Линклар

Шошилинч хабар
15 май 2021, Тошкент вақти: 11:19

Сребреница қатлиоми ҳақидаги фильм «Оскар» мукофотига номзод этиб кўрсатилди


Кинорежиссёр Ясмила Жбаничнинг Quo vadis, Aida? фильмидан кадр.

Сараевода туғилган кинорежиссёр Ясмила Жбаничнинг Quo vadis, Aida? («Қаерга кетяпсан, Аида?») фильми энг яхши халқаро фильм номинацияси бўйича «Оскар» мукофотига номзод этиб кўрсатилди.

Фильмда бош ролни ижро этган Ясна Журичич ушбу ютуқни «бутун минтақани ларзага соладиган ўзгача лаҳза» дея таърифлади.

Фильм 1995 йилда Босния серб кучлари томонидан 8 000 дан зиёд мусулмон эркак ва бола қирғин қилинган қатлиом ёритилган илк тўлиқ метражли фильмдир. 1995 йилнинг июлида Босниянинг этник серб кучлари БМТ нейтрал зонасини ўраб олиши ортидан ташкилотнинг тинчликпарвар кучлари ҳудудни тарк этган, натижада серблар минглаб мусулмонни қириб ташлаган эди.

Фильмда хаёлий БМТ таржимонининг ўз эри ва болаларини ҳимоя қилиш учун кураши ҳақида ҳикоя қилинади.

Журичич фильм «Болқон ярим оролидаги энг катта яра» жамоатчилик, хусусан, ёшлар хотирасидан кўтарилаётган бир пайтда «ярашишга» чорлашини айтиб, уни олқишлади.

Журичич Озодликнинг болқон хизматига берган интервьюсида «барча томонлар» ярашишига замин яратиш учун кўплаб шунақа фильм суратга олиш зарурлиги ҳамда Сребреница сингари тарихий фожиаларни инкор этиш хавфи ҳақида гапирди.

«Оскар» мукофотига номзодликни қўлга киритиш Босния ва Герцеговина киноижодкорлари учун йирик халқаро ғалабадир. Собиқ Югославия республикасининг кино саноати узоқ вақтдан бери миллий бўлиниш ва маблағ етишмовчилиги туфайли оқсаб келади. 46 ёшга тўлган режиссёр Жбанич фильмнинг 5,4 миллион долларлик бюджетини тўплаш учун 10 та мамлакатни жалб қилишга мажбур бўлди.

Сребреница қатлиоми Европада Иккинчи жаҳон уруши, аниқроғи яҳудийлар қирғини – Ҳолокостдан бери содир этилган энг йирик ҳарбий жиноят ҳисобланади.

2007 йилда Халқаро адлия суди Сребреница қирғинини геноцид деб топган.


2017 йилда Голландия Олий суди мамлакат тинчликпарвар кучлари БМТнинг хавфсиз зонасини тарк этиб, уни Босния серб кучлари қўлига топширишгани учун фожиага қисман жавобгар экани тўғрисида аввалроқ чиқарилган суд қарорини ўз кучида қолдирди.

Фильмда Журичич Аида Селманагич ролини ўйнаган. Аида қўмондонларнинг гапларига қарамай, БМТ ҳудудни бўшатаётганини англаб етади ва эри ва ўғилларига эвакуация автомобилларида жой топишга ҳаракат қилади.

Журичич Quo vadis, Aida? фильмидан олдин 2010 йилда Локарно кинофестивали доирасида White White World («Оқ Оқ Дунё») фильми учун энг яхши актриса номинациясида ғолиб чиқиб, халқаро миқёсда шуҳрат қозонган эди.

Актриса Quo vadis, Aida? фильмининг мақсади бўлинишни эмас, балки «ярашишни» тарғиб қилиш эканини айтди.

Сербиянинг Рума шаҳрида туғилган Журичич Сербиянинг Нови Сад шаҳрида актёрликдан дарс беради. У ўзини «Югославия фарзанди» деб атайди. 54 ёшга тўлган Журичич 1990 йилларда Югославия парчаланиб кетганидан кейин содир бўлган Болқон урушларини яхши эслайди.

Журичич Озодлик билан суҳбатда фильмнинг кучли жиҳатларидан бири унда уруш давомида одамларнинг шахсий курашлари ва нафақат Сребреница қурбонлари оналарининг, балки боласини йўқотган барча оналарнинг азоби ёритиб берилганида эканини айтди.

Quo vadis, Aida? фильми аллақачон чет тилидаги энг яхши фильм ва энг яхши режиссёр номинацияларида BAFTA совринларини қўлга киритди.

Минтақадаги кўплаб этник серблар, сиёсий ва ҳарбий гуруҳлар Собиқ Югославия халқаро жиноий трибунал ҳамда Халқаро адлия суди томонидан геноцид деб топилган Сребреница қирғини ҳақидаги ҳисоботларни рад этишда давом этиб келади.

XS
SM
MD
LG