Линклар

Шошилинч хабар
27 сентябр 2021, Тошкент вақти: 09:19

Толибон афғонларни мамлакатда олиб қолиш учун имомлардан ëрдам сўради


Толибон имомларни жума ваъзларида мамлакат бирлигини таъминлашда кўмаклашишга чақирди.

19 август - Афғонистон Мустақиллиги кунида бир неча шаҳарда толибларга қарши намойишлар ўтказилди. Ҳаракат вакиллари аввалроқ тинчликни сақлаш ва шариат қонунларига асосланган ҳукумат тузишга ваъда берганига қарамай намойишчиларга нисбатан зўрлик ишлатгани, ҳатто бир неча одамнинг ўлдирилгани ҳақида хабарлар бор.

Жума намози олдидан толиблар эълон қилинган мурожаатда айтилишича, имомлар “ватандошларни мамлакатни тарк этиш эмас, балки унинг равнақи йўлида ишлашга даъват қилиши” ҳамда “душманнинг ғаразли пропагандасига” зарба бериши лозим.

Хабарларга кўра¸ 19 август куни пойтахт кўчалари нисбатан тинч бўлган, қуролли жангарилар кўчаларни машиналарда ва пиёда кезиб юрган, айрим дўкон ва корхоналар қайтадан очилган. Аммо банк ва ҳукумат муассасалари ҳали ишга тушмаган.

Аэропортда эвакуация рейслари давом этмоқда, парвоз хавфсизлигини АҚШ ва унинг иттифоқчилари таъминламоқда. 19 августдаги маълумотга кўра, Америка ҳарбийлари 14 августдан бери 7000 нафарга яқин одамни Афғонистондан олиб чиққан.

АҚШ Мудофаа вазирлиги толиблар хорижликларни кўчиришда ёрдам бера бошлаганини билдирди.

Айни пайтда¸ Толибон аэропортга элтувчи йўлларни тўсиб, афғонларни ўтказмаётгани ҳақидаги хабарлар ортидан мамлакатдан кетишни хоҳловчиларнинг саросимага тушгани кузатилмоқда.

XS
SM
MD
LG