Линклар

Шошилинч хабар
25 июл 2021, Тошкент вақти: 01:09

Ўзбек-афғон чегараси: ҳарбийлар назоратни кучайтирди, расмийлар ва имомлар аҳолини огоҳликка чақирмоқда


Ўзбек-афғон чегарасида ўтказилган ҳарбий машғулот, 24 июнь, 2021

Ўзбекистоннинг қўшни Афғонистон билан чегарасида жойлашган 10 дан ортиқ қишлоқ, шаҳар ва посёлкада паспорт назорати кучайтирилди, аҳоли огоҳликка жалб қилинмоқда.

Шу кунларда Афғонистоннинг Ўзбекистонга туташган ҳудудидаги туманлар Толиблар назорати остида қолмоқда. 27 июнь куни 44 нафар, 26 июнь куни 3 нафар, 23 июнь куни эса 53 нафар афғон аскари Балх вилоятининг Толиблар ишғоли остида қолган Шўртепа туманидан Ўзбекистонга қочиб ўтди.

Музработ туман ҳокимлиги расмийсига кўра, Сурхондарё вилоятининг Афғонистон билан чегара зонасида жойлашган 10дан ортиқ аҳоли пунктига кириш-чиқишда паспорт назорати кучайтирилган.

Афғонистон билан таҳликали бўлиб қолаётган 137 километрлик чегара зонасида жойлашган Термиз шаҳри ва тумани ҳамда Музработ туманида маҳаллий аҳоли билан учрашувлар уюштирилиб, тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Жумладан, Музработ туманида яшайдиган имом, чегараолди ҳудудидаги аҳолининг Афғонистондаги Толиблар “террорчилик ҳаракатларидан хабардорлиги”, маҳаллий расмийлар, ҳарбийлар ва имомлар аҳоли билан мулоқотларда буни тушунтираётганини таъкидлади.

Озодлик гаплашган 10 га яқин сурхондарёлик, чегаранинг бу қисми қаттиқ қўриқланиши, Амударёнинг нариги тарафидаги Толибларнинг бу тарафга ўтишига ҳарбийлар йўл қўймаслигига аҳоли қаттиқ ишонишини айтмоқда.

Сурхондарё вилояти, Музработ туманинг Юсуф Жамолов маҳалла фуқаролар йиғини Афғонистон билан чегара чизиғи ўтган Амударёнинг шимолий соҳилида жойлашган.

Бу қишлоқда яшайдиган маҳалла фаолларидан бирининг исми сир қолиши шарти билан Озодликка айтишича, Афғонистонда бораётган жанг ҳаракатларидан маҳаллий аҳолининг хабари бор:

“Толиблар дарёнинг нариги тарафидаги қишлоқларни босиб олганидан хабаримиз бор. Лекин, дарёнинг у ёғида уруш бошланганига 30-40 йиллар бўлиб кетдику. У тарафдан ўқ овозлари бизга умуман эшитилмайди. Биз тарафда тинчлик, ҳамма ўзининг тирикчилиги билан банд. Чегарамиз қаттиқ қўриқланади бизнинг, ўша 1990 йилларнинг бошида ғалвали бўлган. Кейин чегара қаттиқ беркитилган. Аскарлар тинимисиз чегарадан у ёқ бу ёққа ўтиб туради. Сим тўсиқларга камералар ўрнатилган, яқинлаштиришмайди. Сал яқин борсангиз, тезда келиб ушлаб кетишади, назорат қаттиқ у ерда”.

Чегарадан 2 километр нарида жойлашган “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшайдиган имом ҳам Амударёнинг Ўзбекистонга қарашли соҳилида маҳаллий расмий, имом ва ҳарбийлари аҳолини билан мунтазам мулоқотда эканини айтди:

“Бизда Афғонистонда охирги жанжал бошланмасидан олдин ҳам ҳар ойда бир ҳарбий қисмларни раҳбарлари, маҳалла раислари ва имомлар аҳоли билан учрашиб, огоҳликка даъват қилиб келганмиз. Чегара ҳудуди бўлгани учун: “Бирор шубҳали нарса кўрсангиз, бизга хабар қилинг” деб ҳарбийларимиз тушунтириш ишларини олиб боради. Толибларни ҳаммамиз биламиз, мусулмонни қонини тўкиб ётибди улар. Бунақа амал ҳеч бир динда йўқ. Шунинг учун аҳолини огоҳликка чақириб келяпмиз. Бизда тинчлик-хотиржамлик, шукр. Чегарамиз жуда қаттиқ қўриқланади. Ҳарбий қисмларимиз бор”.

Музработликларнинг айтишича, сўнгги қарийб 40 йилдан буён уруш ҳаракатлари тинмаётган қўшни Афғонистонга туташ Ўзбекистон қишлоқларида ҳарбийлар назорати ҳамиша кучли бўлган. Бу ҳудудда ҳар 2 ёки 3 кунда бир ҳарбий вертолётлар парвоз қилиб туради.

