Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:05

Қозоғистон ЕИ фуқароларини Афғонистондан кўчириб келаётган учоқларга ёқилғи қуйиб олишга рухсат берди


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Қозоғистон Европа Иттифоқи мамлакатлари фуқаролари кўчириб келинаётган транспорт учоқларига ўз аэропортларида ёқилғи қуйиб олинишига рухсат берди. Бу ҳақда президент Қосим-Жўмарт Тоқаев Европа кенгаши президенти Шарль Мишель билан телефон орқали суҳбати чоғида маълум қилди.

Оқ Ўрда матбуот хизмати хабарномасига кўра, Тоқаев Шарль Мишелга “Қозоғистоннинг афғон муаммоси бўйича позицияси” ҳақида маълумот берган. Хусусан, Қозоғистон раҳбари БМТнинг Афғонистондаги офисини вақтинча Олмаотага жойлаштиришга қарор қилинганини, шунингдек, Қозоғистонда таълим олаётган афғон талабаларига зарур ёрдам кўрсатилаётганини айтган.

Таъкидланишича, Қозоғистон Афғонистон билан боғлиқ ноқонуний миграция, наркотрафик, одам ва қурол савдоси каби масалаларда ҳам ЕИ билан яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр.

Тоқаев мулоқот чоғида “урушдан жабр кўраётган бутун афғон халқи манфаатлари учун барча этник гуруҳлар вакиллари иштирокидаги инклюзив ҳукумат ташкил қилингач” Афғонистонда вазият барқарорлашувига умид билдирган.

Европа кенгаши президенти “Twitter”даги саҳифасида БМТнинг Афғонистон бўйича ҳамкорлик миссияси персоналини қабул қилгани учун Қозоғистонга миннатдорлик билдириб, Тоқаев таклиф қилган муаммолар икки томон учун “умумий устувор вазифалар” экани ҳақида ёзди.

XS
SM
MD
LG