Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2021, Тошкент вақти: 05:23

Ўзбекистон хабарлари

ДХХ қидирувда бўлган "ИШИДчи"ни хориждан Ўзбекистонга олиб келганини билдирди

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати халқаро террористик ташкилотларга алоқадор кўрилиб, қидирувга берилган шахсни хориждан Ўзбекистонга олиб келганини маълум қилди.

ДХХ Ўзбекистонга олиб келинган шахснинг исмини ҳам қайси давлатда қандай қўлга олинганини ҳам очиқламади.

Идора матбуот хизмати хабарига кўра, И.О. 2014 йилнинг февраль ойида мавсумий ишлаш мақсадида Россияга борган ва интернет тармоғи орқали халқаро террористик ташкилотлар аъзолари билан алоқага киришган.

Натижада уларнинг таъсири остида рафиқаси билан бирга 2015 йилнинг март ойида Украина орқали дастлаб Туркияга, сўнгра Сурия ҳудудига ўтиб, "Ислом давлати" халқаро террористик ташкилоти сафига қўшилган.

"Шу тариқа у 2015—2021 йиллар давомида Сурия ва Ироқ давлатларидаги террористик ташкилотлар сафида жанговар ҳаракатларда қатнашган. Шунингдек, у 2021 йилнинг сентябрь ойида Марказий Осиё давлатларининг бирида амалга оширилиши керак бўлган қўпорувчилик ҳаракатида иштирок этиши лозим бўлган", - дейилади ДХХ хабарида.

Ҳозирда И.О.га нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўтган ой Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари 1999 йилнинг 16 февраль ва 30 март кунлари Тошкент шаҳрида амалга оширилган қўпорувчилик ҳаракатларига алоқадор бўлган ҳамда 23 йилдан буён қидирувда бўлган шахс хорижда қўлга олиб, Ўзбекистонга олиб келгани хабар қилинган эди.

Кун янгиликлари

Ўзбекистонга яна 300 минг дозадан кўпроқ Pfizer/BioNTech вакцинаси олиб келинди

Ўзбекистонга 6 декабрь куни Pfizer/BioNTech вакцинасидан яна 301 минг 860 доза келтирилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Бу мазкур вакцинанинг Ўзбекистонга олиб келинган тўртинчи партиясидир. Илк партия (1 миллион 200 минг доза) жорий йилнинг сентябрь ойида олиб келингани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Иккинчи (526 минг 500 доза) ва учинчи (273 минг 780 доза) партиялар эса 18 ва 25 октябрь кунлари келтирилган.

ССВ қайдича, бугунги партия билан Ўзбекистонга олиб келинган Pfizer/BioNTech вакцинасининг умумий миқдори 2 миллион 316 минг 600 дозага етган.

Эмлаш жараёни бошлангани дан бери мамлакатга келтирилган ва ичкарида ишлаб чиқарилган вакцина миқдори 43 миллион 107 минг 478 дозага етган. Булар орасида Pfizer/BioNTech (АҚШ/Германия) вакцинасидан ташқари AstraZeneca (Британия), ZF-UZ-VAC2001 (Хитой), Спутник V (Россия), Moderna (АҚШ) ва Sinovac (Хитой) вакциналар бор.

Вазирлик бундан 34 миллион 874 минг 583 дозаси эмлаш жараёнида қўлланилганини билдирган.

Мирзиёевнинг Нур-Султонга сафари доирасида ўзаро ҳамкорликка оид 22 та ҳужжат имзоланди

Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари ҳужжатларни имзолаш маросимида, Нур-Султон, 2021 йил 6 декабри (president.uz фотоси)

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга сафари доирасида икки давлат ҳамкорлигининг турли йўналишларини қамраб олган 22 та ҳужжат имзоланган. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Имзоланган ҳужжатларнинг энг муҳимларидан бири сифатида Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларига оид декларация экани урғуланмоқда.

“Ҳужжатда қардош халқларимизнинг ҳаётий муҳим ва узоқ муддатли миллий манфаатлари, кўп қиррали шериклик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш мақсади ўз ифодасини топган”, дейилган хабарномада.

Яқин беш йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлашни 10 миллиардга етказиш бўйича Амалий ҳаракатлар режаси маросимда имзоланган яна бир муҳим ҳужжатлиги қайд этилган.

