Линклар

Шошилинч хабар
23 октябр 2021, Тошкент вақти: 09:47

Таваккалчилик ва авантюра. Космосда кино олиш Россияга нега керак бўлди? (ВИДЕО)


Актриса Юлия Пересильд, космонавт Антон Шкаплеров, режиссёр Клим Шипенко.

Россиянинг “Союз МС-19” фазо кемаси Халқаро космик станцияга (ХКС) туташди. Кема уч киши билан парвоз қилган эди: космонавт Антон Шкаплеров, режиссёр Клим Шипенко ҳамда актриса Юлия Пересильд. Киночилар ХКСда “Чорлов” номли фильм учун бир неча эпизодни суратга олишади.

Кино-тасвир гуруҳини деб ХКС иш режасини ўзгартиришга тўғри келди: икки космонавт Ерда қолди, ХКСда ишлаб келаётган икки нафар космонавтнинг уйига қайтиши уч ойга кечиктирилди.

“Чорлов” – космосда суратга олинган биринчи фильм бўлади, деб айтилмоқда. ХКСдаги кино-тасвир жараёни 12 кун давом этади ва 17 октябрь куни Шипенко билан Пересильд “Союз МС-18” кемасида Ерга қайтишади.

Россия орбитада кино суратга олиши бир йил аввал шов-шув қилинганди. Картина “Россиянинг фазовий фаолиятини оммалаштириш ва космонавт касбини қаҳрамонлаштириш”га ёрдам беради, деб умид қилинмоқда.

Фильм продюсерлари – “Первий канал” бош директори Константин Эрнст ҳамда “Роскосмос” раҳбари Дмитрий Рогозин шахсан Путиннинг ўзидан рухсат олган. Президент номига ёзилган хатда улар “космонавтиканинг учувчи билан парвоз қилиш соҳасида америкаликлардан қолиб кетиш мумкин эмас”лигини ва уларнинг ғоясини амалга ошириш учун “замонавий ахборот технологиялари қўлланган “теша тегмаган” ёндашув зарур”лигини билдирганлар.

Продюсерлар америкаликларни бекорга эслатишгани йўқ. 2020 йил майда Илон Маскнинг “SpaceX” ширкати, NASA ҳамда актёр Том Круз фазода биринчи жангари фильмни суратга олмоқчи эканлиги ҳақида эълон қилинган эди. АҚШ ва Илон Маскнинг сўнгги космик ютуқларидан кейин “Роскосмос” ҳам ўзини бир кўрсатиб қўймоқчи бўлаётгани аниқ.

Инсоф юзасидан қайд этиш жоизки, “Чорлов” фильмини тасвирга олишда космосда илк бор актриса иштирок этади – уни уч минг нафар талабгор орасидан танлаб олишган. Юлия Пересильд май ойидаёқ тўлиқ дастур асосида парвозга ҳозирлик кўришни, яъни қисқа вақт ичида – космонавт ўриндиғида ўтиришни, вазнсизлик ҳолатида овқатланишни, скафандрнинг қаерида қанақа чўнтак борлигини ўргана бошлаган. “Союз”да Юлия билан бирга учган режиссёр Клим Шипенко Россия тарихидаги энг сердаромад бўлмиш “Малай” фильми ҳамда космос ҳақидаги “Салют-7” фильми орқали машҳур.

Ракетада бир эмас, икки тажрибасиз одам бўлиши анчайин хавфли. Тўғри, икки ҳафта олдин космосга умуман профессионал фазогирсиз учиб-қайтган Crew Dragon кемасини эслатишингиз мумкин. Аммо Америка ва Россия кемалари ўртасида “Орбитадан қайтиш” ва “Интерстеллер” фильмлари орасидаги қадар фарқ бор.

“Автоматлаштириш даражаси, тизимларнинг ишончлилик даражаси бортда кема конструкцияси ва тизимлари бўйича техник билимларга эга одам бўлишини тақазо этади. Бу экипаж таркиби космонавтика ва космонавтларни тайёрлаш амалиёти нуқтаи назаридан – катта таваккалчилик. Чунки ҳар қандай ностандарт вазиятда ягона учувчига бу икки йўловчининг бир чақалик нафи тегмайди”, тушунтиради “Сухой” авиаконструкторлик бюроси собиқ конструктори Вадим Лукашевич.

Экипаж яхши тайёргарлик кўрганига, бу ҳозирлик кўриш тажрибаси эса келгусида яна асқотишига “Роскосмос” раҳбари Дмитрий Рогозиннинг ишончи комил.

“Мазкур технологияни такомиллаштириб олсак ва бутун дунёга намойиш этсак, бу бизнинг мингта эмас, минг битта ноодатий вазиятга тайёр бўла олишимизни англатади”, дея баёнот берди “Роскосмос” бошлиғи.

