Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:00

Сунъий йўлдошга қарши Россия синови фазо учун нимани англатади?


15 ноябрь куни фазода пайдо бўлган қолдиқ жисмлар уюми яқинлашгани ортидан NASA Халқаро фазо станциясининг ухлаб ëтган 7 космонавтини уйғотишга мажбур бўлди.
15 ноябрь куни фазода пайдо бўлган қолдиқ жисмлар уюми яқинлашгани ортидан NASA Халқаро фазо станциясининг ухлаб ëтган 7 космонавтини уйғотишга мажбур бўлди.

2020 йилнинг 15 декабрида Россия ҳукумати учувчиларни мамлакатнинг Лаптев денгизидаги ҳаво бўшлиғига яқин йўламаслик ҳақида огоҳлантирди. Мазкур ҳудуддаги “хавфли операциялар ва ракета синовлари!”сабаб қилиб кўрсатилди.

Огоҳлантиришдан бир неча кун ўтиб, AҚШ расмийлари Россия сунъий йўлдошга қарши ракетани синовдан ўтказгани ва бунинг оқибатлари ҳақида гапирди. Америкалик мутахассислар агарда бу қурол ҳақиқий сунъий йўлдошда синовдан ўтказилса, фазога тарқаладиган қолдиқлар тижорий сунъий йўлдошларга хавф туғдириши, ва космосни ифлослантириши ҳақида хавотир билдирди.

Орадан 11 ой ўтгач, бу хавотир реаллашди. 2021 йилнинг 15 ноябрь куни ер орбитасидаги ҳалокатли космик чиқиндилар уюми хавфли баландликда пайдо бўлди. Шу сабаб NASA Халқаро космик станциянинг етти кишидан иборат экипажини уйқудан уйғотиб¸ уларга икки соат давомида кеманинг хавфсиз жойидан бошпана топишни буюрди.

Аксарият мутахассислар бундай фавқулодда ҳолатга Россиянинг душман сунъий йўлдошларини йўқ қилишга мўлжалланган қуролни синовдан ўтказгани сабаб бўлди¸ деган фикрда якдил.

Халқаро космик станциядаги космонавтларни қўрқитиб юборган бу таҳдидли вазият ортидан Вашингтон Россияни “ўйламай қилинган, хавфли ва масъулиятсиз хатти-ҳаракатлар” ва космик станция фаолиятига хавф солишда айблади.

AҚШ расмийларига кўра¸ вайрон бўлган сунъий йўлдошдан фазога 1500 га яқин катта бўлак тарқаган.

Кўп нарса ҳақида тортишиш мумкин. Аммо ҳамма тан оладиган ҳақиқат шуки¸ юқори баландликда космонавтлар ҳаëтига таҳдид соладиган қолдиқ жисмлар яратиш керак эмас”¸ дейди Россия ҳарбий фаолияти ҳақида ëзиб келаëтган блогер Павел Подвиг Озодлик билан суҳбатда.

Ҳозиргача қилинган расмий баëнотларида Россия расмийлари сунъий йўлдошга қарши қурол синовдан ўтказилгани ёки фазода қолдиқлар қатлами вужудга келгани ҳақида лом-лим деган эмас.

15 ноябрь кунги таҳдидли воқеадан икки кун ўтиб Россия Мудофаа вазирлиги советларнинг 1987 йилда орбитага чиқарилган "Целина" ҳарбий радиокузатув сунъий йўлдоши йўқ қилинганини билдирди. Айни пайтда¸ бундай синов натижасида бошқа сунъий йўлдошлар ёки космик станцияга хавф туғилгани рад этилди.

1967 йилда Москва ва Вашингтон ўртасида ядровий қуролларни орбитага олиб чиқишни тақиқлаш ва космосдан тинч мақсадларда фойдаланиш тўғрисида шартнома имзоланган. Бироқ шартнома сунъий йўлдошларга қарши мақсадли ҳужум уюштириш ëки сунъий йўлдошга қарши қуролларни синовдан ўтказишни тақиқлаган эмас.

XS
SM
MD
LG