Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 01:12

Эрон телевидениеси ва рақиб номзодлар президентлик сайловида Раисий ғолиб чиққанини айтмоқда


Эрон давлат телевидениеси ҳамда президентликка номзодлар ультраконсерватив Иброҳим Раисий сайловда ғалаба қозониш арафасида экани ҳақда хабар қилди.

Мамлакатда бўлиб ўтган сайловда сайловчилар иштироки суст бўлган.

Сайлов қоғозларини санаш ҳануз давом этмоқда. Сайловда тўрт номзод беллашди. Муросасиз руҳоний ва суд тизими раҳбари Раисий сайловда
ғолиб чиқиши олдиндан башорат қилинган эди.

Сайлов комиссияси расмийлари ҳамда давлат оммавий ахборот воситалари 19 июнь куни эрталабга қадар 28,6 миллион сайлов бюллетенидан 17,8 миллионтаси санаб бўлингани, Раисий 62 фоиз овоз билан олдинда бораётганини билдирди.

Сайлов бюроси раҳбари Жамол Орфнинг сўзларига кўра, Раисий иккинчи ўринда бораётган яна бир муросасиз номзод Муҳсин Ризоийдан 14 миллион кўпроқ овоз олган.

Расмийлар нечта сайловчи овоз берганига аниқлик киритмади. Уларнинг айтишича, бюллетенларнинг аксарияти ҳисоблаб чиқилган.

Якуний натижалар эълон қилиниши учун бир неча кун вақт керак бўлиши мумкин.

Шундай бўлса-да, сайлов натижаси олдиндан маълум, чунки Ҳимоячилар кенгаши кўпчилик қўллаган мўътадил номзодлар сайловда қатнашишига тўсқинлик қилди. Кенгаш ўз номзодлигини кўрсатишни истаган юзлаб одамни дисквалификация қилиб, фақат етти нафар номзодни қолдирди.

Кузатувчилар сайловчилар нақадар фаол овоз берганини яқиндан кузатмоқда. АҚШ санкциялари, самарасиз бошқарув ҳамда коронавирус пандемияси туфайли иқтисод таназзулга юз тутганидан ғазабланган эронликларнинг кўпчилиги сайловга бефарқлик билан қарамоқда.

Раисийнинг асосий рақиби ва сайловдаги ягона мўътадил қарашларга эга номзод Абдулносир Ҳимматийдир 19 июнь куни эрталаб Twitterда мағлуб бўлганини тан олиб, Ҳимматийни табриклади.

«Эрон Ислом Республикаси президенти этиб Раисий сайлангани билан табриклайман», деб ёзди Ҳимматий.

«Умид қиламанки, 13-ҳукумат Эрон Ислом Республикасига шон-шараф келтиради, буюк Эрон ҳалқи фаровонлиги ва тирикчилигини яхшилайди».

Сайлоа олдидан кўплаб потенциал номзодни олий раҳбар оятуллоҳ Али Хоманаий назорат қиладиган Ҳимоячилар кенгаши сайловдан четлатди.

Гувоҳларнинг айтишича, сайлов куни кўплаб сайлов участкасида одам оз бўлган. Давлат телевидениеси эса бир нечта шаҳардаги сайлов участкалари олдида узун навбатлар пайдо бўлганини хабар қилди.

Амалдаги президент Ҳасан Руҳоний сайлов иккинчи босқича қолдирилмаслигига ишонишини айтди.

Руҳоний ўз лавозимини кетма-кет икки муддат эгаллагани учун сайловда номзодини кўрсата олмади.

«Мен халқимизни ушбу танлов билан табриклайман», - деди Руҳоний Раисий исмини ёзмасдан.

«Расмий табрикларим кейинроқ бўлади, аммо биз сайловда ким етарли овоз олгани ва ким халқ томонидан сайланганини биламиз», - дея қўшимча қилди у.
Яна икки номзод – Ислом инқилоби гвардияси корпусининг собиқ қўмондони Муҳсин Ризоий ва парламент спикерининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган Амир Ҳусайн Ғазизода Ҳошимий ҳам Раисийни табриклади.

60 ёшга тўлган Раисий 1988 йилда минглаб сиёсий маҳбус ўлим жазосига маҳкум этилган ва қатл этилган суд жараёнларини назорат қилган судьяларнинг биридир.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар Раисий инсониятга қарши жиноятларда айбдор эканини айтиб келади.

АҚШ эса унга қарши санкция жорий қилган.

Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, Раисий ғалабаси ортидан ҳокимиятга Ғарбга қарши муросасиз сиёсатчилар келишини кутиш мумкин.

Жорий президент Руҳоний прагматист бўлиб, унинг раҳбарлигида 2015 йилда Эрон ядровий дастури бўйича дунёнинг қудратли мамлакатлари билан келишув имзоланган эди.

АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп 2018 йилда келишувдан чиқиб, Эронга қарши санкцияларни қайта жорий қилди. Президент Жо Байден агар Эрон ўз мажбуриятларини тўлиқ бажарса, шартномага Вашингтонни қайтаришга ҳозир эканини айтган.

Жорий йилнинг апрель ойида келишувни қайта тиклаш бўйича музокаралар бошланди. Аммо Хуманаий келишувни имзолаган беш мамлакатдан қуруқ гап эмас, тайин чора кутаётганини айтган.

Теҳрон АҚШ келишувдан чиққанидан кейин, келишув шартларини бузиб, бойитилган уран захираларини кўпайтирди ҳамда уранни кўпроқ бойита бошлади.

АҚШ санкциялари ва самарасиз бошқарув туфайли Эронда инфляция қарийб 40 фоизга етган ва расмий ишсизлик даражаси 11 фоизга кўтарилган.
Сайловда Эрон тарихида энг оз сайловчи овоз бергани эҳтимол. Бу эса ғолиб легитимлиги бўйича янада кўпроқ савол туғдиради.

Раисийнинг яна икки рақиби – собиқ ядровий музокарачи Саид Жалилий ва қонунчи Алиризо Заканий 16 июнь куни пойгадан чиқиб кетди. Иккаласи ҳам ўз тарафдорларини Раисийга овоз
беришга ундади.

Ҳимматий президентликка номзодини кўрсатиш учун ишдан бўшатилишидан олдин Эрон марказий банки раҳбари бўлиб ишлаган.

64 ёшли Ҳимматий сайловдан олдинги кунларда давлат чекловларини танқид қилди ва ислоҳотчи эронликларга мурожаат қилди. Сайловолди сўровлар унинг тарафдорлари 10 фоиздан озлигини кўрсатган эди.

«Эрон талабалар сўров агентлиги» ўтказган сўров шуни кўрсатдики, мамлакатдаги 59 миллион сайловчининг атиги 42 фоизи овоз беришни режалаштирган. 2017 йилда ўтказилган президентлик сайловларида сайловчиларнинг 73 фоизи овоз берган эди.

Кўплаб эронликлар танлов ҳуқуқи кескин чеклангани туфайли овоз бермасликларини айтишган. Шунингдек, улар иқтисодиётнинг аҳволи, давлат тазйиқлари ва ўзгаришларни амалга ошира олмаган сиёсатчилар туфайли сиёсатдан кўнгиллари қолганини изҳор қилишган.

XS
SM
MD
LG