Линклар

Шошилинч хабар
05 август 2021, Тошкент вақти: 01:15

Эронда нефть саноати ишчилари иш ташламоқда


22 июнь куни бошланган иш ташлаш акцияси саккиз вилоятда жойлашган 60 дан ортиқ завод-фабрикага тарқалди.

Эронлик нефтчи ўзи ва ҳамкасбларининг чарчаганини, "умидсиз ва оч» эканликларини айтди. Кейинги кунларда Эронда нефть соҳаси ишчилари иш ҳақи оширилиши ва меҳнат шароити яхшиланишини талаб қилиб иш ташлади.

22 июнь куни бошланган иш ташлаш акцияси саккиз вилоятда жойлашган 60 дан ортиқ завод-фабрикага тарқалди. Улар орасида Хузистон, Исфаҳон вилоятлари ҳамда пойтахт Теҳронда жойлашган заводлар бор. Мамлакатда сўнгги 40 йил ичида бундай йирик иш ташлаш акцияси қайд этилмаган.

Кузатувчиларнинг айтишича, норозилик билдираётган ишчилар сони ва акциянинг жуғрофий қамрови олдингиларига солиштирганда анча каттадир.

Принстон университетининг Эрон бўйича тарихчиси Пейман Жафарий бу сафарги акциялар олдингиларидан фарқ қилишини айтди.

«Биринчидан, улар асосан Хузистондаги нефть қудуқлари ва нефтни қайта ишлаш заводлари атрофида айланган Эрон нефть саноатидаги ўзгаришлардан далолат беради, - деди у Озодликка берган интервьюсида, - Сўнгги йигирма йил ичида Асалуе каби газ ва нефть-кимё марказлари атрофида янги заводлар пайдо бўлди. Иккинчидан, ушбу янги энергия ҳудудларининг пайдо бўлиши кўп жиҳатдан амалдаги қоидалардан озод қилинадиган «махсус иқтисодий зоналар»нинг пайдо бўлиши билан бир пайтда содир бўлди. Бу эса хавотирлик ва ифлосланишни келтириб чиқарди».

Унинг сўзларига кўра, ишчилар аввалги иш ташлаш акциялари тажрибасига, шу жумладан, Жанубий Парс газ конида 2020 йилда содир бўлган иш ташлаш тажрибасига таянмоқдалар.

Эроннинг нефть, газ ва нефть-кимё саноатидаги ишчилар оғир шароитларда, шу жумладан, жазирама иссиқда ишлаётган ҳамда гигиена талабларига жавоб бермайдиган ётоқхоналарда яшаётган бўлишларига қарамай, ҳуқуқлари бузилаётганини айтмоқдалар. Баъзи ишчилар бир неча ойдан бери маош олмаётганликларидан ва оилаларидан узоқда эканликларидан шикоят қилишди.

«Тўғри, биз бунга узоқ вақтдан бери тоқат қилиб келяпмиз, аммо баъзи ишчиларнинг сабр косаси тўлди», - деди исмини ошкор қилмаган ишчи rouydad24.com сайти билан суҳбатда. Ишчи нархлар ошиб бораётгани учун кўпчилик қийналаётганини қўшимча қилди.

«Кампания 1400» деб номланган иш ташлаш акциялари иштирок этаётган ишчиларнинг кўплаб видеоси Интернетда улашилди. Баъзи видеоларда заводни тарк этаётган ишчиларни, бошқаларида эса ўз иш жойида норозилик билдириш учун тўпланган ишчиларни кўриш мумкин.

Эрон учун стратегик соҳа ҳисобланувчи энергетика саноатидаги иш ташлаш акциялари Теҳрон олдидаги долзарб масалалардан бирига айланди. Айни дамда Теҳрон 2015 йил ўз ядровий дастури бўйича дунёнинг қудратли мамлакатлари билан эришилган келишувни қайта тиклаш бўйича музокара олиб бормоқда.

2018 йил АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Дональд Трамп Вашингтонни келишувдан чиқариб олди ва Эронга қарши иқтисодий санкцияларни қайтадан жорий қилди. Санкциялар Эрон иқтисодиётига қаттиқ зарба бўлди. Коронавирус пандемияси ва узоқ йиллик самарасиз бошқарув эса вазиятни янада кескинлаштирди.

