Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2021, Тошкент вақти: 15:56

Ўзбекистонда президент сайлови бўлиб ўтмоқда


Ўзбекистон президенти сайлови - Тошкент, 24 октябрь. (Gazeta.uz)

Якшанба куни Тошкент вақти билан соат 8:00 да мамлакат бўйлаб сайлов участкаларида президент сайлови учун овоз бериш жараёнлари бошланган.

Овоз бериш жараёни соат 20:00 га қадар давом этади.

Сайловда амалдаги президент Шавкат Мирзиёев (Ўзбекистон Либерал- демократик партияси) дан ташқари, 4 номзод - Алишер Қодиров (Миллий тикланиш партияси) Баҳром Абдуҳалимов (Адолат социал-демократик партияси) ягона аёл номзод - Мақсуда Ворисова (Халқ-демократик партияси) ҳамда Нарзулла Обломуродов ( Экологик партия етакчиси) иштирок этмоқда.

Маҳаллий нашрларнинг хабар беришича, сайлов участкаларида овоз бериш жараёни олдидан давлат мадҳияси янграган.

Сайловдан бир кун аввал Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси сайлов бюллетенини суратга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаш қатъиян тақиқланишини билдирган.

Комиссия баёнотига кўра, сайлов бюллетенини овоз бериб бўлгач суратга олиб ижтимоий тармоқларга жойлаштириш сайловнинг яширин овоз бериш принципини бузишни англатади.

МСК барча сайлов участкаларидаги овоз бериш кабиналарига суратга олишни тақиқлаш тўғрисидаги плакатлар жойлаштирилаётганини хабар қилган.

24 октябрь кунги сайлов Ўзбекистонни чорак асрдан кўпроқ бошқарган Ислом Каримовнинг ўлимидан кейин ўтаётган иккинчи президент сайловидир.

Амалдаги президент ва ЎзЛиДеп номзоди Шавкат Мирзиёев 2016 йил 8 сентябрида вақтинча президент этиб тайинланган ва ўша йилнинг 4 декабридаги сайловда 87, 73 фоиз овоз билан ғалаба қозонгани эълон қилинган.

Иккинчи муддатга сайланиши кутилаётган Мирзиёев жорий сайловлар халқаро андозаларга мос, очиқ ва демократик тартибда ўтказилишини ваъда берган.

Аммо мухолиф ва мустақил номзодларнинг янги партияларни рўйхатдан ўтказиш ва сайловда қатнашиш уринишлари ҳукуматнинг қаттиқ қаршилигига учраган.

Ўзбекистондаги президент сайловини кузатиш учун тўлақонли миссия юборган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ўзининг оралиқ ҳисоботида сайловларда рақобат йўқлиги, сайловчилар ҳуқуқлари чеклангани ва мустақил номзодларни илгари суришга қўйилган тақиқ олиб ташланмаганини таъкидлаган.

Сайлов арафасида мамлакат ичкарисидаги сиёсий фаоллар куч ишлатар тизимларнинг ўзларига нисбатан босимларидан шикоят қилишган.

Конституцияга биноан, Ўзбекистон президентлигига бир шахс 5 йилдан кетма-кет икки муддатга сайлана олади.

Аммо ўтмишда Ислом Каримов 4 марта президентликка сайланган ва бир марта умумхалқ референдумида президентлик муддатини узайтирган.

Бу Ўзбекистон тарихидаги олтинчи тўғридан-тўғри президент сайловидир.

1991 йил, 29 декабрь

Ўзбекистондаги биринчи президент сайлови.

Собиқ коммунистик партия - Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ислом Каримов ва мухолифатдаги “Эрк” демократик партиясидан Муҳаммад Солиҳ қатнашди.

Амалдаги президент Ислом Каримов 87,1 фоиз овоз билан сайловда ғалаба қозонгани эълон қилинди.

Сайловчиларнинг 12,5 фоизи Каримовнинг рақиби Муҳаммад Солиҳни қўллаб овоз берган.

«Эрк» партияси овоз бериш натижалари сохталаштирилганини айтади.

1995 йил, 26 март

Ислом Каримовнинг президентлик ваколати муддатини 4 йилга узайтириш бўйича умумхалқ референдуми бўлиб ўтди.

99,6 фоиз овоз билан амалдаги президент ваколати 2000 йилгача узайтирилди.

2000 йил, 9 январь

Амалдаги президент Ислом Каримов номзоди “Фидокорлар” миллий демократик партиясидан кўрсатилди. Сайловда Каримов 91,9 фоизи овоз олгани эълон қилинди. Унинг рақиби - Ўзбекистон Халқ демократик партияси номзоди Абдулҳафиз Жалолов 4,71 фоиз овоз олди. Унинг ўзи Ислом Каримовга овоз берганини айтди.

2002 йил

Умумхалқ референдумида президент ваколати муддати 7 йилга узайтирилди ва у амалдаги давлат раҳбари ваколат муддатига тадбиқ этилди.

2007 йил, 23 декабрь

Ўзбекистон конституцияси бир шахсга икки муддатдан кўп президент лавозимини эгаллашни тақиқласа-да, Ислом Каримов 88,1 фоизи овоз билан учинчи муддатга президент этиб сайланди.

4 номзод орасида биринчи аёл номзод – Дилором Тошмуҳамедова ҳам бор эди. У 2,9 фоизи овоз олгани эълон қилинди. Сайловда биринчи марта «ташаббус гуруҳи»дан қатнашган номзод Акмал Саидов 2,85 фоиз овоз олди.

2015 йил, 29 март

Ислом Каримовнинг навбатдаги президентлик ваколати 2014 йил декабрида ниҳоясига етди. Аммо президент сайлови 2015 йил мартига кўчирилди. Расмий сабаб – декабрга режаланган парламент сайловлари.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Ислом Каримов 90,39 фоиз овоз олгани эълон қилинди.

Унинг асосий рақиби – ХДП номзоди Ҳотамжон Кетмонов 2,92 фоиз олди.

2016 йил, 4 декабрь

Ислом Каримов ўлимидан кейинги биринчи президент сайлови.

Бош вазир ва вақтинча президент Шавкат Мирзиёев 87, 73 фоиз овоз билан Ўзбекистоннинг иккинчи президенти этиб сайланди.

Қолган 3 номзод орасидан яна марҳум Каримовнинг собиқ рақиби Кетмонов энг кўп - 3,73 фоиз овоз олди.

Европалик кузатувчилар сайловда сиёсий рақобат муҳити кузатилмаганини қайд этишган.

XS
SM
MD
LG