Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:20

Бахтиёрлик рейтингида Ўзбекистон 1 йилда 7 поғонага пастлади


БМТнинг Барқарор тараққиёт ечимларини излаш тармоғи (UN Sustainable Development Solutions Network) Колумбия университети АҚШтадқиқотчилари ҳар йили тайёрлайдиган The World Happiness Report ҳисоботининг сўнггисида Ўзбекистон 45-ўринни эгаллаб, ўтган йилги кўрсаткичдан 7 поғона пастлади.

2020 йил мартида эълон қилинган рейтингда Ўзбекистон 153 та мамлакат орасида 38-ўринни эгаллаган эди.

2021 йилги Бахтиёрлик индексида асосий эътибор COVID-19 пандемияси асоратлари ҳамда дунё мамлакатлари аҳолисининг аҳволига қаратилгани айтилган ҳисоботда.

Тадқиқот муаллифлари ўз олдига COVID-19 одамлар ҳаётининг мазмуни ва сифатига қандай таъсир қилганини, дунё мамлакатлари ҳукуматларининг пандемияга қарши курашини баҳолашни мақсад қилиб қўйган. Ҳисобот муаллифлари нега бир давлат бу йўлда муваффақиятга эришгану бошқаси йўқотишларни бошдан кечирганини тушунтиришга уринган.

"Бахтиёрлик индекси" дунёдаги 150 атрофидаги мамлакатнинг ҳар бирида мингга яқин одам орасида бевосита сўров ўтказиш ва маҳаллий ташкилотлар ўтказган сўров натижалари асосида тузилади.

Сўнгги ҳисоботда 149 мамлакат қамраб олинган.

Ҳисобот муаллифлари ўз хулосаларини аҳолининг даромади, фаровонлик кўрсаткичлари, мамлакат ички ялпи маҳсулотининг жон бошига улуши, ижтимоий ҳимояланганлиги, ҳаёт даражаси, тиббиёт ривожи, аҳолининг ҳаётдан қанчалик қониқиши каби омилларга таяниб чиқаради.

Бу йилги рейтингда Қозоғистон 46-поғонани, Қирғизистон 72- ўринни, Тожикистон 86 -, Туркманистон 105- ўринни эгаллаган. Россия 78- ўринда.

Энг бахтиёр давлатлар ўнлигидан Финляндия, Дания, Швейцария,Исландия, Нидерлания, Норвегия, Швеция, Люксембург, Янги Зеландия ва Австрия жой олди.

The World Happiness Report ҳисоботи 2012 йилдан бери эълон қилиниб келинади.

АҚШнинг Пердью университети ўтказган бошқа бир тадқиқотда Ўзбекистон аҳолиси йилига 21 960 доллар даромад топса ўзини бахтли деб ҳис қилиши мумкинлиги айтилган.

XS
SM
MD
LG