Сербия Ички ишлар вазирлиги мухолифатчи сиёсатчи Чедомир Йовановичнинг рус дипломатлари жинояти ҳақидаги иддаосини кўриб чиқишдан бош тортмоқда. Йовановичнинг сўзларига кўра, россиялик дипломатлар икки йил олдин ўспирин қизга қилган тажовуз билан боғлиқ ишни полиция бости-бости қилган.
Слободан Милошевич давридан бери фаолият юритиб келаётган диссидент Йованович «Либерал демократик партия» раҳбари бўлиб, бугунга қадар унинг жонига бир неча марта қасд қилинган. Сиёсатчи ўтган ой Сербия полицияси унинг оиласини ҳимоя қилишни тўхтатганидан кейин, қизига қилинган ҳужум ҳақида бошқа сукут сақламасликка қарор қилганини айтди.
Йованович Сербия полициясини ўз бурчини бажармасликда айбламоқда. Сиёсатчи 2 июнь куни Белграддаги уйи ёнида «безорилар» миллатчилик руҳидаги қўшиқларни баралла қўйиши ортидан полиция билан жанжаллашиб қолди, натижада прокуратура унга қарши жиноят иши қўзғади.
Йованович прокуратура айбловини полиция бошлиғи Владимир Ребич устидан қилган шикояти учун қасос деб атади.
Сиёсатчи B92 нашри билан суҳбатда:
«Менга қарши уюштирилган суиқасдлар, қизимга қилинган ҳужумлар ва машинам остига бомба қўйганлар ким эканини айтишларини сўрайман», - деди.
2001 йилда Йованович машинасига бомба ўрнатилганидан бери уни полиция ҳимоя қилиб келаётган эди.
Унинг сўзларига кўра, ўша пайтда 14 ёшда бўлган қизига қилинган ҳужум ортидан расмийлар унга сукут сақлашни буюрган.
Сиёсатчи расмийларни ушбу ҳодисани «кўмишга» уринишда айбламоқда. Унинг сўзларига кўра, Россия дипломатик паспортига эга бўлган уч киши қизининг дўсти ва унинг ёнида турган одамга ҳужум қилган, сўнгра қизи ичаётган ичимликка «экстази» деб номланувчи галлюциноген дорини солган ва уни ичишга мажбурламоқчи бўлган.
Йованович қизига ҳужум тафсилотларини Россия ҳарбий разведкаси хорижда, шу жумладан, Англия, Болгария ва Чехияда амалга оширган заҳарлашлар ва бошқа ҳужумлар ортидан Москва ва Ғарб ҳукуматлари ўртасидаги муносабатлар таранг бўлиб қолаётган бир пайтда эълон қилди.
Сербия Ички ишлар вазирлиги ва бошқа расмийлар Озодликка Йовановичнинг қизига қилинган ҳужум ҳақидаги айбловларини изоҳлаб беришдан бош тортди.
Йованович ўз иддаоларини илк бор 14 май куни Blic ахборот агентлигига берган интервьюсида баён қилди.
Мақола эълон қилинишдан бир неча соат ўтиб, Россиянинг Белграддаги элчиси Александр Боцан-Харченко айбловларни «ёвуз уйдирма» деб атади.
Йовановичнинг айтишича, Сербия расмийлари унга оғзаки равишда иш ёпилгани ва ҳеч кимга ҳеч қандай айблов қўйилмаганини айтишган. Сиёсатчининг сўзларига кўра, кейинги пайтда Россия ҳодисани бости-бости қилишга чорлаб, Белградга босим ўтказмоқда.
«Улар биз ота-она сифатида воқеадан бир неча кун ўтгач, шикоят билан мурожаат қилганимиз ва [ҳисоботда кўрсатилган] одамлар жавоб бермагани учун иш ёпилганини айтишди. Сўнгги бир неча кун ичида Россия элчихонаси илтимосига биноан Сербия Ички ишлар вазирлиги буларнинг барчасини ўтмишда чуқур кўмиш ва бу билан ишга нуқта қўйиш илинжида ҳужжат ҳозирламоқда», - деди Йованович Озодлик радиосининг Болқон хизмати билан суҳбатда.
50 ёшли Йованович 90 - йилларда Югославияда Слободан Милошевич раҳбариятига қарши талабалар норозиликларини уюштирган кунлардан бери Сербия сиёсий саҳнасини тарк этмай келади.
Йованович 2001 йил март ойида ниқобли ҳукумат қўшинлари Милошевич вилласини ишғол қилиши ортидан президент тинч йўл билан таслим бўлишига етаклаган музокараларда муҳим роль ўйнагани айтилади. Хабарларга кўра, Милошевич таслим бўлгандан кейин, унинг қизи Мария Йовановичга ўқ узган. Орадан йиллар ўтиб Йованович «шундоқ ҳам мушкул вазиятни янада оғирлаштирмаслик» мақсадида Марияга қарши кўрсатма беришдан бош тортганини айтган.
Аммо сиёсатчи бугунга қадар сайловларда ғалаба қозона олмай келади.