Парвоз ва ХКС билан туташув чоғидаги қийинчиликлар (дарвоқе, туташув қўл режимида амалга оширилган – автомат бошқарув панд бергани учун) Пересильд ва Шипенко дуч келган ягона синовлар эмас. Улар организмлари тўлиқ адаптация бўлмаган вазнсизлик шароитида фильм суратга оладилар. “Уларнинг юзлари шишиб кетади, кўнгиллари айнийди, ҳолбуки улар кинода суратга тушишяпти, яъни кўринишлари яхши бўлиши керак. Хуллас, ҳар қанақасига олганда ҳам авантюра бу”, дейди Вадим Лукашевич.

Суратга олиш жараёнини деб ҳатто ХКСни бир оз силжитишга тўғри келди. Станция атай шунинг учун орбитани “бир оз тузатди”. Шунингдек, космонавтларнинг кун тартиби ҳам ўзгарди: фильм суратга олишга қарор қилинишидан олдин “Союз”да учиши лозим бўлган икки киши Ерда кутиб турадиган бўлди. Ерга қайтиши керак бўлган икковлон эса орбитада яна уч ой қолиб кетади.

Харажатлар кимнинг ҳисобидан?

“Союз” кемасида бир кишини орбитага олиб чиқишнинг тахминий нархи, Вадим Лукашевичга кўра, тахминан 5-10 млн доллар. “Роскосмос” эса сайёҳларнинг ҳар бири учун 50 млн доллардан олмоқда. Бундан ташқари, ХКСда олдиндан режаланган тадбирлар қолдирилганини ҳам ҳисобга олиш керак.

Артистлар нега орбитага жўнатилди?

“Чорлов” фильми сюжетига кўра, ХКСда бир космонавт жароҳат олиб, шифокор унга ёрдам бергани орбитага йўл олади. Бироқ “Настояшчее время” сўзлашган космонавтлар ва олимлар фикрича, бундай бўлиши мумкин эмас. Биринчидан, космосга учадиган одамларга мажбурий равишда тиббий ёрдам кўрсатиш ўргатилади. Иккинчидан, жароҳат ўта жиддий бўлган ҳолларда ХКС эвакуация тизимини ишга тушириши мумкин.

“Всё о космосе” журнали бош муҳаррири Денис Альбин айтишича, ноодатий вазият юзага келган пайтларда бутун экипаж тўлиқ таркибда кемага ўтиради‑ю 40 дақиқада Ерга қайтади. “Орбитада жарроҳлик амалиётига эҳтиёж туғиладиган вазият бўлиши мумкин эмас. Микрогравитация шароитида бу жуда қийин кечади”, дейди Альбин.

Сценарийга доир саволларни бир чеккага қўя турайлик. Бу воқеаларда янада жиддий муаммо бор: киночилар ўрнига фазога учиши керак бўлган икки космонавт, эҳтимол, ортиқ ҳеч қачон у ёққа учмаслиги ҳам мумкин. Йиллар давомида машғулотларда қатнашишгани, ўқиб-ўрганишгани, иккинчи таркибда кутишгани – барчаси бекор кетади.

Денис Альбин ўрнини тасвирга олиш гуруҳига берган космонавтлар нега Ерда умрбод қолиб кетиши мумкинлигини тушунтиради.

– Ушбу ракета ва кемани Андрей Бабкин ва Дмитрий Петелиндан тортиб олишди – улар Антон Шпаклеров билан бирга, оддий ХКС-66 миссияси доирасида учишлари керак эди. Иккиси ҳам илгари космосда бирор марта бўлмаган, энди эса ўзи умуман учишлари савол остида. Уларни кейинги кемада жўнатишнинг иложи йўқ, чунки экипажлар бир неча йил олдин тасдиқланади. 2023 йил охиригача учадиган ҳамма экипажлар ва кемалар аниқлаб қўйилган, деяверинг. Қолаверса, 2024 йилда ХКС бутунлай тугатилишини айтишмоқда, хуллас, улар энди у ерга умуман учмас, балки.

Россия орбитал станцияси лойиҳаси ҳамон ишлаб чиқилмоқда, қачон бошланиши маълум эмас. “Роскосмос” ҳозирда маблағдан анча сиқилиб қолган. Куни кеча “Энергия” РКШ бош конструктори Владимир Соловьёв ўта оғир ракета лойиҳаси молиявий етишмовчилик туфайли бекор қилинганини маълум қилдики, яъни энди Россия космонавтларини Ойга учириш ҳақида орзу қилмаса ҳам бўлади.

ХКСда кино суратга олишнинг ёмон томони йўқ. Тўғри ташкил қилинса, албатта. Лекин бу ҳолатда самараси номаълум нарсани деб Россия космонавтикасига зарар етказилди. Пиар нуқтаи назаридан ҳам. Чунки у биринчи “космик” фильм бўлмайди. 1983 йилда Совет Иттифоқида “Орбитадан қайтиш” фильми экранларга чиққан эди. Унинг айрим кадрларини совет космонавтлари “Салют-7” орбитал станциясида суратга олганлар. 2008 йилда Ричард Гэрриот ХКСда “Қўрқув чўққиси” фильмини олган, бу илмий-фантастик фильм. Қолаверса, яқинда қайтиб келган “Inspiration4” сайёҳлик миссияси “Netflix”нинг “Тескари саноқ” сериали бешинчи қисми учун кадрлар суратга олганди.

XS
SM
MD
LG