Сўнгги ойларда Эрондаги оғир иқтисодий вазият туфайли кўплаб одам қашшоқликка юз ютди. Иш ҳақи паст бўлган ишчилар бир амаллаб кун кечирмоқда.

Бу орада расмий инфляция даражаси 50 фоизга етди. Кўплаб эронликлар гўшт, мева ёки сабзавот харид қилишга қодир эмасликларини айтишмоқда.

Энергетика соҳасидаги пудратчилар ойига 120 миллион риал (тахминан 500 АҚШ доллари) маош тўланишини талаб қилмоқдалар. Шунингдек, улар иш ҳақлари ўз вақтида тўланишини, хавфсиз ва гигиеник талабларга жавоб берадиган меҳнат шароитлари яратиб берилишини ва ойига 10 кун таътил берилишини талаб қилмоқдалар. Эронда ишчилар кўпинча дам олиш кунисиз ишлайди. Ишчилар, шунингдек, касаба уюшмалари тузиш ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини талаб қиляптилар.

Эрон ўтмишда иш ҳақи оширилишни талаб қилган ишчиларга қарши куч ишлатган. Айрим ҳолатларда бундай ишчилар қамоққа улоқтирилган. Бунга қарамасдан, мамлакатда турли соҳаларда, жумладан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ишчиларнинг норозилик акциялари кўпайиб бормоқда.

Ўтган ҳафта ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда Теҳрон нефтни қайта ишлаш заводи 700 та ишчини ишдан бўшатгани айтилди.

Аммо завод вакили Шокир Хафайий бу хабарларни «ёлғон» деб рад этди ва журналистларга пудратчи ширкат 35 нафар ишчисини ишдан бўшатганини айтди.

Эрон матбуотига кўра, мамлакат парламентнинг Энергетика қўмитаси ҳафта охирида махсус йиғин ўтказиб, доимий нефть ходимлари дучор бўлаётган муаммоларни муҳокама қилган. Йиғинда нефть вазири Бижон Номдор Зангона ва разведка идоралари вакиллари иштирок этган.

Учрашув ортидан Зангона доимий ишчиларнинг маоши тир ойининг охирига қадар белгиланишини айтган. Тир ойи 21 июлда тугайди.

Аммо вазир пудратчиларнинг муаммолари тўғрисида тайинли гап айтмаган.

«Биз уларга тегишли бўлган ҳаммасини меҳнат қонунчилигига биноан тўлаймиз», - деган расмий.

«Уларнинг ноқонуний талаблари эса бошқа масала», - дея қўшимча қилган у.

Жафарий яқин келажакда энергетика соҳасидаги иш ташлашлар давом этишини кутмоқда.

«Бироқ, бу иш ташлашлар келтириб чиқарадиган амалий қийинчиликларнинг чегараси бор, чунки уларда асосан қурилиш ишларида иштирок этадиган ва нефть саноатида ишлаб чиқариш жараёнига таъсир ўтказишга қодир бўлмаган пудратчи ишчилар иштирок этмоқда», - деди у, - Аммо бу вазият ўзгариши мумкин, қачонки ва агар нефть саноатининг доимий ишчилари уларга қўшилса».

Америкалик журналист Беҳранг Зандий Озодлик радиосининг Фарда радиосига берган интервьюсида иш ташлаш акциялари Эроннинг сайланган президенти, муросасиз руҳоний Иброҳим Раисийга қийинчилик туғдириши мумкин, деган фикрни илгари сурди.

Август ойида лавозимига киришадиган Раисий ҳалигача мамлакатда кучайиб бораётган иқтисодий муаммоларини қандай қилиб ҳал қилишни режалаштираётганини аниқ айтгани йўқ.

«Раисий ҳукумати нефтчилар ўз талаблари бажарилмагунча давом этишини айтаётган иш ташлашларга жавоб қайтариш учун қандай стратегиядан фойдаланиши аниқ эмас», - деди Зандий.

XS
SM
MD
LG