Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:43

Коронавирусдан ўлган америкаликлар сони 1918 – 19 йиллардаги грипп қурбонлари сонига етди


Пандемия ҳануз АҚШ ва дунёнинг бошқа қисмларида жиддий муаммо бўлиб қолмоқда.
Пандемия ҳануз АҚШ ва дунёнинг бошқа қисмларида жиддий муаммо бўлиб қолмоқда.

COVID-19 вируси туфайли нобуд бўлган америкаликлар сони 1918 – 19 йиллардаги испан гриппи пандемияси қурбонлари сонига етди: бугунга қадар коронавирус тахминан 675 000 нафар америкалик умрига зомин бўлди. Бу ҳақда The Associated Press агентлиги хабар бермоқда.

Бир аср олдин АҚШ аҳолиси ҳозиргидан тўрт бараварга оз бўлган. Бошқача қилиб айтганда, испан гриппи аҳолининг анча катта қисмини қирган. Аммо COVID-19 инқирози ҳам йирик фожиадир, айниқса сўнгги аср давомида эришилган илмий ютуқлар ҳамда мавжуд вакциналардан максимал даражада фойдаланилмаётгани эътиборга олинса.

Испан гриппи сингари, коронавирус ҳам орамиздан бутунлай йўқолмаслиги мумкин. Бунинг ўрнига, олимлар эмлаш ва такрорий инфекция орқали одамлар иммунитети кучайишига ва коронавирус енгил мавсумий касалга айланишига умид қилмоқда. Бу эса вақт талаб қилиши мумкин.

«Умид қиламизки, бу шамоллаш каби бўлади, лекин бунга ҳеч қандай кафолат йўқ», деди Эмори университети биологи Рустом Антиа. Унинг сўзларига кўра, энг яхши ҳолатда бу бир неча йил ичида амалга ошиши мумкин.

Пандемия ҳануз АҚШ ва дунёнинг бошқа қисмларида жиддий муаммо бўлиб қолмоқда.

Коронавируснинг дельта штамми келтириб чиқарган тўлқин сусая бошлаганига қарамасдан, АҚШда кунига ўртача 1900 ўлим қайд этилмоқда. Бу эса март ойининг бошидан бери кузатилган энг юқори кўрсаткичдир. Жонс Хопкинс университети маълумотларига кўра, душанба куни мамлакатда коронавирусдан нобуд бўлганларнинг умумий сони 675000 дан ошди. Аслида бу рақам бундан ҳам юқори эканига ишонилади.

Қиш келиши билан вирус юқтириш ҳолатлари янада кўпая бошлаши мумкин. Вашингтон университети ишлаб чиққан модель 1 январгача яна 100000 америкалик вирусдан нобуд бўлишини башорат қилмоқда.

1918 – 19 йиллардаги грипп пандемияси 50 миллион одам умрига зомин бўлган. Ўшанда дунё аҳолиси ҳозиргидан тўрт бараварга оз бўлган.

Сўнгги маълумотларга кўра, дунё бўйлаб COVID-19 туфайли ўлганлар сони 4,6 миллиондан ошиб кетди.

Испан гриппидан АҚШда нечта одам ўлгани тахмин холос, чунки ўша пайтда касаллик сабаби яхши тушунилмаган ҳамда мукаммал қайдлар олиб борилмаган. 675 000 рақамини АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва профилактика марказлари ҳисоблаб чиққан.

Агар вирус мутациялар орқали аста-секин заифлашса ва инсон иммунитети тобора кўпроқ уни нишонга олишни ўрганса, COVID-19 пандемияси чекина бошлаши мумкин. Инсон иммунитетини кучайтиришнинг асосий йўллари эмлаш ва инфекциядан омон қолишдир. Эмадиган чақалоқлар онасидан қисман иммунитет олади.

Ушбу оптимистик сценарийга биноан, мактаб ўқувчилари енгил касалланади, бу эса уларнинг иммунитет тизимини янги инфекцияларга ҳозирлайди. Болалар улғаяр экан, уларнинг иммунитети жавоб реакциясини эслаб қолади. Натижада улар кекса ёшга етганларида, коронавирус шамоллаш вирусидек бўлиб қолади.

Бу эмланган ҳозирги ўсмирларга ҳам тегишли: уларнинг иммун тизими вакциналар ва енгил инфекциялар орқали кучайиб боради.

«Ҳаммамизга юқади», деб башорат қилди Антиа.

«Асосий масала – инфекция оғир экани ёки йўқлиги».

1918 – 19 йиллардаги пандемия сабабчиси H1N1 грипп вируси қисмати шундай кечган. Вирус иммунитетга эга бўлган одамларга дуч келган ва мутация натижасида заифлашган. H1N1 бугунги кунда ҳам мавжуд, аммо инфекция ва эмлаш ортидан одамларда ҳосил бўлган иммунитет туфайли вирус жиддий хавф туғдирмайди.

