Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:45

"Ватандошлар": Иккинчи уриниш. Мирзиёев хориждаги ўзбекларни бирлаштирмоқчи


Президент Шавкат Мирзиёев Германияга ташрифи чоғида ватандошлар билан - январь, 2019. (Президент матбуот хизмати)
Президент Шавкат Мирзиёев Германияга ташрифи чоғида ватандошлар билан - январь, 2019. (Президент матбуот хизмати)

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Ватандошлар” жамоат жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Қарорга кўра, жамғармага хориждаги 100 га яқин мамлакатларда яшаётган 10 миллиондан ортиқ ватандош, улар томонидан ташкил этилган 170 дан ортиқ маданий марказларни бирлаштириш вазифаси юкланди.

Жамғарманинг мақсад-вазифалари, самарадорлиги ва жамият ҳаётидаги аҳамияти тўғрисидаги Озодлик саволларига жамоатчилик вакиллари фикр билдирди.

"Ватандошлар" - хориждаги ўзбекларни бирлаштириш ғояси

Жорий йилнинг 11 август куни Ўзбекистон президентининг “Ватандошлар” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Фондни ташкил этишдан мақсад хорижий ўлкаларда истиқомат қилаётган “ватандошларни тарихий Ватани атрофида янада жипслаштириш, уларнинг қалби ва онгида юрт билан фахрланиш туйғусини юксалтириш, миллий ўзликни сақлаб қолиш, ватандошлар ва улар томонидан тузилган жамоат бирлашмаларини қўллаб-қувватлаш” ҳамда “турли соҳаларда фаолият юритаётган ватандошларнинг салоҳиятини Ўзбекистон тараққиётига самарали йўналтириш” экани айтилмоқда.

Қарор билан фонд фаолиятининг асосий йўналишлари этиб хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар ва улар томонидан тузилган жамоат бирлашмалари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва ривожлантириш, улар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, хорижда ўзбек тили, маданияти ва анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга қаратилган фаолиятни қўллаб-қувватлаш, ватандошлар дуч келаётган муаммоларни бартараф этишда кўмаклашиш ва қатор бошқа вазифалар белгиланган.

“Ватандошлар” жамоат фондининг олий органи этиб васийлик кенгаши белгиланган.

Маҳаллий нашрлар хабарига кўра, фонд васийлик кенгашига Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев раис қилиб, таниқли футбол ҳаками Равшан Эрматов эса васийлик кенгаши раиси ўринбосари этиб тайинланган.

Ҳужжатга мувофиқ, жамғарма алоҳида бино фойдаланишга тайёрлангунига қадар Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги биносига вақтинчалик текин фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштирилиши белгиланди.

Фондни ташкил этиш учун зарур бўлган дастлабки маблағ сифатида Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан 5 миллиард сўм (~0,5 млн. АҚШ долл.-таҳр.) миқдорда маблағ ажратилган.

Маҳаллий ОАВ қайдича, фонд дунёдаги 100 чоғли мамлакатда истиқомат қилаётган 10 миллиондан зиёд ватандош ҳамда улар томонидан ташкил этилган 170 дан ортиқ маданий марказни дастаклаш билан шуғулланади.

"Ватандошлар": Заруратми, сиёсат?

“Ватандошлар” жамғармаси қанчалик самарадор тузилма бўлади? Нима учун у айнан ҳозир тузилмоқда?

Озодликнинг бу саволларига жавоб берган таниқли сиёсатчи ва социолог, собиқ депутат Қобул Дўсов президентнинг ушбу қарорини ижобий баҳолайди:

- Бу қачонлардир қилиниши керак бўлган иш эди, аслида. Бу фонд Ўзбекистон ташқи сиёсатида катта муаммо бўлиб турган миграция, виза, диаспоралар масалаларини ҳал этиш учун тузилган. “Ватандошлар” фонди диаспоралар, меҳнат муҳожирларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва шу каби амалларни ичига олади. Ҳеч нарса қилмагандан нимадир қилган яхши-ку! Ҳозир диаспораларимиз аҳволи унақа ҳавас қиладиган даражадамас. 30 йиллик ўтган тузум жуда кўп нарсаларни эътибордан четда қолдирди. Биздан кетган рус, татар, кавказлик, яҳудийлар ҳам ўзларини Ўзбекистоннинг бир қисми, деб ҳисоблашади. Ўйлайманки, бу дастлабки ва жуда тўғри қадам!

