Линклар

Шошилинч хабар
04 август 2021, Тошкент вақти: 10:51

Қорабоғ можаросида қатнашганлар ветеран мақомини беришларини талаб қилмоқда


Ғарбий Қозоғистон вилоятида истиқомат қилувчи ўнлаб одамлар 1980-йиллар охири – 1990-йиллар бошида Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги миллатлараро зиддиятни бартараф этишда иштирок этганини, аммо буни исботлай олмасликларини айтмоқда. Айни вазият, уларнинг иддаосича, фақат шу минтақада юзага келган.

“Озодлик” радиоси қозоқ хизмати можаро бўлган даврда Тоғли Қорабоғда хизмат қилиб асирга тушган ва 19 ёшида ногирон бўлиб қолган Бовуржон Доскалиевнинг кечмишларини ёзиб олди.

Бовуржон Доскалиев августда 49 ёшга тўлади. У қарийб 30 йилдан буён ногирон. Ногиронлиги 1992 йилда, асирликдан озод қилинганидан сўнг тан олинган. Асирга эса 19 яшар ўспирин Тоғли Қорабоғнинг икки шаҳри орасидаги блокпостда хизмат бурчини ўтаётган чоғида тушган эди.

“Армияга 1990 йил ноябрь ойида чақирилганман. Дастлаб Пятигорск шаҳрига юборишди, у ерда ёш жангчилар курсида ўқидик. Сўнг ҳарбий тайёргарликдан ўтиш учун Ростов-Дон шаҳрига йўллашди. 1991 йилнинг августида вертолётда Тоғли Қорабоққа, Степанакерт шаҳрига жўнатишди”, деб ؅ҳикоя қилади у.

Минтақада комендантлик соати жорий қилинган, жангчилар тун-кун тўлиқ аслаҳаланган ҳолатда – зирҳли нимча, каска кийиб, қурол ва ўқ-дори олиб юришарди.

“Биз Арманистон ёки Озарбайжон тарафини олмаганмиз, балки тинчликпарварлик вазифасини бажардик, тинч аҳолини муҳофаза қилдик”, дейди Доскалиев.

Бовуржон Доскалиев
Бовуржон Доскалиев

Тинчликпарвар кучлар, унинг айтишича, блокпостларда хизмат қилиб, қурол-яроғни мусодара қилиш мақсадида рейдлар ўтказиш, комендантлик соатига риоя этилишини назорат қилиш, колонналарни, жумладан, Қизил хоч ташкилотига тегишли машиналарни кузатиб қўйишга масъул бўлган.

“1991 йил ноябрида, блокпостда хизматини ўтаётган чоғимизда ҳужум қилишди. Бир нафар зобит ва олти аскар эдик. Кечаси, навбатчилик алмашаётган пайтда ҳужум қилишди. Атиги икки киши омон қолдик: мен ва саратовлик хизматдошим Александр Недоплёкин. Икковимизни асирга олиб, тоққа олиб чиқиб кетишди ва қийноққа солишди. Товонларимизни кесиб, туз сепишди, қочиб кетмасин деб бошимизга қоп кийдиришди.”

У юришга жуда қийналади. Бовуржоннинг оёғи “пўла қилинганини” Тоғли Қорабоғ жанжалини бартараф этишдаги иштирокини тан олдириш ҳаракатида юрган бошқа ҳарбийлар ҳам тасдиқлайди.

Доскалиевга кўра, у асирликда бир ҳафта бўлиб, сувсиз-овқатсиз қолдирилган, муттасил калтакланган. Шундан сўнг асирлар сақланаётган жой ишғол қилинади, Доскалиевни озод қиладилар, аммо ўртоғи “дайди ўқ тегиб, ўлади”.

