Линклар

Шошилинч хабар
08 май 2021, Тошкент вақти: 22:30

Термиздаги қадимий мақбарани шикастлаган ширкат назоратга олинди


Давлат муҳофазасига олинган археологик ҳудудда қурилиш борилмоқда (коллаж)

Сурхондарë вилоятида маданий обида ўлароқ давлат тарафидан қўриқланадиган Варроқ Термизий мақбараси жойлашган археологик ëдгорлик зонасида тупроқ қазган «Complex Technical Services» МЧЖ устидан жорий хафтада вилоят прокуратураси суриштирув бошлади.

Тупроқ қазиш оқибатида давлат томонидан қадимий обидалар рўйхатига киритилган Варроқ Термизий мақбарасига жиддий шикаст етганини Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти аниқлаган.

Департамент вакилининг Озодликка айтишича, жорий йилнинг 19 март куни «Complex Technical Services» ширкатининг қонунсиз ҳатти-ҳаракатларига қарши барча ҳужжатлар вилоят прокуратурасига тақдим қилинган.​

Сурхондарë вилоят прокуратурасининг Озодлик суҳбатлашган вакили обидага зарар етказилганига оид тақдим этилган ҳужжатлар юзасидан терговгача суриштирув бошланганини айтди.

Мулозимга кўра¸ тақдим қилинган ҳужжатлар ўз тасдиғини топса, ширкат Жиноят кодексининг 204- моддасини (Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг режимини бузиш) бузишда айбланиши мумкин.

«Complex Technical Services» МЧЖ ширкати ходими Озодлик билан суҳбатда тупроқ қазиш ишлари мақбаранинг ëнида эмас, балки 100 метрлик ҳимоя худудида олиб борилганлигини айтиб “ўзини оқлади”. Ширкат вакили ҳокимият қарорига асосан Термиз тумани «Янгиобод» МФЙ ҳудудидан 10 гектар ер олганини айтди.

Маданий мерос департаменти вакилига кўра, 25 март кунги ҳолатда "Эски Термиз" ҳудудидаги қурилиш ишлари тўхтаган.

Мақбара нега бузилди?

Озодликда давлат тарафидан қўриқланадиган Варроқ Термизий мақбараси жойлашган археологик ëдгорлик зонасида қурилиш ширкатининг тупроқ қазиш ишларини олиб боратгани акс этган суратлар бор.

Эски Термиз археологик ҳудуддаги самосваллар
Эски Термиз археологик ҳудуддаги самосваллар

Суратлар жорий ой бошида олинган. Суратлардан бирида экскаватор қазган тупроқ ичидан чиққан тарихий артефактлар ҳам ўрин олган.

Эски Термиздаги обида қолдиқлари
Эски Термиздаги обида қолдиқлари

Совет даврида ҳам, мустақиллик даврида ҳам давлат тарафидан ҳимоя қилиб келинган худудга экскаватор солишга ким изн берди? Қурувчига бу журъатни ким берди?

Ўзбекистондаги қадимий обидалар бўйича мутахассис, меъмор Абдумалик Турдиевнинг Озодликка билдиришича¸ 2019 йили баҳорида Ўзбекистон президенти Сурхондарëга борганида хизмат кўрсатиш соҳасидаги ширкатларга “бунëдкорлик” учун барча имконият яратишни буюрган:

“Президент қўйган талаб асосида «Complex Technical Services» МЧЖ ширкатига машина ремонт қиладиган цех¸ газ заправка ва савдо маркази қуриш учун 10 гектар ер ажратилди. Бу ажратилган ер «Эски Термиз» археологик ҳудудига тегиб турибди. Археологик ҳудуднинг ëнида яна ҳимоя ҳалқаси бўлади. Бу ширкат вакиллари шу химоя ҳудудига ўтиб тупроқ қазишган. Ҳеч ким текширмаганидан кейин давлат муҳофазасидаги худудга ўтиб тупроқ қазишган. 3 гектарга яқин майдонда 4 метр чуқурликда кавланиб эски меъморий обида ўрни ва қабристон бутунлай йўқ қилиб ташланди. Шахсан мен ўзим бориб уларни огоҳлантирдим. Биров қулоқ солмади. Бу ҳудуднинг қонуний эгаси бўлган Термиз музей қўриқхонаси ходимлари эса мақбарага шикаст етгандан кейингина ҳаракат бошлашди”.

Маданий мерос ташкилотининг исми айтилишини истамаган ходими бу айбловни қисман тан олди:

“Маданий мерос ташкилотида санкция қўйиш ваколати йўқ. Масалан, пожарний бориб уйни муҳрлаши мумкин. Санэпидстанция ҳам дўконлар фаолиятини тўхтатиши мумкин. Лекин бизда бундай ваколат йўқ. Биз “мақбарани бузманг илтимос “ дея тавсия беришимиз мумкин. Бунинг ëнига оз ойлик олишимиз ва бошқа ташкилий маслаларда моддий заиф эканлигимизни қўшсангиз манзара тугал бўлади".

Суҳбатдошга кўра¸ тупроқ қазилиши оқибатида обидалар вайрон бўлган «Эски Термиз» археологик ҳудудига “Қоратепа”¸”Фаëзтепа” каби Ўзбекистон тарихида муҳим бўлган обидалар киради.