Йованович йиллар давомида турли хил марказчи партияларга аъзо бўлди, янги партия тузди ва уларни тарк этди. 2008 ва 2012 йилларда президентликка номзодини кўрсатди, аммо муваффақият қозонмади.
У Россияни изчил танқид қилиб келади ва Сербия Ғарб билан яқин алоқа ўрнатиши ва келажакда НАТОга аъзо бўлиши тарафдори. Сербияда бундай қараш қаршиликка учраб келади, чунки этник серблар 1990 йилларда содир бўлган можаролар пайтида НАТО Сербияга қарши чора кўрганидан ҳали-ҳануз ғазабнок.
Йованович тез-тез серб миллатчилари ва бошқа ўнг қанотчиларнинг танқидига учрайди, чунки сиёсатчи 90 йилларда содир бўлган этник қирғинларда серблар айби борлигини тан олади, Косово мустақиллигини ҳамда ЛГБТ шахслар ҳуқуқларини қўллайди.
У ўзи ва оила аъзолари мунтазам равишда ўлим таҳдидларини олишини айтган. 2001 йилнинг февраль ойида Белградда машинасига ўрнатилган бомба портлаган, аммо у омон қолган. Ўшандан бери сиёсатчини полиция ҳимоя қилиб келаётган эди.
Портлаш арафасида Йованович ўша пайтдаги ички ишлар вазири Душан Михайлович билан Югославия давлат хавфсизлик хизматининг юқори лавозимли расмийси билан ўтмишдаги сиёсий суиқасдлар ҳақида суҳбатлашган бўлган.
Орадан ўн йилдан кўпроқ вақт ўтгач – 2012 йилда Сербия давлат гвардиясининг собиқ аъзоси Йовановичга телефон орқали ўлим билан таҳдид қилгани учун қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Йовановичнинг сўзлаб беришича, 2019 йилнинг ёзида қизи Жана ва унинг дугонаси McDonald’s ресторанида ўтирган чоғида учта нотаниш одам уларнинг олдига келган. Учовлон Жананинг дугонасини нарироққа итариб юборган, сўнгра Жананинг ичимлигига оқ кукунни солиб, уни ичишга мажбурламоқчи бўлган.
Ҳодисага гувоҳ бўлиб, аралашган ўткинчини учала ҳужумчининг бири ерга қулатган. Жананинг дугонаси Йовановичнинг хотинига қўнғироқ қилган, хотини эса полицияга чалган.
«[Полиция] келганида, учаласи Россия дипломатик паспортларини кўрсатган. Бунинг ортидан Россия элчихонасидан кимдир келиб, уларни олиб кетган», - деб сўзлаб берди Йованович.
Йовановичнинг сўзларига кўра, ўтказилган тестлар Жана ичимлигига халқ орасида «экстази» деб номланувчи МДМА психотроп моддасини солишганини кўрсатган. Аммо Йованович Озодлик радиосига қизи ичимлигида МДМА топилганини тасдиқловчи бирор далилни тақдим этмади.
Жорий ойда Йованович Blic ва Озодлик радиоси билан суҳбатда полиция норасмий равишда унинг фарзандлари полиция ҳимоясидан маҳрум қилинишини маълум қилганидан кейин, ҳодиса ҳақида халққа маълум қилганини айтди.
Унга бундай қарор ҳақида ёзма маълумот берилмаган. Унинг сўзларига кўра, агар полиция оиласини ҳимоя қилмаса, ўзи ҳам полиция ҳимоясини хоҳламайди.
Йованович Сербия полицияси бошлиғи Ребич устидан қилган шикоятида унинг хатти-ҳаракатлари Йованович ва унинг оила аъзолари ҳаётига хавф туғдираётганини айтган. Қолаверса, сиёсатчи Ребич 2 июнь куни воқеа юзасидан оммавий ахборот воситаларига берган баёнотлари ўзига ва оиласига нисбатан халқ нафратини кучайтираётганидан шикоят қилган.
Россия элчихонаси Йовановичнинг айбловлари бўйича Озодликнинг Болқон хизматига изоҳ беришдан бош тортди.
Сербия Ички ишлар вазирлиги ҳам ушбу масала бўйича саволларга жавоб беришдан бош тортди. Вазирлик Озодликнинг ахборот эркинлигига асосланган ҳолда 15 кун ичида ҳодисага алоқадор ҳужжатларни улашишни сўраб қилган мурожаатини эътиборсиз қолдирди.
Йованович ўз фаолияти билан Россиянинг Болқон минтақасидаги сиёсатига таҳдид солаётгани учун Москва уни нишонга олаётганини иддао қилди.
«Агар уларнинг барчаси биргаликда мени Сербия, Шимолий Македония, Черногория, Босния ва Герцеговинада ва бутун минтақада қилаётган ишларимни тўхтатиш учун мени билвосита шантаж қиляпмиз, деб ўйлаётган бўлсалар, адашадилар», - деди у.
Россия билан муҳим дипломатик ва мудофаа алоқаларини ўрнатган Сербия Москванинг Болқон ярим оролидаги энг яқин иттифоқчиси ўлароқ кўрилади.