Линклар

Шошилинч хабар
08 декабр 2021, Тошкент вақти: 02:29

"Барча мигрантларни қамраб олиш имконсиз". Россиядаги ўзбеклар қандай овоз беради?


Йирик корхоналарда муҳожирлар учун кўчма сайлов пунктлари ташкил этилади/

Расман 1 миллиондан кўп, норасмий ҳисоб-китобларга кўра эса, 2 миллионга яқин ўзбекистонлик меҳнат муҳожири яшаб, ишлаётган Россияда, Ўзбекистон расмийларига кўра, 7 та сайлов участкаси ва 50 дан ортиқ кўчма сайлов қутилари ташкил этилган.

Россияда ишлаётган ўзбекларни “дангасалар” деб атаган Ислом Каримовдан фарқли, Шавкат Мирзиёев меҳнат муҳожирларининг мамлакат иқтисодиётига қўшаётган ҳиссасини тан олган ва ватанларида уларга муносиб иш ўринлари яратишга ваъда берган эди.

Аммо ўтган йили пандемия туфайли ёпилиб қолган чегаралар очилар-очилмас, ўзбекистонликлар яна иш топиш илинжида Россияга йўл олди.

Ўзбекистондаги президент сайлови арафасида Россия ҳукумати мамлакатдан чиқариб юборилган 150 мингдан кўпроқ ўзбекистонлик мигрантни амнистия қилди- уларнинг киришига қўйилган тақиқни олиб ташлади.

Ташқи ишлар вазирлиги хорижий давлатларда тузилган Ўзбекистон президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссиялари рўйхати ва талефон рақамларини ҳам эълон қилди.

МСҚ хорижда очилган 54 сайлов участкасидан 7таси Россия Федерациясида сайловчиларни қабул қилишини маълум қилди. Ҳисоб-китобга кўра, Россиянинг 50 дан ортиқ минтақаларида Ўзбекистон фуқароларининг ихчам яшаш жойларида кўчма муддатидан олдин овоз бериш ташкил этилди.

Муддатдан олдин сайловга Россиядаги Ўзбекистон элчихонаси ва консулликлари, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ходимлари ва турли минтақаларда жойлашган диаспора фаоллари жалб қилинган.

Муддатидан олдин овоз берувчилар ўз сайлов участкаларига 14-20 октябргача келишлари, ўша куни муддатидан овоз бериш сабабини тушунтириб, ариза ёзишлари талаб қилинганди.

Россиядаги муҳожир қандай овоз беради?

Россиянинг Амур вилояти Свободний шаҳарчасида қурилишда ишлаб келаётган фарғоналик Тоҳиржон ўзи ишлаётган корхонада сайёр сайлов пункти ташкил этилганини билдирди.

- Свободнийдаги бизнинг қурилишда ҳозир 25 мингта ишчи бор. Шулардан 20 минги камида Ўзбекистондан. Мен ҳам қатнашаман албатта, ўз ихтиёрим билан овоз бераман. Ётоқхонада офисимизда ташкил этиладиган бўлибди қабул жойи. Шу ердагилар ҳаммаси сайловларга борамиз, албатта, деди Тоҳиржон.

Москва вилоятида фаррошлик қилаётган бухоролик Нодирбек бошқа ҳамкасблари билан бирга овоз беришга элчихонага боришини маълум қилди. У сайловолди жараёнларини Интернетдан қизиқиш билан кузатиб бораётганини айтади:

- Мен Домодедовода ишлайман. Сайловларда қатнашаман – бозор куни ўзимизнинг вақтимиз билан ишхонадан жавоб бераркан, элчихонага бориб овоз бериб келар эканмиз. Биз кўпчилик – 4-5 бригада бирлашиб борадиган бўлдик.

Озодлик суҳбатлашган тошкент вилоятилик Зайлобиддин эса сайловларда қатнашишдан фойда йўқ, деган фикрда. У олдинги сайловларни ҳам шу тариқа “бойкот” қилганини айтади.

- Бу сайловга тилла берса ҳам бормайман! Бефойда овоз бериш. Сайланиб бўлганку мени овозимсиз ҳам! Агарда мен муносиб санаган одамлар номзоди қўйилганида эди, нафақат ўзим – Ўзбекистондаги оила-аъзоларимни ҳам даъват қилардим. Масалан, мен номзодлар орасида Расул Кушербаев бўлишини истардим: шундай жонкуяр ва шиддатли сиёсатчиларга овоз берсанг арзийди! 35 ёшга кираётган бўлсам, бирор марта сайловларда қатнашмаганман, оила-аъзоларим ҳам қатнашмаган, тўғрисини айтаман. Бизсиз ҳам 30 йилдан бери сайланиб ётибди, дейди Зайлобиддин.

Суҳбатдош Россиядаги катта завод-фабрикаларда ёки қурилишда ишлаётган яқинлари ва танишлари президент сайловларида буйруқ асосида қатнашаётганидан хабари борлигини гапирди.

Бироқ Россиянинг чекка ўлкаларида ишлаётган ва сайловларда қатнашиш имконига эга бўлмаган ўзбек муҳожирлари ҳам кам эмаслиги маълум бўлди.

Воронеж вилояти далаларида олма тераётган ўзбекистонлик муҳожирлар шулар жумласидан. Ишчилар бригадаси раҳбари фарғоналик Рашиджоннинг сўзларига кўра, унинг бригадасидаги ўзбекистонликларнинг сайловларда қатнашишга имкони йўқ.

