Линклар

Шошилинч хабар
25 октябр 2021, Тошкент вақти: 09:15

Францияда католик руҳонийлари 200 мингдан ортиқ болани жинсий таҳқирлаган – ҳисобот


Сешанба куни эълон қилинган кенг қамровли тадқиқот хулосасига кўра, француз руҳонийлари ўтган 70 йил давомида 200 мингдан ортиқ болани жинсий таҳқирлаган. Ҳисобот муаллифлари Католик черковини ушбу ҳолатга панжа орасидан қараганликда айблади, деб хабар бермоқда “Reuters” ахборот агентлиги.

Черков тизимли таҳқирлашлар қурбонларини эмас, балки ўзини ҳимоя қилиш учун масалага “йиллар давомида чуқур, буткул ва шавқатсиз бефарқлик билан қараб келган”, дейди ҳисоботни тайёрлаган комиссия раҳбари Жан Марк‑Сов.

Унинг айтишича, аксар азият чекканлар 10–13 ёшлардаги ўғил болалардир.

“Черков нафақат чора кўрмаган, балки бу ҳақда хабар бермаган, баъзида болани йиртқичнинг қўлига топшириб қўя қолган”, дейди у.

Француз епископлари конференцияси раҳбари Эрик де Мулен-Бофор Черков уятли аҳволда эканини айтди ва кечирим сўраб, ҳолат юзасидан чора кўришга ваъда берди.

Дунё бўйлаб жинсий таҳқирлар ҳақидаги фош қилувчи хабарлар ортидан Франциядаги бу янгилик Рим Католик Черковига охирги зарба бўлди, дейилади агентлик хабарида.

2018 йили Францияда католик епископлари таҳқирлашларни текшириш, шундоқ ҳам черковга қатновчилар камайиб бораётган бир вақтда унга ишончни тиклаш бўйича комиссия ташкил қилган эди. Комиссия Черковдан мустақил ишлаб келаётганди.

Совнинг айтишича, муаммо ҳамон бор. Унинг қўшимча қилишича, Черков 2000 йилгача азият чекканларга беписанд қараб келган ва муносабат 2015‑2016 йилларда ўзгара бошлаган.

Черков ислоҳотга муҳтож

Католик черковининг руҳонийларнинг жинсий ҳаёти, итоаткорлиги ва поклиги ҳақидаги таълимоти руҳонийларнинг жинсий таҳқирларига йўл очган, деди Сов ва Черков омма ишончини қозониши учун у бу таълимотини қайта кўриб чиқиши керак, дея қўшимча қилди.

Черков барча юз берган ишлар учун масъулиятни бўйнига олиб, таҳқирлашлар ҳақидаги маълумотларни судга ошириши керак, дейди комиссия.

Черков, шунингдек, қурбонларга муносиб молиявий компенсация тўлаши, “гарчи (жинсий таҳқирлашдан қолган жароҳат учун) етарли бўлмаса ҳам, айб ишни тан олиш жараёнининг бир қисми сифатида шундай қилиниши шарт”лиги комиссия томонидан урғуланган.

Комиссия, шунингдек, тавсиялар рўйхатини ҳам берган бўлиб, улар орасида болалар ва ожиз одамлар билан алоқа қилувчи руҳонийларни тайинлашда уларнинг жиноий ўтмишини текшириш ва руҳонийларга керакли ўқув курслари ташкил қилиш ҳам бор.

Совнинг айтишича, комиссия 2700 азият чеккан одамни гувоҳликка чақирган, яна архивдаги минглаб ҳужжатлар ўрганилган.

Аммо тадқиқот асносидаги кенг қамровли ўрганишлар ва сўровномалар орқали 216 000 атрофида азият чекканлар бўлгани ва бу рақам 330 000га етиши мумкинлиги ҳисоб‑китоб қилинган.

Яна француз черковларида 2900‑3200 атрофида педофилияда гумонланганлар бўлганини қўшимча қилади у.

“Шармандалик”

Қурбонлар учун ассоциация “La Parole Liberee” асосчиси Франсуа Дево черков мутасаддиларига қарата “сизлар инсоният учун шармандаликсизлар” деди.

“Бу жаҳаннамда даҳшатли жиноятлар бўлган... аммо энг ёмони ишончга ҳиёнат, руҳиятга ҳиёнат ва болаларга ҳиёнатдир.”

У Черковни қўрқоқликда айблади ва комиссияга ташаккур билдириб, ҳисобот бурилиш нуқтаси бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Ушбу ҳисобот Британия 1970 ва 2015 йиллар оралиғида Англия ва Уэльсда Католик черкови болаларнинг 3000 та жинсий таҳқирланиш ҳолати юзасидан 900 дан ортиқ шикоят қабул қилинганини, 2016 йилдан бери 100дан ортиқ даъволар тушганини маълум қилганидан бир йил ўтиб янграмоқда.

Июнь ойида Папа Франциск Католик черковининг жинсий таҳқирлашлар билан боғлиқ инқирози бутун дунё бўйлаб “фожеа” эканини айтди. 2013 йили сайланганидан бери у руҳонийлар томонидан бўладиган жинсий таҳқирлашларни йўқотиш учун жиддий қадамлар ташлаб келмоқда.

Шу йил у Католик Черкови тартибларига қирқ йил ичидаги катта ўзгаришни киритди: епископлар болалар ва заиф катталарни таҳқирлаган руҳонийларга қарши чора кўра оладиган бўлди.

Аммо танқидчилар папани жинсий таҳқирлашлар билан боғлиқ можароларга жуда секин жавоб қайтараётгани ёки ўз ҳаммаслакларининг сўзларига ишониб, қурбонларга етарлича меҳр кўрсатмаётганини айтмоқда.

XS
SM
MD
LG