Унинг фикрича, жамғарма раёсатига таниқли шахсларнинг қўйилиши ҳам бежиз эмас – бу амалнинг ҳам рамзий, ҳам амалий маъноси мавжуд:

- Дунёда маданиятларнинг танилишига спорт ва санъат сабабчи бўлган. Масалан, халқ артисти Шерали Жўраев, адашмасам, охирги 50-60 йил дунёнинг турли жойларига бориб, у ердаги ўзбеклар билан алоқада бўлган, ташқи муҳит ва маданиятни яхши билган одам. Равшан ака Эрматов ҳам жуда нуфузли ҳакам, спорт оламида нуфузга эга бўлган шахс. Улар шу нуқтаи назардан тажрибага эга одамлар сифатида жамғармага тайинланган, деб ҳисоблайман, - деди суҳбатдош.

Россияда 1991 йилдан буён фаолият юритиб келаётган “Ватандош” жамияти раиси Усмон Баратов фикрича, “Ватандошлар” жамғармаси тузилиши ортида сиёсий мақсадлар ётибди.

У Россиянинг "Россотрудничество" тузилмасига менгзаб яратилган бу жамғарма тузилишини "хориждаги барча ўзбекларни назорат остига олишга уриниши" ўлароқ баҳолади.

-Фикримча, бу ташқарида юрган ўзбек ва ўзбекистонликларни назоратга олиш. Бир неча миллион Ўзбекистон ташқарисидаги ўзбекистонлик диний оқимларга аралашмаслиги, ҳукуматга қарши тузилмаларга берилмаслиги учун тузилган давлат назоратидаги структура. 12 апрель куни “Ватандош” ташкилотимиз 30 йилга тўлди. Бизга ўхшаган элчихоналар “қора рўйхати”даги ташкилотлар четлаштирилиб, ўзларига бўйсунадиган тузилмалар билан алоқа қилинади, биламан. Охирги йилларда бизга жуда қаттиқ босим бўлди, ваҳоланки, биз душман эмас - Ўзбекистоннинг ривожланишини истаймиз, - деди Усмон Баратов.

Суҳбатдошнинг фикрича, ҳукуматнинг бу тузилмаси президент сайловлари арафасида Ўзбекистон имиджини кўтариш мақсадида қилинган:

- Улар номи улуғ одамларни бу фондга жалб қилиб, унинг обрўсини оширмоқчи. Мақсад - сайлов олдидан хорижда тарафдорлар сонини кўпайтириш. Бу жуда оғир иш, аслида: мазаси йўқ одам қандай уни бошқара олади?! Ташқарида юрган ўзбеклар озодлик ҳавосидан нафас олиб кўришяпти ва бўйсунмасдан қоляпти! Шу учун Ўзбекистон ҳукумати бизга ўхшаган ташкилотлардан душман яратмасдан, ҳамкорлик ўрнатиши керак, - деди Россиядаги “Ватандош” жамияти раиси Усмон Баратов.

Хориждаги ўзбекларни бирлаштириш ғояси тарихидан

Айтилишича, “Ватандошлар” хорижда қийин аҳволда қолган меҳнат мигрантларни қўллаб-қувватлаш учун 2018 йилда тузилган “Хориждаги меҳнат мигрантларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий ёрдам кўрсатиш” жамғармаси, 2020 йилнинг июлида Россияда рўйхатдан ўтган “Саховат" хайрия жамғармаси ҳамда бошқа шу каби жамғармалардан кўлами ва қамрови билан фарқ қилади.

Шавкат Мирзиёев ҳукумати республикадан ташқаридаги ўзбек ёшларини жалб қилиш ҳаракатларини олдинроқ бошлаган эди.