Бовуржонни госпиталга жўнатишади, у ердан Олмаотага юборадилар. Олган жароҳатлари туфайли касалхонада даволаниб чиққач, ҳарбий комиссия уни хизматга яроқсиз ҳисоблаб, уйига қайтариб юборади. Ватанида, Уральск яқинидаги туманда медиклар уни ногиронлар рўйхатига тиркаб қўяди.

“Доимий ҳолсизлик, бош айланиши, кечалари алаҳлаб чиқишлар, уйқусизлик – булар бари асирликда қийноққа солинганим асоратларидир. Яқиндагина бўлган воқеалар ҳам хотирамдан кўтариладиган бўлиб қолди, тезда эсимдан чиқиб кетади. Боз устига, оёғим сурункасига оғрийди, узоқ тик тура олмайман, кўп юра олмайман”, давом этади Доскалиев асирлик асоратлари ҳақида гапирар экан.

“ГЎЁ МЕН У ЕРДА БЎЛМАГАНДЕК”

Ҳозирда Бовуржон Доскалиев ногиронлиги важидан 69 минг танга (161 доллар) нафақа олади. Икки йил бурун, ногиронлиги бор фуқаро сифатида, у 16 йил кутган икки хонали квартирага эга бўлди. Эндиликда эса, вилоятда яшовчи бошқа ўнлаб кишилар каби “ҳарбий ҳаракатлар ветерани” мақомини беришларини талаб қилмоқда.

Бовуржон Доскалиев
Бовуржон Доскалиев

“Йигирма йил югурдик, турли жойларга сўровлар йўлладик, хатлар ёздик, маълумотномалар тўпладик. Лекин гўё мен у ерда хизмат қилмагандек тутишяпти ўзларини”, дейди Доскалиев, ўтган йиллар мобайнида тўпланган бир даста қоғозга ишора қилиб.

Президентнинг Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги зиддиятни бартараф этишда иштирок этганларга “жанговар ҳаракатлар қатнашчиси” мақомини бериш тўғрисидаги фармони ўтган йилнинг майида имзоланган эди. Бугунги кунда Ғарбий Қозоғистон вилоятида яшовчи 40 га яқин киши ўзларининг ҳамон ветеран сифатида тан олинмаганини айтишмоқда.

Уларнинг таъкидлашича, бунақа вазият фақат шу вилоятда кузатилмоқда: бошқа минтақаларда можарони бартараф этишда иштирок этганларга зарур ҳужжатлар ва тегишли имтиёзлар аллақачон берилган.

“Бизнинг вилоятлик айрим йигитлар бу ерда рўйхатдан чиқиб, Мангистов, Актўба вилоятларига кўчиб ўтишганди. Уларни ҳеч қандай муаммосиз тан олишди”, дейди Қорабоғ воқеаларининг яна бир иштирокчиси Марлен Имангалиев.

Ўз муаммоларини билдириш ва ҳукуматдан қонуний ҳақлари – “жанговар ҳаракатлар қатнашчиси” мақомини талаб қилиш учун улар вилоят ҳарбий комиссариатига боришибди. 40 дан ортиқ киши: медаллари ва ҳужжатлари билан, байроқлар кўтариб, кўпчилиги ҳарбий уст-бошда 7 июнь куни вилоятнинг бош ҳарбий комиссари билан учрашгани келишганида уларни ҳеч ким қабул қилмаган. Сўнг вилоят ҳокимиятига боришибди, улар билан ҳоким ўринбосари Бокитжон Наримбетов суҳбатлашибди.

“Биз бу қоғозбозлик битишини хоҳлаймиз. Мен икки ой Озарбайжонда, ҳарбий ҳаракатлар ҳудудида бўлдим. Барча ҳужжатларим бор, у ерда тушган фотосуратларим ҳам, аммо бизнинг ҳарбий комиссар учун булар далилга ўтмаяпти. Бир йил, бир ою бир кундан бери қатнаймиз, талаб қиламиз, лекин бизни копток қилиб бир-бирларига оширишяпти”, ёзғиради Тоғли Қорабоғ воқеаларининг бошқа иштирокчиси Қалиш Габдуалиев.