2001 йил январь ойида Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати (ўша кезда Миллий хавфсизлик хизмати) раҳбарлари имзолаган қўшма қарорда, Сурхондарё вилоятининг Термиз, Музработ, Ангор ва Шеробод туманларидаги 30 дан ортиқ аҳоли пункти "чегара зонаси ўрнатилган" пункт сифатида қайд этилган.

Булардан 10 дан ортиғи Афғонистон билан чегарада, қолганлари қўшни Тожикистон ва Туркманистон билан чегара зонасида жойлашган.

Музработ тумани ҳокимлигида ишлайдиган ва шахси ошкор этилмаслигини сўраган расмийга кўра, бу аҳоли пунктлари ҳамиша чегара қўшинлари назоратида бўлган, сўнгги кунларда бу назорат кучайтирилган.

“Мана бизда Гулистон, Халқобод, Қоракамар, Юсуф Жамолов (олдинги Гагарин совхози) маҳалла фуқаролар йиғинларига қарашли қишлоқлар Афғонистон билан чегаранинг ёнида, уларда доим паспорт назорати бор, кириш-чиқиш доим назорат қилинади. Чегаранинг нариги тарафидаги жанжалдан олдин ҳам шундай бўлган, ҳозир ҳам. Ҳозир бошқа туманлардан борганлар устидан текширув ҳам бироз кучайтирилган”.

Июнь ойи бошидан буён Афғонистоннинг шимолий қисмида Толиблар ишғоли кучайиб бормоқда. Сўнгги 10 кун ичида Толиблар Афғонистоннинг Ўзбекистонга туташ 5 та туман марказини эгаллаб олди.

27 июнь куни 44 нафар, 26 июнь куни 3 нафар, 23 июнь куни эса 53 нафар афғон аскари Балх вилоятининг Толиблар ишғоли остида қолган Шўртепа туманидан Ўзбекистонга қочиб ўтди.

Шунингдек, Қундуз вилоятининг чегараолди туманларидаги ҳукумат аскарлари ҳам Толиблар ишғолидан қочиб, бир неча бор қўшни Тожикистон ҳудудига ўтгани қайд этилди.

Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон ҳудудига қочиб ўтаётган афғон аскарлари дарҳол ортга қайтарилаётгани ва Тошкент бу масалада нейтрал позицияда туришини қатъий таъкидламоқда.

Ўзбекистон томони ўз ҳудудига ноқонуний киришга қилинган ҳар қандай уринишга қарши энг кескин чораларни қўллашидан қатъий огоҳлантирган.

Жумладан, Мудофаа вазирлиги қўшинларни жанговар шайликка келтириш бўйича амалий машғулотларни ўтказди, бу машғулотларга авиация, артиллерия,миномётчилар бўлинмалари жалб қилинди.

Айни пайтда, Душанбе Толиблар ишғолидан қочиб чиқиш эҳтимоли бор афғонистонликларни қабул қилишга тайёргарлик кўраётганини билдирган.

Тожикистон Мудофаа вазирлиги 10 мингга яқин афғонистонликка бошпана беришга тайёрлигини билдирган. Аммо, чегарадаги тожик расмийлари аслида қочқинлар сони 30 мингдан ортиши мумкин, деган хавотирда.

Афғонистон шимолида Толиблар ҳужумлари, бу мамлакатдан АҚШ қўшинлари олиб чиқилаётган бир кезда кучайди. Толиблар босиб олган туманларнинг аксари мамлакат шимолида ва бу ҳудудда ўзбек тилида сўзлашувчи афғонларнинг асосий қисми истиқомат қилади.


Афғонистон шимолидаги дала қўмондонлари ва ҳукумат қўшинлари маҳаллий аҳолини Толибларга қарши жангга сафарбар қилмоқда. Қўлига қурол олаётганлар ва дала қўмондонлари орасида афғонистонлик ўзбек ва туркманлар кўп хабар қилинмоқда.

Айни пайтда, уларга ҳужум қилаётган Толиблар орасида ҳам ўзбек ва туркманлар кўпчилик экани айтилади. Толибларнинг кучайиб бораётган хуружларига қарамай, АҚШ томони 11 сентябргача қўшинларини олиб чиқиш режасини ўзгартирмаслиги билдирган. Фақат заруратга кўра, олиб чиқилаётган қўшин ҳажми ва вақти ўзгариши мумкин.

Шу тариқа, Марказий Осиё минтақасидаги Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон қўшни Афғонистон шимолида кундан кунга ортиб бораётган Толиблар ҳужуми таҳдиди билан юзма-юз қолмоқда.

XS
SM
MD
LG