Маросимда икки президент ҳузурида ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланган. Булар божхона, фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва бартараф этиш, фазовий маконни тадқиқ этиш ва ундан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасига доир ҳамда “Марказий Осиё” саноат кооперацияси халқаро марказини ташкил этиш тўғрисидаги битимлар, савдо, инвестициялар, энергетика, транспорт коммуникациялари, суд-экспертлик фаолияти, мудофаа, бандлик ва фан соҳаларида ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича тегишли ҳужжатлардир.

Ш. Мирзиёев 5-6 декабрь кунлари давлат ташрифи билан Қозоғистон пойтахтида бўлиши ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

ССВ: COVID-19 қурбонлари сони 1 минг 420 нафардан ошди

Ўзбекистонда 5 декабрь куни коронавирусга чалинган беморлардан 3 нафари вафот этган, шу тариқа бу хасталикдан қурбон бўлганларнинг умумий сони 1 минг 421 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайдича, якшанба куни мамлакат бўйлаб 223 киши коронавирусга чалинган, вирус юқтириб олганларнинг умумий сони эса 194 минг 556 нафарни ташкил қилган.

Айни пайтда кеча Жиззах, Навоий, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидан ташқари ҳудудларда 123 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 191 минг 62 нафарга етган.

Тошкентда бангивор моддалар савдосини реклама қилган рассом қиз жаримага тортилди

Тошкентнинг Учтепа туманида ИИБ ходимлари рассом қизнинг наркограффитини ўчириш жараёнини назорат қилмоқда (Тошкент шаҳар ИИББ видеосидан скриншот)

Тошкентда кўп қаватли уйлар деворларига наркотик ва психотроп моддалар савдоси бўйича сайтларга иловали граффитилар чизиб юрган 31 ёшли К. З.га 540 минг сўм миқдорида жарима солинди. Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси маълумотига кўра, рассом қизнинг иши Учтепа туман судида 25 ноябрь куни кўриб чиқилган.

ИИББ қайдича, қиз пойтахтнинг Учтепа туманидаги уйлардан бири деворига расм чизаётган пайтда тутилган. Дастлаб у ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари томонидан огоҳлантирилган ва аввал чизган барча расмларни ўчириб юбориш шарти билан қўйиб юборилган.

Бироқ бир неча кун ўтгач, участка нозири қизни бошқа уй деворига расм солаётган пайтда тутган. Шундан сўнг иш судга оширилган.

Судда қиз бу ишни Интернетда топганини айтган. У Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси 1-қисми (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) бўйича айбдор деб топилган ҳамда БҲМнинг 2 баробари (540 минг сўм) миқдорида жаримага тортилган.

Россиядаги ўзбек мигрантлари учун декабрь ойида саккизта поезд қатнови амалга оширилади

Иллюстратив сурат

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ шу йил 4 декабридан “Волжский-Тошкент” йўналишида 483-сонли махсус йўловчи поездининг саккиз маротаба қатновини амалга оширишни режалаган.

“Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ матбуот хизмати маълумотига кўра, илк поезд шанба куни соат 20:57 да “Волжский” темир йўл вокзалидан йўлга чиққан.

Кейинги рейслар яна шу вокзалдан 6, 10, 13, 17, 20, 24, 27 декабрь кунлари соат 20:57 да амалга оширилиши кутилмоқда.

“Мазкур поездга фақат бир томонга, яъни “Волжский-Тошкент” йўналишига чипталар сотилади. Чипталарни электрон тарзда ҳам сотиш йўлга қўйилган”, дейилган хабарномада мазкур рейслар пандемия даврида Россияда қолиб кетган мигрантларнинг Ўзбекистонга келишлари учун қулайлик яратиш мақсадида йўлга қўйилгани урғуланган.

Жиззахда дарахтлар атрофини бетонлаб ташлаган корхона жаримага тортилди

Ости бетонлаб ташланган дарахтларни кўчириш тадбири, Гагарин шаҳарчаси, 2021 йил 5 декабри (Жиззах вилояти экология бошқармаси фотоси)

Жиззах вилоятининг Гагарин шаҳарчасида дарахтлар атрофини бетонлаб юборган "Файз-Барака" МЧЖга нисбатан маъмурий чора кўрилди. Бу ҳақда Жиззах вилояти экология бошқармаси ахборот хизмати маълумот тарқатди.

Гагаринда йўлак қуриш чоғида дарахтлар атрофи бетонлаб ташлангани ҳақида аввалроқ журналист Хуршид Далиев хабар қилган эди. Бу борада ўрганиш ўтказган Жиззах вилояти экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳақиқатан ҳам 75 туп дарахт ости бетонланганига гувоҳ бўлган.

