Линклар

Шошилинч хабар
25 сентябр 2021, Тошкент вақти: 02:30

“Толибоннинг ҳийласи”. Сиёсатшунос – Афғонистоннинг янги ҳукумати, Панжширдаги вазият ҳамда Покистоннинг роли ҳақида


Толибон ҳаракати етакчиси – 60 ёшли Ҳайбатуллоҳ Охундзода давлатнинг олий раҳбари бўлди, ҳукумат бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб эса мулла Муҳаммад Ҳасан Охунд тайинланди.

Толибон ҳаракати мамлакатнинг янги ҳукумати таркибини эълон қилди. Ҳаракат етакчиси – 60 ёшли Ҳайбатуллоҳ Охундзода давлатнинг олий раҳбари бўлди. Ҳукумат бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб мулла Муҳаммад Ҳасан Охунд тайинланди.

У шу пайтгача радикал ҳаракат шўроси (бошқарув кенгаши) раҳбари эди. Деярли барча муҳим лавозимлар Толибон вакиллари ўртасида тақсимланган.

Бу орада Афғонистонда норозилик тўлқини кенг қулоч ёзмоқда. Бир қанча шаҳарларда Толибонга ва Покистонга қарши митинглар ўтказилди. Одамлар Исломободдан Панжширни бомбалашни тўхтатишни ва Афғонистондан чиқиб кетишни талаб қилишмоқда.

“Настояшчее время” телеканали минтақадаги вазият ҳақида сиёсатшунос Рустам Бурнашев билан суҳбатлашди.

Афғонистоннинг янги ҳукумати хусусида қандай фикрдасиз?

– Унга қисқагина қилиб “муваққат ҳукумат” деб изоҳ берса ҳам бўлади. Толибон ҳаракати ўз мавқеини мустаҳкамлашга тиришаётгани кўриниб турибди, чунки бундан кейин, ўзлари айтмоқчи, инклюзив ҳукумат тузиш борасида бирор музокаралар бўлган тақдирда, чеккада қолган кучлар аллақачон эгаллаб олинган лавозимларга даъвогарлик қилишига тўғри келади. Иккинчи жиҳат шуки, ушбу муваққат ҳукумат ғирт толибонча ҳукумат бўлди, яъни унинг таркибида, масалан, мухолифат ёки квазимухолифат тузилмаларининг вакиллари йўқ.

– Бу ҳукумат вақтинчалик, деб ўзингиз айтяпсиз. Умуман, у қанчалик муваққат бўлиши мумкин? Зеро, сиёсатда “вақтинча” дегани кўп ҳолларда мангуликдан ҳам узоқ давом этувчи жараённи билдиради...

– Ҳа, бу бир ҳийла, албатта. Толибон ҳаракати уни муваққат ҳукумат деб атаяпти ва, музокаралар учун майдон қолдириш мақсадида жўрттага унинг вақтинчалигига урғу бермоқда, чунки, ўйлашимча, ҳатто Панжширнинг шартли забт этилиши ҳам Афғонистонда ўзаро курашга нуқта қўя олмаслигини ва бу фуқаролар уруши тугагани ёки унинг имконсизлигини англамаслигини яхши тушуниб туришибди. Шу боис ҳам, келгусида яна бирор ҳийла-найранг ва музокаралар ўтказишга имкон қолдириш учун шундай йўл тутишди. Ҳукуматнинг айни таркиби доимий ҳукуматда ҳам шу ҳолича сақланиб қолиши эҳтимоли юқори.

– Лекин ахир толиблар ҳукумат инклюзив бўлишини ва унга ҳатто Афғонистон ҳукуматининг собиқ раҳбари Абдуллоҳ Абдуллоҳ ҳам киртилиши мумкинлигини айтишганди-ку?

– Сўз бошқа, амал бошқа. “Уйланишга ваъда бериш – уйланаман дегани эмас”. Ҳукуматга ғайритолиб кучлар ҳам киритилади, деб баёнот бериш билан бу ишни амалда қилиш ўртасида катта фарқ мавжуд. Қолаверса, мухолифат вакилларига айнан қандай лавозимларни раво кўришлари мумкин, деган савол ҳам бор. Агар вазир ўринбосари ва шунга ўхшаш иккинчи даражали лавозимлар таклиф қилинса, бу инклюзив ҳукумат бўлмайди. Шундай экан, амалда бажариладиган ишларга, улар қандай амалга оширилаётганига, қанақа инклюзив мансаблар ҳақида гап бораётганига диққат қилиш лозим.

