Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2021, Тошкент вақти: 23:23

Мирзиёев: четда ишлаётганларнинг даромадини солиққа тортиш мутлақо нотўғри


Ўз чиқишида Миризиёев ўзбек ватандошлари "бизнинг айбимиз билан четда юрибди" дея қўшимча қилди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев хорижда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари даромадини солиққа тортиш "мутлақо нотўғри" деб айтди.

Ўз чиқишида Миризиёев ўзбек ватандошлари "бизнинг айбимиз билан четда юрибди" дея қўшимча қилди.

“Мен биринчи кундан бошлаб айтганман, четда юрганлар бизнинг айбимиз билан юрибди. Тўқсонинчи йилларда хорижга кетиш йўқ эдику. Четда юрганларнинг даромадини солиққа тортиш бўйича ташаббуслар бўлди. Мен бир гапни айтаман – бу мутлақо нотўғри гап. Хориждаги юртдошларимиз ҳалол меҳнатлари билан топган пулларини солиққа тортсак бу адолатдан бўлмайди, сиёсатимизга тўғри келмайди", - деди Мирзиёев.

Ўзбекистон президентининг бу баёноти президентлик учун беллашаётган бешта номзоддан биттаси Алишер Қодировнинг четда ишлаб юрган мигрантларни солиққа тортиш таклифига жавоб сифатида янгради.

"Миллий Тикланиш" партияси номзоди Қодиров 13 октябрь куни Андижонда сайловолди тарғибот кампанияси пайти қилган чиқишида четда меҳнат муҳожирлигида банд мигрантларни солиқ тўламаётган шахслар, деб атаган эди.

Уларнинг даромадларини солиққа тортишни таклиф қилганди.

"Мамлакат тараққиёти учун солиқларнинг ўрни жуда ҳам муҳим" дер экан Қодиров "мигрантлар четга чиқиб, топган пулидан нега солиқ тўлмасликлари керак?"деган саволни ўртага қўйди.

"Сайловолди томошаси"ми?

Президентликка номзод Алишер Қодировнинг чет эллардаги ўзбек меҳнат муҳожирларини солиққа тортиш ҳақидаги чиқиши бир кеча-кундуз ичида ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокамаларга сабаб постлардан бирига айланди.

Меҳнат муҳожирлари орасида бу таклифни ғазабноқ қаршилаганлар бўлди.

"Даромад солиғи шу даромад олинадиган давлатда тўланади, даромад икки марта солиққа тортилмайди", - деган фикрлар ҳам айтилди.

Шавкат Мирзиёев ўз чиқишида: “Мусофир бўлмаган мусулмон бўлмайди” дейишади. Мен фидойи фарзандларимизга мурожаат қилмоқчиман – кўнгилларинг тўқ бўлсин! Биз янги солиқ яратиш эмас, имкон қадар солиқларни камайтириш тўғрисида ўйлаймиз. ”, – деди.

Ўзбекистонда президентлик сайлови шу йилнинг 24 октябрь кунига режаланган.

Президентликка номзодларнинг сайловолди тарғибот кампанияларига 20 сентябрь куни расман старт берилган.

Ижтимоий тармоқларда президентликка номзодлар орасидаги "меҳнат муҳожирларини солиққа тортиш бахси уюштирилган сайловолди томошаси", деган фаразлар ҳам айтиляпти.

Сайловни кузатаётган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг кузатувчилар миссияси душанба куни эълон қилган оралиқ ҳисоботида Ўзбекистонда президентликка номзодлар ўртасида рақобат йўқ, юзма-юз мунозара кураши кўзга ташланмайди, дея билдирган эди.

XS
SM
MD
LG