Бошқарма 4 декабрь куни дарахтлар тагидаги бетонлар бузиб олиниб, таги юмшатилгани, “Файз-Барака” ходимларига нисбатан эса расмий баённома расмийлаштирилиб, жарима белгилангани ҳақида маълум қилган.

Якшанба куни эса жиззахлик экологлар мазкур дарахтларни бетон ариқ ёқасидаги тупроқ ерга кўчириб ўтқазганлар, кўчириш имкони бўлмаган кўп йиллик дарахтларнинг таги юмшатилган.

Ўзбекистон президентининг Қозоғистонга сафари бошланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таклифига биноан 5 декабрь куни Нурсултон шаҳрига келди.

Бу ҳақда хабар қилган ЎзА ахборот агентлигига кўра, давлат раҳбари Қозоғистонга давлат ташрифи билан келган, Нурсултон Назарбоев номидаги халқаро аэропортда олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди.

Олдинроқ “Музокараларда сиёсий мулоқот ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида кооперация лойиҳаларини амалга ошириш, транспорт-логистика салоҳиятини ошириш, маданий-гуманитар алоқаларни фаоллаштиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинади. Ташриф якунида ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга қаратилган кўплаб ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган”, деб хабар қилинган эди.

Ташрифнинг асосий тадбирлари 6 декабрга мўлжалланган. Учрашув натижалари бўйича 20 дан ортиқ ҳужжат имзоланиши кўзда тутилган.

Мирзиёевнинг Нурсултонга ташрифи арафасида, 4 декабрь куни бу ерда Ўзбекистон-Қозоғистон ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги, 4-йиғилиши бўлиб ўтди.

ИИВ ходимларига 5 ойда 94 марта қаршилик кўрсатилди

Ички ишлар вазирлиги мулозимининг Kun.uz нашрига билдиришича, ички ишлар ходимлари 2021 йилнинг 5 ойида 94 марта хизмат вазифасини бажариш чоғида қаршиликка учраган ва ҳаёт учун хавфли жароҳат олган.

“2018 йилда ички ишлар идоралари ходимларига 146 маротаба қаттиқ қаршилик кўрсатилган ва оғир тан жароҳати етказилган. Шундан 78 та ҳолат профилактика инспекторлари билан рўй берган. 2019 йилда эса ички ишлар органлари ходимлари 163 маротаба қаршиликка учраган, шундан 84 таси профилактика инспекторларига нисбатан содир этилган”, деган ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Бердиалиев .

ИИВ мулозимига кўра, 2020 йилда бу кўрсаткич 186 тага чиқиб кетган, мазкур ҳолатлар туфайли 137 нафар профилактика инспектори ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари олган, уларнинг аксарияти ногирон бўлиб қолгани учун хизматни давом эттира олмаган, 2021 йилнинг 5 ойида ички ишлар ходимлари хизмат вазифасини бажариш чоғида 94 маротаба қаршиликка учраган бўлса, шундан 64 та ҳолат профилактика инспекторлари ҳиссасига тўғри келган.

Ҳокимият вакилига, жумладан, ички ишлар ходимларига ва фуқаролик бурчини бажараётган шахсларга нисбатан қаршилик кўрсатиб, оғир ва ўртача оғир шикаст етказган фуқаролар Жиноят кодексининг 219-моддаси билан жавобгарликка тортилади”, деган Бахтиёр Бердиалиев.

Андижон. Аёлнинг 4-қаватдан қулаши ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Андижон Давлат университети биноси.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси матбуот хизмати Андижон Давлат университети Тарих факультетининг биноси 4- қаватидан 28 яшар аёл қулагани ортидан бу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини хабар қилди.

Хабар қилинишича, 4 декабрь куни 28 ёшли аёл Андижон Давлат Университетига ушбу олийгоҳнинг 2-босқич талабасининг оила аъзоси сифатида таъмирлаш ишлари амалга оширилаётган Тарих факультетининг биносида бўлиб ўтадиган ота-оналар мажлисига келган.

Шунда у бинонинг 4-қаватида уяли алоқа телефон аппаратидан фойдаланиб, эҳтиётсизлиги оқибатида зиналарнинг тўсиқлари бўлмаганлиги сабабли зинапоядан пастга йиқилган ва оғир тан жароҳати олган.

