабаб бўлган”, дейилади ташкилотнинг 2021 йилдаги ҳисоботида.

Лекин Озод Европа/Озодлик радиоси билан бўлиб ўтган суҳбатда Жапаровнинг ўзи бу хавотирлар асоссиз эканлигини билдирган. Унинг айтишича, Қирғизистон “демократик давлат бўлиб қолаверади”, журналистлар ва сиёсатчилар ҳам “аввалгидек” бошқа таъқиб қилинмайди.

“Биз бугунгача ҳеч кимга тазйиқ ўтказмадик. Бирор журналистга тегмадик, аввал бундай бўлмаган. Эсласангиз, журналист Сиргак Абдилдаев пичоқланиб кетган, яна бирини оёқ-қўлини боғлаб томдан ташлаб юборишган, одамлар қамалган. Ҳозир эса бундай нарса йўқ”, дейди Жапаров.

Лекин сиёсатчи Жениш Молдокматов Жапаровнинг бу иддаоларини тасдиқламайди. Унинг айтишича, Бишкекда бўлиб ўтиши режалаштирилган намойиш ташкилотчиларидан бири, Тилекмет Куренов 15 март куни ҳибсга олинган. Бу хабар ҳозирча расман тасдиқланмаган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан октябри ойида қўлга олинган “вор в законе” Қамчибек Кўлбаев терговдан озод этилиши ҳам савол туғдирмоқда. АҚШ Қамчибек Кўлбаевни дунёдаги энг йирик наркобаронлар рўйхатига киритган ва унинг тутилишига сабаб бўладиган маълумот учун 5 миллион доллар ваъда қилган.

Жапаров Қамчибек Колбаев “одам ўлдирмаганини”, Қирғизистон ўз фуқароларини бошқа давлатларга экстрадиция қилмаслигини айтган.

“Мен ТИВ орқали АҚШ элчихонасидан Кўлбаевга қарши ҳужжатларни тақдим этишни сўрадим. Улар қўлидаги фактларни, аниқ далилларни беришса, биз уни маҳкамага тортар эдик. Элчихона ходимлари ҳам қатнашиши мумкин бўларди суд жараёнида. Кўлбаев ноқонуний даромад олишда айбланган эди. У давлат ғазнасига бироз маблағ ўтказди. Қўйиб юборилганидан сўнг янада кўпроқ ўтказяпти. У ҳеч кимни ўлдирмаган”, деди Жапаров.

Жапаров, шунингдек, Қирғизистон ташқи қарзларини тўлаш борасида муайян муваффақиятларга эришганини айтган, Ўзбекистонга баҳсли ҳудудларни бериб юборганлиги ҳақидаги иддаоларни рад этган.

XS
SM
MD
LG