Линклар

Шошилинч хабар
28 июл 2021, Тошкент вақти: 02:28

"UzAutoMotors" автомобиллари салонига сув кириб кетаётганидан шикоятлар кўпайди


Корпусини сув босган машиналар автосервисларда таъмирланмоқда.

Интернет тармоқларида Ўзбекистондаги "UzAutoMotors" заводидан янги чиққан автомобиллар кабинасини сув босаётгани акс этган видеолар сўнгги ойларда кўпайди.

Озодлик суҳбатлашган машина эгалари уловларини дилер ёки уни ишлаб чиқарган компания қабул қилмаётгани, ўзлари усталарга қўшимча пул сарфлаб тузаттиришаётганликларини айтишди.

"UzAuto Motors" ширкати ходими машина эгалари муаммолар юзасидан дилерларга ёки компания расмий алоқа каналига мурожаат қилишлари мумкинлигини айтди.

Машина эгалари ижтимоий тармоқда тарқатган видеотасвирларда сув автомобиль салонига ўтиб, гиламчалари остида тўплангани кўринади.

“Машинанинг аҳволини қаранг, ўтган йил олинган машинанинг аҳволи, тешик тоғора, сал ёққан ёмғирга чидамаяпти, сув киряпти. Гиламни устида мана бир қарич тўла сув турибди мана, "UzAutoMotors "қаерга қараяпти, чиқармасин бунақа машина. Ёпиб ташласин заводни. Чиқарса тузукроқ машина чиқарсин”, - дейди ўтган йил ишлаб чиқарилган “Равон” машинасининг эгаси.

Машина эгалари уловларини усталарга қўшимча пул сарфлаб тузаттиришаётганликларини айтишади.
Машина эгалари уловларини усталарга қўшимча пул сарфлаб тузаттиришаётганликларини айтишади.

Youtube ва Telegram тармоқларида UzAuto Motors заводидан автомобиллар сифатсиз чиққанлиги иддао қилинган ўнлаб видеолар бор.

“Мана 2020 йилги машина. Қаердандир кириб, ҳамма ёқ сувга тўлиб кетяпти. Ҳамма ёқ шилта бўлиб ётибди. Экспорт варианти деб сотишувди тағин. Губкалари нам бўлиб, сасиб ётибди. Мана ўзбегим машиналарини аҳволи”, - дейди “Кобальт” машинасининг эгаси.

Тошкентдаги “Нурафшон” автосервиси ходими ҳам "UzAutoMotors" автомобиллари корпусини сув босиши ҳолатлари кўпайганини Озодликка тасдиқлади:

“Кабинасини ичини сув босган машиналарни кўп олиб келишяпти. Шофёр ўтирадиган жойда педаллар остидан сув ўтяпти. Герметиклаб беряпмиз. Бу заводни ўзида шунақа нуқсон билан чиққанми, эксплуатация пайти бўлганми буни билмаймиз. Лекин, жуда кўп бўляпти шунақа ҳолатлар. Машинани олаётганда герметикасини ҳам текшириб олиш керак бўляпти, буёғига”.

"Бизда машинанинг герметиклиги текширилиб, кейин сотувга чиқарилади"

Озодлик ҳолат юзасидан изоҳ олиш мақсадида "UzAuto Motors" ширкатига қўнғироқ қилди.

Ширкат телефонини кўтарган, ўзини таништирмаган ходим машина эгалари муаммолар юзасидан дилерларга ёки компания расмий алоқа каналига мурожаат қилишлари мумкинлигини айтди:

“Бизда ҳар бир машинани герметиклиги махсус ускуна билан текширилиб, кейин сотувга чиқарилади. Сиз айтаётган ҳолатлар бўйича машина эгалари дилерларга ёки бизга мурожаат қилишлари мумкин. Лекин, шунақа ҳолатлар ҳам бўляптики, ҳар-хил ташқи қурилмалар, видеорегистратор ва бошқа нарсалар ўрнатганда машинага шикаст етяпти. Ишончли бўлмаган, малакага эга бўлмаган усталар шу ускуналарни ўрнатганда машинани герметиклигини бузиб қўяяпти. Оқибатда салонга сув ўтиш ҳолатлари бўляпти. Шунинг учун машина эгаларига фақат сертификатланган хизмат кўрсатиш марказларига мурожаат қилишни маслаҳат берамиз”, - дейди "UzAutoMotors" ширкати ходими.

Аммо машина эгалари уловларини дилер ёки компания қабул қилмаётгани, ўзлари усталарга қўшимча пул сарфлаб тузаттиришаётганликларини айтишди.

“Агар машина нуқсони бўлса завод қайтариб олиши, ўрнига бошқа машина бериши керак ёки пулимизни қайтариб бериши керак. Бизда унақа бўлмаяпти, текширмасдан ўзларинг бузгансизлар, деб қайтариб юборяпти”, - дейди Озодлик суҳбатлашган машина эгаларидан бири.

Монополист ширкат

"UzAuto Motors" Ўзбекистонда автомобиль ишлаб чиқарувчи монополист ширкат ҳисобланади.

Мазкур заводда ишлаб чиқарилган машиналарнинг нуқсонлари ҳақида бундан олдин ҳам шикоятлар кўп бўлган.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ўтган йилнинг ўзида "UzAutoMotors" машиналари ранги тез ўчиб кетаётгани, ўз-ўзидан ёниб кетиши ҳолатлари ва бошқа нуқсонлар ҳақида юздан зиёд шикоят аризаларини олгани ҳақда маълум қилганди.

Истеъмолчилар "UzAutoMotors" автомашиналар нархларини асоссиз 20 фоизга кўтариб юборганидан ҳам норози бўлишганди.

Ўтган йил ноябр ойида "UzAutoMotors" мaшиналар нархини асоссиз кўтаришда айблаб, нархларни туширишни сўраган Монополияга қарши курашиш қўмитасини маҳкамага берди.

Маъмурий ишлар бўйича Тошкент шаҳар суди UzAutoMotors фойдасига ҳукм чиқарди. Шу билан машиналар нархи тушмайдиган бўлганди.

XS
SM
MD
LG