Олиб борилган текшириш ҳаракатлари давомида ушбу бинода таъмирлаш ишларини олиб бораётган “S.Haus” МЧЖ ишчилари томонидан зинапояларнинг тўсиқлари олиб ташланиб, қурилиш ишлари амалга оширилаётганлиги аниқланган.

“Мазкур ҳолат юзасидан “S.Haus” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда Андижон шахар ИИОФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилган Бош прокуратура матбуот хизмати хабарида.

Бош прокуратура хабаридан олдинроқ ижтимоий тармоқларда бир аёл Андижон Давлат университети биносининг 4- чи қаватидан тушиб кетгани ҳақида хабар тарқалган эди.

Тошкент ҳавосининг ифлосланиши рекорд даражага чиққан

Тошкент шаҳрида ўтган ой қумли бўрон кузатилганди.

АҚШ элчихонасида жойлашган ҳаво тозалиги назорат станцияси маълумотларига кўра, Тошкент ҳавосининг ифлосланиш индекси 3 декабрь соат 18:00 ҳолатига кўра рекорд — 190 даражани ташкил қилган.

Шаҳарнинг айрим туманларида яна чанг кўтарилиши хоалтлари ҳам кузатилган.

АҚШ элчихонасининг назорат станцияси Тошкент хавосининг 150−160 даражада ифлосланишини 5 ва 6 декабрь кунларига прогноз қилган эди.

Уларга кўра, пойтахт хавосининг сифат индекси 60−70 даражада бўлиши керак бўлган. Аммо 3 декабрь эрталаб соат 5 дан бошлаб пойтахт ҳавосининг сифати кескин тушиб кетган.

Ўтган ой Тошкентда қум бўрони кузатилган эди. Тармоқл фойдаланувчилари чанг шаҳардаги қурилишлардан кўтарилаётганини айтиб чиқишган.

3 декабрь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Экология қўмитаси бошқарма бошлиғи Азиз Калимбетов қумли бўронга сабаб чўлдаги қумларнинг шамол орқали кириб келишини сабаб қилиб келтирди .

Калимбетов шаҳарда дов-дарахтлар камаймиб кетганини ҳам тилга олди.

Дов-дарахтлар Ўзбекистон бўйича 8%ни ташкил этади. Жаҳон стандартига кўра эса кўкаламзорлаштирилган майдонлар 30% даражада бўлиши лозим, — деди Азиз Калимбетов

Ўзбекистон Швецияда элчихона очишини билдирди

2005 йилдаги Андижон қонли воқеалари ортидан Швеция ўнлаб ўзбекистонлик сиёсий қочқинларга бошпана берган.

Ўзбекистон Швеция пойтахти Стокгольмда элчихона очади.

Бу ҳақда 3 декабрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси, Швеция Қироллиги Ташқи ишлар вазири Анн Кристин Линде билан учрашувда айтди.

Абдулазиз Комилов Швеция томонини ЕХҲТдаги муваффақиятли раислиги билан табриклаб, Ўзбекистоннинг мазкур тузилма билан конструктив ва ўзаро манфаатли мулоқотни кенгайтириш тарафдори эканлигни таъкидлаган.

Швеция энг кўп ўзбекистонликлар бошпана топган давлатлардан бири.

Айниқса 2005 йилдаги Андижон қонли воқеалари ортидан бу давлат ўнлаб ўзбекистонлик сиёсий қочқинларга бошпана берган.

Хоразм прокуратураси давлат буюртмасининг ҳоким муовини укасига берилишини қонуний деб топди

Урганч шаҳри.

Хоразм вилоят прокуратураси 20,4 млрд сўмлик давлат буюртмасининг вилоят ҳокими ўринбосари укаси раҳбарлигидаги компанияга топширилганини қонуний бўлган деб топди.

Урганч шаҳридаги перинатал марказини реконструкция қилиш бўйича 20 млрд сўмлик давлат буюртмаси юзасидан ўтказилган тендерда Хоразм вилояти ҳокимининг капитал қурилиш коммуникациялар, коммунал хўжалик ва ободонлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Б.Қурбонов раислик қилганлиги ва тендер натижаси бўйича унинг укаси У.Қурбоновга тегишли бўлган “Бунёдкор” МЧЖ ғолиб бўлгани хабар қилинган эди.

Вилоят прокуратураси мазкур тендер бўйича текширув ўтказиб, натижаларини эълон қилди.

"Вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниясининг буюртмаси асосида Қурилиш вазирлигининг Хоразм вилоят қурилишда танлов савдоларини ташкил этиш ҳудудий консалтинг маркази томонидан ўтказилган, бошланғич нархи 20 млрд 380,6 млн сўм бўлган Урганч шаҳридаги перинатал марказини реконструкция қилиш бўйича “Бунёдкор” МЧЖ, “Урганч қурилиш бетон” МЧЖ ва “Ирдимзон қурилиш” хусусий корхонаси томонидан оферталар тақдим қилинган. Ўтган йил 23 июндаги тендер ғолибини аниқлаш натижаларига кўра, “Бунёдкор” МЧЖ 20 млрд 180,6 млн сўм таклиф қилган ҳолда 100 балл тўплаб, тендер ғолиби бўлган.

Шунингдек, ушбу тендер жараёнида комиссия раиси Б.Қурбонов хизмат сафарида бўлгани сабабли иштирок қилмагани ҳамда “Бунёдкор” МЧЖ номидан жамият вакили Б.Саидов ишончнома асосида қатнашгани аниқланган", дейилади вилоят прокуратураси билдирувида.

Прокуратура баёнотида шунингдек, тендер натижалари бўйича ҳужжатларни расмийлаштиришда йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси ҳамда Хоразм вилоят қурилишда танлов савдоларини ташкил этиш ҳудудий консалтинг Марказига тақдимномалар киритилгани қайд этилган.

Мирзиёев икки кунлик давлат ташрифи билан Қозоғистонга сафар қилади

Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёев Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан, Тошкент, 2019 йил апрели

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қозоғистонлик ҳамкасби Қасим-Жомарт Тоқаев таклифига биноан 5-6 декабрь кунлари давлат ташрифи билан Қозоғистонда бўлади.

Президент матбуот хизмати қайдича, ташриф чоғида Нур-Султон шаҳрида олий даражадаги учрашув ва музокаралар бўлиб ўтади.

Сафар кун тартибидан сиёсий мулоқот ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, энг аввало, иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалий алоқалар ва аниқ кооперация лойиҳаларини илгари суриш, шунингдек, маданий-гуманитар алмашинув дастурларини фаоллаштиришнинг долзарб масалалари ҳам ўрин олган.

Мирзиёев ва Тоқаевнинг халқаро масалалар юзасидан фикр алмашиб, минтақавий интеграциянинг асосий йўналишларини муҳокама қилиши ҳам кутилмоқда. Саммит якунида эса қатор икки томонлама ҳужжатларни имзолаш режаланган.

Жума тонгида Тошкент шаҳрининг катта қисмида аҳоли сувсиз қолди

Иллюстратив сурат

Тошкент шаҳрининг қатор ҳудудларида 3 декабрь куни эрталаб ичимлик сув таъминоти билан боғлиқ узилишлар кузатилган.

“Тошкент шаҳар сув таъминоти” корхонаси бу ҳолатни жума куни тонгги соат 8:30 да пойтахтнинг асосий қисмини ичимлик суви билан таъминловчи “Қодирия” бош сув иншоотида юқори кучланишли электр таъминотида носозлик сабабли насос агрегатларида ўчиш бўлгани билан изоҳлаган.

“Ҳозирги вақтда электр таъминоти қайта тикланди, ичимлик сув гидравлик режимини тиклаш бўйича тезкор чоралар кўрилмоқда”, дейилган хабарномада.

“Тошкент шаҳар сув таъминоти” масъуллари тез фурсатда пойтахтда сув таъминоти ўз маромига қайтишини ваъда қилишган.

CСВ: Коронавирус қурбонлари сони 1 минг 410 нафардан ошди

Ўзбекистонда 2 декабрь куни коронавирусга чалинган беморлардан 4 нафари вафот этган, шу тариқа бу хасталикдан қурбон бўлганларнинг умумий сони 1 минг 413 нафарга етган.

CСВ қайдича, пайшанба куни мамлакат бўйлаб 260 киши коронавирусга чалинган, вирус юқтириб олганларнинг умумий сони эса 193 минг 893 нафарни ташкил қилган.

Айни пайтда кеча Қашқадарё вилоятидан ташқари барча ҳудудларда 198 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 190 минг 503 нафарга етган.

Вазирлик эмлаш жараёни бошланган апрель ойидан бери Ўзбекистонда 34 миллион 422 минг 635 доза вакцинадан фойдаланилганини қўшимча қилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG