Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:13

Байден миллионларча давлат хизматчиларига COVID-19 га қарши эмланишни мажбурий қилиб қўйди


АҚШ президенти Жо Байден барча федерал давлат хизматчилари, давлатга қарашли тиббиёт муассасалари ҳамда йирик ширкатларнинг ходимлари COVID-19 га қарши эмланишга мажбурлигини эълон қилди.

Мазкур талаб тахминан 100 миллион америкалик, яъни мамлакатда банд аҳолининг учдан икки қисмига тааллуқли, деган президент 9 сентябрдаги мурожаатида.

Шу пайтгача АҚШ давлат хизматчиларига ё эмланиш, ёки ҳар куни тест топшириш талаб қилинган бўлса, эндиликда эмланмаганлар ишдан бўшатилиш хавфи остида қолади.

Байденга кўра, Head Start федерал дастурларига жалб қилинган 300 минг нафар педагог, шунингдек, Medicare ва Medicaid миллий дастурлари орқали маблағ олувчи тиббиёт муассасаларининг 17 миллион ходими эмланиши лозим.

АҚШ президенти буйруғига кўра, юздан ортиқ одам ишлайдиган ширкатлар ўз ходимларига эмланиш ёки ҳар ҳафта коронавирусга тест топшириш талабини қўйиши керак, акс ҳолда уларга катта миқдорда жарима қўлланади.

Бугунги кунда АҚШда аҳолининг 53 фоизи тўлиқ эмланган.

Республикачилар партияси Байденнинг давлат хизматчиларини мажбурий эмлаш қарорини “ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш”, деб баҳолаган.

Президентдан йирик касаба уюшмалари ҳам норози бўлмоқда. Хусусан, Федерал ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари уюшмаси раҳбари Ларри Косме бу қарор “хато” эканини, эмлаш “мажбурий тартибда эмас, балки одамлар билимини ошириш ва рағбатлантириш йўли билан” амалга оширилиши зарурлигини айтган.

XS
SM
MD
LG