Ҳозирги кунда ҳар йили гриппга қарши эмланиб, H1N1 ва бошқа грипп штаммларидан ўзингизни ҳимоя қилишингиз мумкин. Грипп ҳар йили 12 000 дан 61 000 гача америкалик умрига зомин бўлади, лекин, умуман олганда, бу мавсумий муаммо ва уни ҳал қилиш мумкин.

COVID-19 бошланишидан олдин 1918 – 19 йиллар гриппи бутун инсоният тарихидаги энг ёмон пандемия ҳисобланарди. Коронавирус пировардида янада кўпроқ одам умрига зомин бўладими-йўқми, номаълум.

Кўп жиҳатдан 1918 – 19 йиллар гриппи мудҳишроқ бўлган. Шу ўринда айтиш жоизки, пандемияга испан гриппи номи берилгани нотўғри, чунки касалликни биринчи марта Испания матбуоти кенг ёритгани учунгина унга шу ном берилган.

Биринчи жаҳон уруши туфайли бутун дунё бўйлаб тарқалган вирус кўплаб ёш, соғлом одам умрига зомин бўлган. Уни секинлатиш учун вакцина йўқ бўлган, иккиламчи бактериал инфекцияларни даволаш учун антибиотиклар бўлмаган.

Учоқлар орқали саёҳат қилиш имконияти ҳамда оммавий миграциялар ҳозирги пандемия оқибатлари янада аянчли бўлишига туртки бўлиши мумкин. Дунёнинг кўп қисми ҳали-ҳануз эмлангани йўқ. Қолавера, коронавирус кутилмаган ҳодисаларга бой бўлди.

Мичиган университетининг тиббий тарихчиси доктор Ховард Маркел пандемия келтириб чиқараётган муаммолар кўламидан доимо ҳайратда эканини айтди.

«Мен [Хитой ҳукумати бошида жорий қилган] карантинлар кўламидан лол қолдим», деди у.

АҚШда эмлаш жараёни секин кечаётгани уни ҳайратлантираётган яна бир нарсадир.

АҚШ аҳолисининг 64 фоизидан камроғи камида бир доза вакцина олган. Вермонт ва Массачусетс штатларида бу кўрсаткич тахминан 77 фоизни, Айдаҳо, Вайоминг, Ғарбий Виржиния ва Миссисипида эса 46 – 49 фоизни ташкил қилади.

Our World in Data нашри маълумотларига кўра, дунё аҳолисининг қарийб 43 фоизи камида бир доза олган. Баъзи Африка давлатларида эндигина биринчи дозаларни бериш бошланган.

«Биз биламизки, барча пандемиялар тугайди», деди Миллий соғлиқни сақлаш институтларининг шошилинч тиббий ёрдам тадқиқотлари директори доктор Жереми Браун.

Брауннинг сўзларига кўра, агар кўпроқ одам тезроқ эмланганида, АҚШда ўлимлар сони анча озроқ бўлган бўларди.

«Вазиятни ўзгартириш учун бизда ҳали ҳам имконият бор», деди Браун.

Ҳозирги кунгача маъқулланган вакциналар шу пайтгача юзага келган вирус вариантлари оғир касаллик келтириб чиқариши ва ўлимга олиб келиши олдини олишда жуда самаралидир.

Антиа олимлар вирусга вакцина таъсир қилмай қўйиши ёки эмланмаган болаларда оғир касалликларни келтириб чиқариши олдини олиш учун курашиши кераклигини айтди.

Вакцинофобия. Ишончни йўқотган ҳукуматлар аҳолини қандай ишонтирмоқчи?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:24:35 0:00

Чоршанба куни Pfizer компанияси вакили агар вирус сезиларли даражада ўзгариб кетса, Pfizer ва Moderna вакциналари технологиясидан фойдаланган ҳолда 110 кун ичида янги вакцина ишлаб чиқариш мумкинлигини айтди. Компания айни дамда иммунитетни юқори даражада ушлаб туриш учун ҳар йили эмланиш керак бўлиши ёки йўқлигини ўрганмоқда.

Вашингтондаги эпидемиология профессори Энн Мари Кимбаллнинг айтишича, коронавирус грипп вирусларига қараганда секинроқ мутацияга учрайди.

Хўш, ҳозирги пандемия 1918 – 19 йиллардаги грипп пандемиясидан ҳам ўзиб, инсоният тарихидаги энг даҳшатли касаллик ўлароқ тарихга кирадими?

«Йўқ, дейишга мойилман. Инфекцияни назорат қилиш ва касал одамларни қўллаб-қувватлаш қобилиятимиз бор. Замонавий тиббиёт бор», деди Кимбалл.

«Аммо бизда одамлар кўп ва ҳаракатчанлик кўп».

Иммунитетни ҳимоя қилиш учун вакцина олгандан кўра вирусни юқтириб, иммунитетини кучайтиришга умид қилаётган одамларга қарата Кимбалл шундай деди:

«Муаммо шундаки, иммунитетга эга бўлиш учун инфекциядан омон қолиш керак».

Унинг сўзларига кўра, тегишли жойга бориб, эмланиш бундан осонроқдир.

XS
SM
MD
LG