Хусусан, 2018 йилда Ўзбекистон ҳукумати кўмагида "Буюк келажак" экспертлар кенгаши тузилиб, у чет элда Ўзбекистондаги ислоҳотларни ривожлантиришга ҳисса қўшадиган ўзбекистонлик ёш мутахассисларни жамлашга қаратилганди.

2019 йили 30-мамлакатдан келган 200 дан ортиқ ватандошлар " Стратегия - 2035" - Ўзбекистонни тараққий эттириш стратегиясини ишлаб чиқди. Ўша йилиёқ “Буюк келажак” экспертлар кенгашининг аввалига 10, кейин яна 4 аъзоси ташкилотни тарк этиши ортидан, бу тузилма ўз фаолиятини деярли тўхтатгани маълум бўлди.

Аналитик ҳисоботлар учун Марказий Осиё бюроси маълумотича, Ўзбекистон билан қўшни бўлган бешта давлатда 7 миллионга яқин ўзбеклар этник озчилик сифатида яшаб келади. Булар қаторига вақтинчалик ишлашга кетган меҳнат муҳожирлари киритилмаган.

2018 йилда Ўзбекистон президенти “Ташқи меҳнат миграцияси тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 3839-сонли қарорига асосан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида жамғарма ташкил этилган эди.

Унда "Ватандош" тушунчасига ҳам изоҳ берилган. Ҳужжатга кўра, ватадошлар асосий уч хил бўлиши мумкин:

1. Ўзбекистон ватандошлари - турли сабабларга кўра, айни дамда хорижда яшаб ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари;

2. Собиқ ўзбекистонликлар - олдин Ўзбекистон ватандоши бўлган ва кейинчалик чет элга кўчиб кетиб бошқа давлат ватандошлигини олган шахслар;

3. Фуқаролиги бўлмаган шахслар - миллий ва этник келиб чиқиши туфайли ўзини ўзбек ёки қорақалпоқ миллатига мансуб деб ҳисоблайдиган ватандошлиги йўқ шахслар.

Қарорда айтилишича, ватандошларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича амалиётлар “Эл-юрт умиди” ҳамда бошқа хайрия жамғармалар ҳисобига ҳам амалга оширилади.

Жамғармага раҳбар этиб тайинланган машҳур ҳофиз Шерали Жўраев 1990-йиллар бошларида парамент депутати бўлган, кейинроқ саҳнадан четлатилган эди. Каримов ўлимидан сўнг у аввал саҳнага, кейин эса жамоатчилик фаолиятига қайтмоқда. Ўтган йил октябрида унинг бетоб экани ва хорижда муолажа олаётгани хабар қилинганди.

Марҳум президент Ислом Каримов мустақилликнинг дастлабки йилларида хорижий сафарлари чоғида ватандошлар билан фаол мулоқот қилган, уларнинг етакчиларини мамлакатга таклиф қилган эди. Кейинроқ ҳукумат, хусусан, АҚШ ва Саудия Арабистони каби давлатларда яшаётган ватандошларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўла бошлади ва уларнинг Ўзбекистонга сафар қилишларини тақиқлади. Таҳлилчилар Каримов хориждаги ватандошларнинг ўзлари яшаб турган давлат ва ўзбек мухолифати билан алоқалари, шунингдек, Ўзбекистондаги сиёсий жараёнларга мустақил ёндашувларини ўзининг режимига таҳдид деб кўрганини айтишади.

Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён хориждаги ватандошларни Ўзбекистонга қайтиб ишлаш ва ватанларига сармоя киритишга даъват қилиб келади. Ўзбекистонга қайтган бир қатор ватандошлар ҳукуматда юқори лавозимларни эгаллаган. Айни пайтда Ўзбекистондаги сиёсий таъқиблардан қочиб чиқишга мажбур бўлган ватандошлар ҳамда фаолларнинг катта қисми ҳанузгача Ўзбекистонга киритилмайди.

XS
SM
MD
LG