Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2021, Тошкент вақти: 14:20

АҚШ Давлат департаменти Россияни диний эркинликларни бузувчи мамлакатлар рўйхатига киритди


Россия ҳукумати йиллардан бери Иегово шоҳидлари гуруҳи фаолиятини кучли шубҳа билан кузатиб келади

АҚШ Давлат департаменти Россияни диний эркинликларни «энг ёмон бузувчи» мамлакатлар рўйхатига расман киритди. Ушбу «ёмонларнинг ёмони» рўйхатида айни дамда Эрон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон ва яна бешта давлат бор.

АҚШнинг Халқаро диний эркинликлар бўйича комиссияси (USCIRF) 21 апрель куни эълон қилган йиллик ҳисоботида Россия, Ҳиндистон, Сурия ва Вьетнамда эркинликлар жиддий равишда бузилаётгани боис, ушбу мамлакатларни махсус кузатувдаги давлатлар рўйхатига киритиш таклиф қилинган эди.

17 ноябрь куни давлат котиби Энтони Блинкен ушбу тўрт давлат орасидан фақат Россия махсус рўйхатга киритилганини маълум қилди. Ҳиндистон, Сурия ва Вьетнам эса «алоҳида хавотирга молик давлат» этиб белгиланмади.

Қора рўйхатга киритилган давлатлар вазиятни яхшилаш йўлида чора кўрмаса, уларга қарши санкция жорий қилиниши мумкин.

Бу сафар Давлат департаменти ўзининг махсус кузатув рўйхатига диний эркинликлар «кескин» бузилаётган яна тўрт мамлакат, хусусан, Жазоир, Коморлар, Куба ва Никарагуани киритди.

АҚШнинг Халқаро диний эркинликлар бўйича комиссияси тавсиясига қарамай, Давлат департаменти Афғонистон, Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистонни рўйхатга киритмади.

USCIRF апрель ойида эълон қилган ҳисоботда ўтган йилда «Россияда диний эркинлик аҳволи ёмонлашгани», ҳукумат «ноанъанавий» деб топилган диний жамоаларни нишонга олаётгани таъкидланганди.

Россия расмийлари ўнлаб йиллардан бери Иегово шоҳидлари каби диний озчиликларга шубҳа билан қараб келади. Президент Владимир Путин ҳукмрон Православ черковини очиқчасига дастаклайди.

Россияда биргина тақиқланган Иегово шоҳидлари жамоасига қарши жами 188 та жиноят иши қўзғатилган. Бундан ташқари, ушбу эътиқодга амал қилувчиларнинг уйларида 477 та рейд ва тинтув ўтказилган.

Ҳисобот эълон қилинганидан кейин ҳам Россия Иегово шоҳидларини таъқиб қилишда давом этди.

26 октябрь куни Астрахан шаҳри суди тўрт нафар Иегово шоҳидини экстремистик гуруҳ тузиш ёки унга аъзо бўлишда айбдор деб топиб, узоқ муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Ўша ой бошида Краснодар шаҳри суди 59 ёшли ногирон Иегово шоҳидини шериклари билан Инжилни мутолаа қилгани учун тўрт йилга озодликдан маҳрум қилган эди.

XS
SM
MD
LG