Линклар

Шошилинч хабар
16 сентябр 2019, Тошкент вақти: 13:26

Ўзбекистоннинг "Буюк келажагини" 10 эксперт тарк этди


"Буюк келажак" халқаро нодавлат-нотижорат ташкилоти Экспертлар кенгашининг 10 аъзоси кенгашни тарк этганини эълон қилди. Улар ўз қарорини ўзларига нисбатан ҳурматсизлик қилиниб келгани билан изоҳлади.

"Буюк Келажак" ташкилоти муассисларидан бири, Озодлик саволларига жавобан, экспертларнинг қарорини “ташкилотнинг ички иши" деб изоҳлади.

2018 йилнинг майида ташкил этилган "Буюк Келажак" халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти Экспертлар кенгашини 10 эксперт тарк этгани ҳақда кенгашни тарк этганлардан бири Дилмурод Юсупов ўзининг Facebook саҳифасида хабар берди:

"Буюк Келажак" халқаро нодавлат–нотижорат ташкилоти ташкил этилганда биз Ўзбекистондаги ислоҳотларга ўз ҳиссамизни қўшишимиз учун имкон яратилганидан хурсанд бўлгандик. Биз барчамиз Ўзбекистонни 2035 йилгача ривожлантириш концепциясини яратиш бўйича бир қатор лойиҳаларда иштирок этдик, ишлаб чиқдик, Биз «Buyuk Кelajak» халқаро нодавлат-нотижорат ташкилотининг (ХННТ) иккита форумида ва бошқа кўплаб тадбирларда онлайн равишда ва шахсан иштирок этдик. Минг афсус билан ташкилот ичидаги айрим сабабларга кўра, биз мазкур ташкилот доирасидан чиқамиз, аммо мамлакат тараққиёти учун ўз ҳиссамизни қўшишда давом этамиз”.

“Буюк Келажакни” тарк этганлар орасида Дилмурод Юсуповдан ташқари турли соҳа экспертлари Беҳзод Ҳошимов, Зайнаб Муҳаммад-Дўст, Қаҳрамон Носиров, Нодир Нуритдинов, Баҳром Ражабов, Тоштемир Ҳайдаров, Умид Обилхўжаев, Ҳасан Ражаббоев ва Шукуржон Назаровлар бор.

"Буюк Келажак" халқаро нодавлат-нотижорат ташкилоти таъсисчиларидан бири, москвалик ҳуқуқшунос Баҳром Исмоилов Озодлик билан мулоқотда ташкилотдан чиққан экспертларга миннатдорчилик билдириб, уларнинг ташкилотни тарк этишига изоҳ берди.

Баҳром Исмоилов Озодлик саволларига жавоб берар экан, "Буюк Келажак"да 300 дан ортиқ эксперт борлигини, уларнинг ҳар бири уюшмага эркин кириш-чиқиш ҳуқуқига эга эканини эслатди:

- Ташкилот тузилиши жиҳатидан Ўзбекистоннинг турли вазирлик ва идоралари билан мулоқотни тақозо этади. Шу боис жуда кўплаб ички ишчи гуруҳлар мавжудки, экспертлар унга кириб-чиқиб туришади. Бир гуруҳ шахслар шахсий қарашларига биноан ташкилотни тарк этишди. Улар “Буюк Келажак” иш фаолиятидан норози бўлгани боис чиқишгандир. Ваҳоланки, "Буюк Келажак" олдига қўйилган деярли барча вазифаларни биз бажардик, деб ўйлаймиз. Ҳар ҳолда, биз ҳурмат ва эҳтиром ила улардан ишимизга қўшган катта ҳиссалари учун миннатдормиз.

"Буюк Келажак" таъсисчиси тузилма иш олиб бораётган Ўзбекистон Республикасининг 2035 йилгача бўлган узоқ муддатли ривожланиш модели лойиҳасини топшириш арафасида эканини ҳам билдирди.

Озодлик "Буюк Келажак"дан чиқишини эълон қилган экспертлардан бири билан суҳбатлашди. Уларнинг айтишича, ёш мутахассисларнинг норозилигига қатор сабаблар мавжуд.

Исмини маълум важларга кўра сир сақлашни сўраган норозилардан бири бундай деди:

- "Буюк Келажак"да қатор дўстларимизга нисбатан беҳурматлик ҳолатлари бўлгани, давлат тили ва Ғалаба куни муносабати билан бўлган провокациялар, ташкилот кенгашининг тарқатилиши ва янги экспертларнинг ташкилотга киритилишида йўл қўйилган ўзбошимчалик бир гуруҳ фикрдошларнинг ташкилотдан чиқиб кетишига сабаб бўлди.

"Буюк Келажак" бошқарув раҳбарларига қўйилган эътирозлар
"Буюк Келажак" бошқарув раҳбарларига қўйилган эътирозлар

"Буюк Келажак" расмий сайтида Экспертлар кенгашининг асосий мақсадлари қаторида Ўзбекистон президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва уларга кўмаклашиш экани белгиланганини кўриш мумкин.

"Буюк Келажак" Экспертлар кенгашига ушбу мақсадларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасининг 2035 йилгача бўлган узоқ муддатли ривожланиш моделини тайёрлаш топширилгани ҳам айтилади.

Бу ташкилотнинг асосий ҳомийлари қаторида Фаттоҳ Шодиев Халқаро жамғармаси кўрилади.

Айни дамда, турли соҳаларда йирик натижаларга эришган ва оламнинг турли бурчакларида фаолият юритаётган 300дан зиёд истеъдодли ёш мутахассисни ўзида бирлаштирган "Буюк Келажак"нинг бир қатор вакиллари Ўзбекистонда ҳукумат ва давлат бошқаруви идоралари фаолиятига жалб этилгани борасида Озодлик хабар қилганди.

Жумладан, ташкилот эксперти Одилбек Исоқов молия вазирининг маслаҳатчиси, Молия вазирлигининг давлат суверен, корпоратив (банк) қарз мажбуриятлари ва давлат қарзи бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланганди.

Маданият вазирлиги томонидан ўтказилган халқаро танловда ғолиб топилган москвалик 60 яшар санъатшунос ва “Буюк Келажак”нинг яна бир эксперти Тигран Мкртичев Нукусдаги Савицкий номидаги Давлат санъат музейига янги раҳбари этиб тайинланди.

“Буюк Келажак” ташкилоти аъзоси Фарҳод Саломов 2018 йилнинг октябрида “Халқ банки” раиси ўринбосари лавозимига сайланди.

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг Москвада иш бошлаган ваколатхонасига раҳбар этиб "Буюк Келажак” Халқаро нодавлат-нотижорат ташкилоти эксперти 33 яшар Саиднўмон Мансуров тайинланганди.

Москва ўзбек миллий - маданий автономияси раиси Ҳабиб Абдуллаев “Навоий” эркин иқтисодий зонаси директори лавозимига тайинлангани борасида Озодлик хабар қилган.

"Буюк Келажак" ҳақида ташкилот расмий сайтида бундай дейилган:

"BUYUK KELAJAK" халқаро нодавлат нотижорат ташкилотини ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг хорижда яшаётган юртдошларимизни мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга дахлдор бўлишларига қилинган даъватларига жавоб бўлиб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишни қўллаб-қувватлаш бўйича кўмаклашмоқчи бўлган барчанинг саъйи-ҳаракатларини бирлаштириш, давлат ва жамиятни ҳар томонлама ва жадал ривожлантириш мақсадида 2018 йилнинг апрель ойида «BUYUK KELAJAK» ХННТ ташкил этилган эди..."

Шарҳларни кўринг (5)

XS
SM
MD
LG