Эски Термиздаги қазиб ташланган ер
Эски Термиздаги қазиб ташланган ер

“Бу ҳудуд Вазирлар Маҳкамаси қарори билан давлат муҳофазасига олинган. Археологик ҳудуд Термиз давлат музей-қўриқхонасига оид. Худудда қурилиш қилиш қатъиян ман этилган.

Янги қурилишлар боис қадимий обидаларга зарар етмоқда
Янги қурилишлар боис қадимий обидаларга зарар етмоқда

Меъмор Турдиевга кўра¸ қурилиш ширкати тупроқ қазган худудда Япония, Франция, Германиянинг машҳур археологлари тизимли иш олиб борган:

“Арехеологлар бу ҳудудда милоддан аввалги V асрда шаклланган шаҳарнинг бизгача етиб келган қолдиқларини топишди. Эрамиздан аввалги VI асрда Термизга келган Аҳамонийлар сулоласи бу шаҳарни “Қадимги шаҳар” деб атаган. Цивилизациялар чорраҳасида жойлашган бу шаҳар асрлар давомида кўп маротаба вайронага айлантирилган ва яна қайта тикланган. Замонавий Термиз шаҳри ХIХ асрнинг сўнгги йилларида Паттакесар қишлоғи ўрнида ташкил топган. Тарихий обидалар асосан шаҳар атрофидаги ҳудудда жойлашган. Шу сабаб ҳам “Эски Термиз” номини олган.”

Термизда шу кунларда бузилган мақбарага оид 1890 йилги маълумот
Термизда шу кунларда бузилган мақбарага оид 1890 йилги маълумот

Меъмор Турдиев қурилиш ширкати қазуви оқибатида шикаст етган мақбаранинг тарихий жиҳатларини ҳам тушунтириб берди:

“IX-X асрларда яшаб, фаолият кўрсатган улуғ аллома Абу Бакр Варроқ Термизий қабри ҳам ушбу археология ёдгорлиги ҳудудида жойлашган. Мақбара 1890 йили илк бора археологлар назарига тушган. Ўша даврдаги археологлар гуруҳида бўлган рассом Литвинов бу мақбара суратини чизган. Бу суратда цлиндрсимон минора ҳам кўзга ташланаи. Аммо минора бизнинг кунларгача етиб келмаган. Ўша қурилиш ширкати ходими менга савол беряпти нимаси муҳим бу вайронани деб. Бу ҳудуд мамлакат тарихининг ер остидаги ўзига хос кутубхонасидир. Қурилиш бўлаëтган жойдаги Фаёзтепа ёдгорлигини олсак. 1968 йилнинг баҳорида Асадбек Бекноев деган чўпон шу ердан ўтиб кетаётиб, оқ тош ҳайкални кўриб қолиб ва уни Термиз ўлкашунослик музейига олиб келган. Бу ҳайкал археологлар учун бир ип учи вазифасини бажарди. Кейинчалик Ўрта Осиёда ягона бўлган бу тарихий обида тўлиқ қазиб олинди, илмий ўрганилди. Фаёзтепадан топилган ёзувлар, тангалар, ҳайкаллар мамлакатимзнинг буддовий ўтмишидан ҳикоя қилади".

Душанба музейида сақланаëтган 14 метрлик будда ҳайкали
Душанба музейида сақланаëтган 14 метрлик будда ҳайкали

Янги Ўзбекистон “бунëдкорлиги”дан обидалар зарар кўрмоқда

Турдиевга кўра¸ Ўзбекистон ҳудудида жойлашган ва умумбашар маданиятининг бир қисми бўлган қадимий обидаларнинг сақланиши кейинги пайтда ëмонлашган.

2020 йилнинг 14 декабрь куни Ўзбекистон Маданият вазирлиги Маданий мерос департаменти ЮНEСКО ҳимоясидаги тарихий обида - Хива Ичан-Қалъа музей-қўриқхонасидаги Тош ҳовли саройининг қадимий девори бузилиши юзасидан жиноят иши очилганини маълум қилган эди.

Озодлик суҳбатлашган экспертлар деворнинг қонунга хилоф равишда олиб борилган таъмирлаш-тиклаш ишлари оқибатида бузилганини айтишган.

2020 йилнинг 5 ноябрь куни Озодлик Қашқадарëнинг Яккабоғ туманидаги дунë археологлари тарафидан мунтазам ўрганиб келинган еттита қадимий тепалик йўқ бўлиб кетиш арафасида эканини ҳақида ёзган эди. Озодлик суриштируви асносида маҳаллий аҳоли тепаликларга уй қуриб олгани, тадбиркорлар эса тепалик тупроқларини экскаваторлар билан қазиб олиб, ғишт қуйиб сотаётгани маълум бўлган.

Ўзбекистон Фанлар Академияси Археология институти Яккабоғ экспедицияси томонидан ўрганилиб, мамлакат тарихига оид ноëб ëдгорлик сифатида қайд қилинган Оқтоштепа¸ Сандалтепа¸ Хабартепа¸ Довзатепа ва Киндиктепа ëдгорликлари ғишт заводи учун хомашë сифатида вайрон қилинган.

XS
SM
MD
LG