Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:47

Мирзиёев ғолиб олимпиячиларни тақдирлади, бошқа турнир ғолибларига ҳам пул мукофоти ваъда қилди


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Токио Олимпиада ўйинларида ғолиб чиққан спортчиларни тақдирлади.

Токиодан қайтган ўзбек спортчилари билан учрашув чоғида Мирзиёев нуфузли халқаро мусобоқада иштирок этган барча спортчилар ва айрим мураббийларга ҳам пул мукофотлари берилишини айтди.

"Биз Олимпиаданинг ғолиб ва совриндорлари, уларнинг тренерлари ҳамда барча иштирокчиларни муносиб тақдирлашга қарор қилдик”, - деди Мирзиёев Олимпиадада қатнашиб қайтган ўзбек спортчилари билан учрашувда.

Жаноб Мирзиёевга кўра, Олимпиадада иштирок этган ҳар бир спортчига 5 минг АҚШ доллардан, олтин медал соҳибларига 200 минг, бронза медаллар соҳибларига 50 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот берилади.

Бундан ташқари ғолиб ўзбек спортчиларига қимматбаҳо машиналар ва уй ҳам совға қилинди.

Шунингдек, медал совриндорлари бўлган спортчиларнинг мураббийларига ҳам 40 минг АҚШ долларигача мукофот пули берилади.

"Келажакда нафақат Олимпиада, балким бошқа халқаро нуфузли мусобақа ғолиблари ва уларнинг мураббийларига ҳам пул мукофотлари бериш йўлга қўйилади", - деди Мирзиёев.

Президентга кўра, нуфузли халқаро мусобақаларда ғолиб чиққан спортчилар ва уларнинг тренерларига 500дан 3 минг долларгача мукофотлар беришга қарор қилинган.

Ўзбекистонда беш йил аввал Рио Ёзги Олимпиада ўйинларининг олтин медали соҳиблари 200.000, кумуш медали совриндорлари 100.000 ва бронза медали эгалари 75.000 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофотлари билан ҳам тақдирланишган.

Ўзбек боксчилари ўшанда ҳисобларидаги 3 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медаллари билан илк бор умумжамоа ҳисобида қолган барча Рио Ёзги Олимпиада ўйинлари иштирокчиларини ортда қолдиришганди.

Ўзбекистон раҳбарияти 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада ўйинларида олтин медал соҳибларига 100 минг, кумуш медал олган спортчига 50 минг ва бронза медали совриндорига 25 минг АҚШ доллари ваъда қилган эди.

Ўзбекистонда ғолиб олимпиячиларга мукофот пуллари хорижий валюта - АҚШ долларида берилади ва бундан солиқ ундирилмаслиги айтилади.

Токио Олимпиадасида 200дан ортиқ мамлакат делегациялари иштирок этди. Тўқсондан ортиқ мамлакат совриндор бўлди.

Ўзбекистон иқтисоди ғариб аҳволда бўлишига қарамай бу мамлакат ғолиб спортчиларга мукофот пуллари бериш борасида Сингапур, Индонезия, Қозоғистон ва Италиядан кейинги бешинчи ўриндадир.

Индонезия ҳукумати олимпиада чемпионлиги учун 746 минг АҚШ долларига тенг мукофот таклиф қилган.

Дунёдаги энг бой давлатлардан бири АҚШда Олимпиадада олтин медал олган спортчи 37 минг доллар билан мукофотланади.

Норвегияда эса Олимпиада совриндорларига мукофотлар кўзда тутилмаган. Уларга ҳар йили 12 минг евродан стипендия бериб борилади.

XS
SM
MD
LG