Унинг сўзларига кўра, ўша пайтлар аскарларга берилган маълумотнома турли вақтларда, турли шаҳарларда ёзилган бўлиб, айримларида хизмат Тоғли Қорабоғда ўталгани қайд этилмаган. Мақом олишда келиб чиққан муаммоларни у аввало мана шу чалкашлик билан изоҳлайди.

“Ҳужжатига “Тоғли Қорабоғ” деб ёзилган ва улар хизмат қилган бошқа аҳоли манзиллари кўрсатилган бир неча киши бор. Уларга ҳам аллақачон мақом беришган”, дейди Қалиш Габдуалиев.

Бакитжон Наримбетов иш тафсилотларини аниқлаштириш учун улардан 15 кун муҳлат сўрабди. Шу муддат ичида масалага ойдинлик киритишни ваъда берибди.

“Қонунбузарлик содир бўлганидан хабар топсак, хизмат текшируви тайинланади ва айбдорлар интизомий жазога тортилади”, деган Наримбетов.

Икки кундан сўнг вилоят ҳокимияти матбуот хизмати “Озодлик”ка муаммони ҳал қилиш мақсадида ишчи гуруҳ тузилганини маълум қилди. Гуруҳ таркибига Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатлар ветеранлари жамоат тузилмаси вакиллари ҳамда ҳоким ўринбосари Наримбетов киритилган.

Бирлашма манфаатларини тамсил қилувчи юрист ва ҳуқуқбон Мақсат Айсаутов муаммога ечим топишда ёрдам сўраб президент номига мактуб ёзгани, Уральскдаги норозилик чиқишининг барча иштирокчилари унга имзо чеккани ҳақида “Озодлик”ка сўзлаб берди. Бундан ташқари, у судга ҳам даъво аризаси киритган. Жараён, унинг фикрича, ҳали бошлангани йўқ.

Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатлар ветеранлари жамоат тузилмаси раиси Марат Тукпаевнинг ҳисоблашича, 1980–1990 йилларда Тоғли Қорабоғдаги можаро ҳудудига Ғарбий Қозоғистондан 70 дан ортиқ киши хизматга жўнатилган.

Низони бартараф этишда қанча қозоғистонлик иштирок этгани номаълум, дейди Тукпаев: унга кўра, саноқ энди бошланган, чунки президент фармони чиққунича бу масала билан ҳеч ким шуғулланмаган.

Тукпаевнинг хомчўт қилишича, Қозоғистондан тахминан 1000 нафар аскар жўнатилган. Шундан 35 нафари ҳалок бўлган.

Тоғли Қорабоғ минтақасида арман ва озарбайжонлар ўртасидаги низо кўпйиллик тарихга эга. У 1980-йилларда кучайиб, 1990-йиллар бошида Қорабоғ ва унга туташ ҳудудлар устидан назорат ўрнатиш учун Озарбойжон ва Арманистон ўртасида кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар бошланишига олиб келган.

Кейинроқ можаро “музлатилган” бўлса-да, вақти-вақти билан оловланиб турди. Сўнгги кескинлик ўтган йили юз берган: сентябрь – ноябрда низо яна икки мамлакатнинг ҳарбий тўқнашувлари тусини олди.

Бовуржон Доскалиев қўлидаги ҳужжатларда Тоғли Қорабоғ ҳам, у ҳарбий хизматни ўтаган бошқа аҳоли масканлари ҳам қайд қилинган. Бироқ ўтган йили чиққан президент фармони фақат 1986 йилдан 1990 йилгача даврни қамраб олади. Доскалиев эса можаро ҳудудига 1991 йилда борган. Ўша кезлар, айтишича, у минтақада хизмат қилаётган ягона қозоғистонлик бўлган.

XS
SM
MD
LG