Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:27

Саида Мирзиёева Ўзбекистон матбуоти турғунликдан рақобатбардошликка ўтгани ҳақида гапирди


9 сентябрь куни Тошкентда ЕХҲТнинг Марказий Осиё 23-медиа анжумани иш бошлади.

“Марказий Осиёда оммавий ахборот воситаларининг ижтимоий аҳамиятини ошириш” мавзусида ўтказилаётган тадбир очилишида ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Тереза Рибейру, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фозилов, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ҳамда соҳа вакиллари иштирок этди.

Анжуманда сўзга чиққан Тереза Рибейру оммавий ахборот воситалари эркинлигисиз жамиятда ўсиш бўлмаслигини таъкидлади.

Тадбир мезбонларидан Саида Мирзиёева мамлакатда ОАВ самарали ривожланётганини қайд этган.

“Сўнгги беш йилда ОАВ тез ва самарали ривожланди. Биз турғунликдан рақобатбардошликка ўтдик. Ва буларнинг барчаси халқаро ҳамжамият назорати остида”, деган С.Мирзиёева.

Президент Мирзиёевнинг тўнғич қизи ўзини мамлакатдаги сўз эркинлиги, журналистлар ва блогерлар ҳимоячиси сифатида тақдим қилиб келади. Бундан аввал у Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбарининг ўринбосари бўлган. Айни пайтда Мирзиёева ўзбекистонлик блогер ва журналистларга қарши, халқаро матбуот ташкилотларининг хавотирларига сабаб бўлган жиноят ишлари юзасидан бирон баёнот бермаган. У шунингдек, ижтимоий тармоқлар фаолиятига қўйилган чекловларни ҳам изоҳламаган.

Аввалроқ Париждаги “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти Ўзбекистонда сайловлар йилида матбуот ва ижтимоий тармоқлар устидан назорат кучайтирилганидан хавотир билдирган эди.

Жорий йилда Ўзбекистон халқаро Матбуот эркинлиги индексида бир поғона пастлаган.

XS
SM
MD
LG