Линклар

Шошилинч хабар
15 май 2024, Тошкент вақти: 03:43

"Янги Жалолиддин". Москвада ишланган Мангуберди ҳайкали ватанида муаммога дуч келди  


Урганч марказига ўрнатилаётган ҳайкал дунёдаги энг катта бронзадан ясалган от сифатида Гиннес рекордлар китобига кириши мумкин.
Урганч марказига ўрнатилаётган ҳайкал дунёдаги энг катта бронзадан ясалган от сифатида Гиннес рекордлар китобига кириши мумкин.

Жалолиддин Мангубердининг 50 тонналик ҳайкалини ўрнатиш режаланган Хоразмнинг Урганч шаҳри марказида ушбу қимматбаҳо лойиҳани амалга ошираётган меъмор ва қурувчилар муаммога дуч келмоқда.

Хоразм вилоят Архитектура бошқармаси исми сир қолишини сўраган мулозимининг Озодликка айтишича, қазиш пайти ер остидан сув сизиб чиқиши қиймати камида 2 миллион АҚШ долларига тенг экани айтилган ҳайкал ва мажмуа қурилишини хавф остига қўйган.

“Сув чиқиши сабаб ҳайкал ва туннел жойи сурилди, ҳозир энди у ердан ҳам сув чиқяпти. Лойиҳани тузишда маҳаллий тупроқ-иқлим шароит инобатга олинмаган. Биласиз, Хоразмда ер ости сувлари сатҳи юқори, тупроқни бир метр қазисангиз, сув чиқиб келаверади. Ҳозир муаммонинг ягона ечими сувни мунтазам тортиб олиб турувчи дренаж ўрнатиш бўляпти”, - деди мулозим.

Ер ости суви сизиши боис қурилиш чўзилаётганини у ерда ишлаётган муҳандислар ҳам Озодликка тасдиқлади.

Жалолиддин Мангубердининг 25 метрлик ҳайкали ва унинг остидан ўтувчи ярим километрлик ер ости йўлининг қурилиши апрель ойида бошланган ва уни Ўзбекистон Мустақиллигининг 30 йиллик санасига битказиш мўлжалланган эди.

Ҳайкалга жой очиш учун шаҳар марказидаги маъмурий ва баъзи турар-жой бинолари бузиб ташланди.

Урганч марказидаги ал-Хоразмий ва Ислом Каримов кўчалари кесишмасидаги қурилиш кетаётган 10 гектарлик майдон ҳозир ёғоч тўсинлар билан ўраб олинган, автомобиль қатнови у ерда вақтинча тўхтатилган.

Мирзиёевдан чиққан ташаббус

Бронзадан ясалган ҳайкал Россиядаги “Лит-Арт” ҳайкалтарошлик комбинатида қуйилиб, икки ой аввал Урганчга олиб келинди.

“Ҳайкал вагон станцияси омборхонасида ётибди. Уни қўядиган жой масаласи муаммо бўляпти. Бу лойиҳа Урганчнинг маҳаллий тупроқ-иқлим шароити яхши ўрганилмасдан тузилган. Бу камчиликларни тузатиш ортиқча меҳнат ва қўшимча маблағларни талаб этяпти”, - деди Хоразм вилоят Архитектура бошқармасининг исми очиқланмаслигини сўраган мулозими.

Ўзбек матбуотининг ёзишича, дунёдаги бронзадан ясалган энг катта от бўладиган Жалолиддин Мангубердининг маҳобатли ҳайкалини ўрнатиш ташаббуси президент Шавкат Мирзиёевга тегишли.

Ҳайкал учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 мартдаги 199-Ф-сон фармойишига биноан, давлат бюджетидан катта маблағ ажратилган.

Фармойишда қурилиш учун қанча маблағ сарфланиши айтилмаган.

Бронзадан ясалган энг катта от

Ўзбекистон Бадиий академияси мулозими ҳайкал 3 миллиард сўмга нархлангани, аммо бу суммага 10 та бўлкадан иборат улкан ҳайкал парчаларини Москвадан Урганчга келтириш билан боғлиқ логистика харажатлари кирмаслигини Озодликка билдирган эди.

Москвада ясалган Жалолиддин Мангуберди ҳайкали икки ой аввал Урганчга олиб келинди.
Москвада ясалган Жалолиддин Мангуберди ҳайкали икки ой аввал Урганчга олиб келинди.
Ҳайкал ўрнатилаган майдон остидан ёпиқ қисми 260 метр, очиқ қисми 240 метр бўлган ер ости йўли қурилади.

Кенглиги 17 метр, баландлиги 5 метр бўлган ушбу туннел Ўзбекистондаги энг узун ер ости йўли бўлади.

Унинг устига оғирлиги 50 тонна бўлган 25 метрлик ҳайкал қўйилади. Бу бронзадан ясалган дунёдаги энг катта от сифатида Гиннес рекордлар китобига кириши ҳам айтилмоқда.

"Пули кўпайган тандир бузиб-қуради"

Хоразмлик нафақадаги архитектор Қуронбой Рўзметов бу ер ости йўли Урганч шаҳри учун “жуда амбициоз лойиҳа” эканини айтади.

“Совет даврида ҳам Урганчда ер ости қурилишларига рухсат берилмаган, чунки ер остидан сув чиқади бизда. Шаҳарни битта жойида бор, бозор яқинида ер остидан пиёдалар ўтиш жойи. У ҳам чуқур қазилмаган, шунда ҳам ўтиб бўлмайди, доим сув босиб ётади. Энди ҳозир янги қурилиш технологиялари бордир, лекин ўша пайтда ер ости қурилишлари Урганч шароитига тўғри келмаслиги айтилган”, - дейди Қуронбой Рўзметов.

Урганч шаҳридаги Жалолиддин Мангуберди комплекси.
Урганч шаҳридаги Жалолиддин Мангуберди комплекси.

Урганчлик зиëли¸ "Олтин мерос" жамғармаси Хоразм вилоят бўлими раҳбари Комил Нуржон ҳам Озодлик билан суҳбатда янги ҳайкал ўрнатиш учун қурилиш ишлари кетаëтган майдондан сал нарида Жалолиддин Мангубердининг 14 метрлик улуғвор ҳайкали турганига эътибор қаратди.

"Пули кўпайган тандир бузиб-қуради", дейишади. Ҳайкал бор-ку, уни бузиб, буни қуришнинг нима кераги бор?. Ичимлик сув тизими ночор¸ йўллар яроқсиз шаҳарда иккита Жалолиддин ҳайкалига зарурат борми? Бунга кетадиган миллиардларни шаҳар ободончилиги¸ коммуникация ва инфратузилмани янгилашга¸ қариялар ва аҳолининг ночор қатламини қўллаб-қувватлашга ажратилса яхши бўларди", - дейди Комил Нуржон.


Хоразм вилоят ҳокимлиги Капитал қурилиш бўлими расмийлари Урганч марказида барпо этилаётган янги ҳайкал ва ер ости йўли қурилишида юзага келган муаммолар хусусида Озодликка изоҳ бермади.

Ҳокимлик янги ҳайкал ўрнатилганидан кейин Жалолиддин Мангубердининг эски ҳайкали тақдири нима бўлиши ҳақида ҳам жамоатчиликка маълумот бермаган.

XS
SM
MD
LG