– Сизнинг-ча, Панжшир дарасида нималар бўлмоқда? Толиблар ғалаба қозонишгани ва вилоят марказини ишғол этишгани ҳақида рапорт бериб ётишибди, Аҳмад Масъуд эса жангарилардан мағлуб бўлганини инкор этяпти. Сизнинг фикрингиз қандай?

– Менгу бу ахборот урушининг классик кўринишларидан бири бўлиб туюляти. Толибон ҳаракатининг сўнгги ойлардаги ютуқларини таҳлил қиладиган бўлсак, улар кўп жиҳатдан жангарилар учун фойдали бўлган ижобий мазмунли кўпдан-кўп хабар ва янгиликлар устига қурилганини кўрамиз. Яъни, фалон вилоят олинди ёки фалон шаҳар забт этилди, деган мазмундаги баёнотлар ўша ҳудудда толибларга қаршилик кўрсатишдан маъно қолмагандек таассурот уйғотади. Толибон узил-кесил ғалаба қозонганига ҳаммани ишонтиришга ошиқмоқда.

Бошқа тарафдан, табиийки, Аҳмад Масъуд унинг ҳали захира кучлари борлигини ва қаршилик кўрсатишга тайёрлигини исботлашга ҳаракат қилмоқда. Ва мен айни вазиятда Аҳмад Масъуднинг сўзларида ҳақиқат кўпроқ, деган фикрга мойилман. Чунки Толибон чиндан Панжширни эгаллаган ва минтақадаги муҳим шаҳар ва қишлоқларни қўлга киритган тақдирда ҳам бу ҳали ғалаба дегани эмас. Советларнинг Афғонистондаги ҳарбий амалиётлари тажрибасидан биламизки, мазкур ҳудуд совет қўшинлари томонидан бир неча бор босиб олинган, лекин бирор аҳоли пунктини ишғол этиб, вақтинча назоратда сақлаш – аҳолини ва минтақани тўлиқ назорат қилишни англатмайди.

– Покистон идоралараро разведка қўмитаси бошлиғи Файз Ҳамиднинг Кобулда нима иши бор? У Афғонистонга учиб келганидан бери кўп воқеалар юз берди, чунончи, исёчилар уларнинг марраларини Покистон дронлари бомбалаётганини хабар қилишяпти.

– Гап-сўзларга қараганда, Толибон ҳаракати Покистон томонидан, айнан Покистон разведкаси томонидан фаол дастакланади. 100 фоиз ҳақиқат, деб даъво қила олмаймизу аммо орқаваротдан айтишларича, Толибон махсус бўлинмалари таркибида покистонлик ҳарбий хизматчилар жанг қилар экан. Қолаверса, Панжширда ростдан ҳам Покистон авиацияси қўлланаётганини тилга олиш мумкин. Шу маънода Покистон юқори мартабали хавфсизлик мулозимининг ташрифи Толибон ҳаракати билан ушбу мамлакат ўртасида алоқалар мавжудлигидан далолат бермоқда. Бу ҳамкорлик Толибонга асос солинган 90-йиллар ўрталаридан бери давом этиб келяпти.

Покистон Афғонистонда нимага эришмоқчи? Энг катта мақсади нима?

– Ушбу вазиятга баҳо бериш мен учун бирмунча қийин, чунки Жанубий Осиё бўйича мутахассис эмасман. Аммо яққол кўриниб турган бир нарса бор: Покистон учун Афғонистон – айрим Марказий Осиё мамлакатлари кўзлаётган “Шимол – Жануб” йўналишидаги муҳим стратегик макон бўлиб, агар унинг транзит салоҳиятидан оқилона фойдаланилса, Покистон иқтисодиёти ривожланишига жуда катта дастак бериши мумкин.

XS
SM
MD
LG