Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:39

Халқаро ташкилот Бокуни арман асирларни қийноққа солганларни жазолашга чақирди


Арманистон. 46 яшар Люсине Маргарян ўтган йилги Озарбайжон-Арманистон урушида бедарак йўқолган аскар ўғли Хайкнинг суратини ушлаб турибди. 2021, 7 март.
Арманистон. 46 яшар Люсине Маргарян ўтган йилги Озарбайжон-Арманистон урушида бедарак йўқолган аскар ўғли Хайкнинг суратини ушлаб турибди. 2021, 7 март.

Human Rights Watch (HRW) ташкилоти Озарбайжондан Тоғли Қорабоғда яқинда содир бўлган можаро давомида асир олинган арман аскарлари қийноққа тутилгани ҳақидаги иддаоларни зудлик билан ўрганиб чиқишга, қийноқ қўллаганларни жазолашга чақирди.

Озарбайжон қўшинлари “қўлга туширганда ёки турли ҳибсхоналарда қўриқлаётганда” арман аскариларини қийноққа солган ва бешафқат, таҳқирловчи муносабатда бўлган, дейди 19 март куни эълон қилинган баёнотида АҚШда жойлашган халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти.

Баёнотда Озарбайжондан можаро давомида асир олинган ҳарбийлар ва оддий фуқароларни зудлик билан озод қилиш ҳамда охирги марта Озарбайжон тутқунлигида кўринган шахслар ҳақида маълумот бериш сўралган.

“Ҳибсга олинган армани аскарларни қийноққа тутиш ва таҳқирлаш ниҳоятда ярамас иш ва уруш жиноятидир”, дейди ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Хью Уильямсон.

“Шунингдек, Озарбайжон охирги марта унинг тутқунлигида кўрилган армани аскарлари ҳақида маълумот бермаётгани одамни хавотирга солмоқда”, дейди Уильямсон.

HRW суҳбатлашган тўрт собиқ асир улар Озарбайжон ҳибсида “давомий ва такрорий” калтакларга дучор бўлганини айтган.

“Бирига ўткир сих тиқишган, иккинчисини электрошок билан қийнашган, яна бирини зажигалка билан ёндиришган. Улар абгор шароитда, илк кунлари деярли сувсиз, овқатсиз сақланган”, дейилади баёнотда.

HRW шунингдек ижтимоий тармоқларга қўйилган бир қатор видеоларда озарбайжонлик зобитлар уруш асирларига қўпол муносабатда бўлаётгани акс этганини айтмоқда.

Ташкилот мана шундай видеоларнинг 20 тасини, жумладан видеога тушиб қолган асирларнинг ўзи ёки оиласи билан суҳбатлашиш орқали ҳақиқийлигини тасдиқлаб олишга муваффақ бўлган.

Асирлар ҳамон қийноқларга тутилаётганидан хавотирда бўлаётган HRW ташкилоти Озарбайжон ҳукуматидан “тутқунларни халқаро инсон ҳуқуқлари ва ва гуманитар ҳуқуқ нормаларида кўзда тутилган ҳимоя билан, жумладан қийноқ ва таҳқирловчи муносабатдан ҳоли бўлишни таъминлашни” сўраган.

Арманистон ва Озарбайжон ўртасида ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битим ўтган йилнинг ноябрида имзоланганди. Битим шартларига кўра, Арманистон Тоғли Қорабоғнинг бир қисми ҳамда Озарбайжонга қараган етти туман устидан назоратни Боку тасарруфига топширган. Битимда уруш асирлари ва бошқа тутқунлар билан алмашиш ҳам кўзда тутилган.

Озарбайжон қўлида сақланаётган армани асирларнинг сони ҳамон номаълум.

Февраль охирларида Арманистон Озарбайжонда сақланаётган 240 нафар уруш асирлари ва оддий фуқаролар тақдирини ҳал қилиб беришда ёрдам сўраб Европа инсон ҳуқуқлари маҳкамасига мурожаат қилган эди. Арманистоннинг айтишича, шулардан 69 нафари қайтарилган. Озарбайжон ўз навбатида барча уруш асирларини Арманистонга қайтарганини, фақатгина 60 нафар инсон терроризм айбловлари билан ҳамон тергов қилинаётганини айтган.

HRW на Баку, на Ереван иддаоларини тасдиқлай олганини билдирган.

Тоғли Қорабоғ жаҳон ҳамжамияти томонидан Озарбайжон ҳудуди сифатида тан олинган. Аммо 1990 йиллардаги уруш ортидан ҳудудни ва унинг атрофидаги ерларни этник арман кучлари назорат қилиб келаётган эди.

XS
SM
MD
LG