- Бригадамда 25 нафар ўзбек бор. Далада олма териб юрибмиз. Сайлов ҳақида ўйлашга, тўғриси, вақтимиз йўқ. Хоҳиш бўлганидаям – қаерга бориб овоз берамиз?! Чекка бир қишлоқда яшасак, дам олишга вақтимиз йўқ ҳозир. Қодиров деганининг гапларини Ютубдан эшитиб анча хафа бўлдик, - деди у.

Эксперт фикри: Барча муҳожирларни қамраб олиш имконсиз!

Маълум бўлишича, сайлов участкалари ва пунктларини ташкил этишда Ташқи ишлар вазирлигинининг консуллик ва элчихона вакиллари, Меҳнат вазирлигининг Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ходимлари, минтақалардаги диаспоралар ва фаоллар иштирок этмоқда.

Сайлов участкалари консуллик ваколатхоналари, масжидлар, бозорлар, ўзбекистонлик муҳожирлар кўпчиликни ташкил этувчи йирик қурилиш объектлари, ўқув юртлари ва завод-фабрикаларда, миграция марказларида тузилди.

Юрист Ботиржон Шермуҳаммад
Юрист Ботиржон Шермуҳаммад

Шунга қарамасдан, мутахассислар 85 федерал минтақадан иборат Россия Федерациясида меҳнат қилаётган миллиондан зиёд ўзбек мигрантларини сайлов участкалар билан қамраб олишнинг имкони йўқлигини таъкидламоқда.

Миграция масалалари бўйича эксперт, “Migrant.mobi” портали асосчиси юрист Ботиржон Шермуҳаммад фикрича, Россияда ишлаётган ўзбекларнинг асосий қисми ҳар қандай вазиятда сайловларда иштирок эта олмайди.

- Россия катта давлат бўлса, уни сайлов участкалари билан қамраб олишнинг жисмонан имкони йўқ. Демак, чекка-чеккаларда ишлаётган ёки марказлардан узоқда бўлган асосий қисм сайловчиларнинг овозлари яна инобатга олинмасдан қолади. Бу табиий ҳолга айланган, ваҳоланки илгарига нисбатан сайловни ташкиллаштириш бу гал анча юқори даражада: сайлов участкалари ва шохобчалари сони кескин кўпайган. Илгари Россияда сайловда иштирок этганлар сони 20 мингга ҳам етмасди. Бу сафар кўп бўлиши табиий, аммо у ҳам Россияда юрган сайловчиларнинг ўндан бирини ҳам ташкил этмаса керак! – деди юрист Ботиржон Шермуҳаммад.

Суҳбатдошга кўра, узоқ йиллар давомида сайлов ёшидаги ватандошлар онгига “Сайловда иштирок этишдан фойда йўқ – ҳаммаси олдиндан ҳал бўлган!”, деган хато фикр сингдириб келингани ўзбекистонликлар орасида шаффоф сайловлар ўтказилиши мумкинлигига ишончни сўндирган.

2020 йилнинг март ойида коронавирус пандемияси туфайли Россия чет эллик ишчиларнинг мамлакатга киришига чеклов қўйди. Кейинчалик тақиқ чексиз муддатга узайтирилди. Натижада, ўтган йилнинг охирида Россия Ички ишлар вазирлиги 2020 йилда мамлакатда муҳожирлар сони бир ярим баробар камайгани ҳақида хабар берди.

Вазирликнинг расмий статистик маълумотларига кўра, Россияда пандемиядан олдин йилига 9 дан 11 миллионгача хорижий фуқаро яшаб келган бўлса, ўтган 2020 йили уларнинг сони 6,3 миллионга камайган. Ҳозирги кунга келиб, Россияда меҳнат қилаётган мигрантлар сони 7 миллиондан зиёдроқ экани айтилади.

Ўзбекистон Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги эълон қилган сўнгги маълумотларга кўра, Россияда 1,2 миллионга яқин ўзбек муҳожири расман қайддан ўтган. Бироқ норасмий маълумотларга кўра, бу давлатда ноқонуний ишлаб келаётган ўзбек мигрантлари билан бирга ҳисоблаганда, улар сони 2 миллионга яқинлиги айтилади.

Айни пайтда ишчи кучи етишмовчилигини сезаётган Путин ҳукумати мамлакатда кучайиб бораётган мигрантофоб кайфиятга ва коронавирусдан касалланганлар сони кескин ошиб бораётганига қарамасдан, марказий осиёлик меҳнат мигрантларига Россияга кириш чекловларини юмшатмоқда.

Россия ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Aлександр Горовой Москвага ташриф буюрган Ўзбекистон Бош вазирининг маслаҳатчиси Меҳриддин Хайриддинов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси билан учрашув чоғида 158 минг Ўзбекистон фуқаросига нисбатан "миграция амнистияси" берилганини маълум қилди.

Шу билан бирга, Россияда сони кўпайиб бораётган ўзбек ишчиларининг пул жўнатмалари ҳажми олдинги даврга нисбатан кескин ошгани кузатилмоқда. Бу ўтказмалар ҳатто пандемиядан олдинги даврдан ҳам ошиб кетган.

2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистога келиб тушган халқаро трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 5,7 млрд АҚШ долларини ташкил этди. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки маълумотларига кўра, жорий йилнинг 9 ойи давомида амалга оширилган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 2020 йилнинг мос даврига (4,3 млрд. АҚШ доллари) нисбатан 34,2 фоизга, 2019 йилнинг мос даврига (4,5 млрд. АҚШ доллари) нисбатан эса 29 фоизга ўсгани қайд этилди.

XS
SM
MD
LG