Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:34

Мева ўрнига ҳам нон-чой. Пандемия қирғизистонликларни янада камбағаллаштирди


Марказий Осиë¸ хусусан Қирғизистонда мева-сабзавот нархининг кескин ошиб бораëтгани бу маҳсулотларнинг камбағал оилалар дастурхонидан йўқолишига олиб келмоқда
Марказий Осиë¸ хусусан Қирғизистонда мева-сабзавот нархининг кескин ошиб бораëтгани бу маҳсулотларнинг камбағал оилалар дастурхонидан йўқолишига олиб келмоқда

Даромадлар камайиши ва озиқ-овқатлар нархлари муттасил ошаётгани қирғизистонликларни овқатга камроқ пул сарфлашга мажбурламоқда. Натижада овқатланиш сифати миллат саломатлиги учун хавф соладиган даражада ëмонлашмоқда.

БМТ Озиқ-овқат дастури ва Қирғизистон миллий статистика қўмитаси мутахассислари коронавирус пандемияси туфайли юзага келган инқироз қирғизистонликларнинг овқатланишига қанчалик таъсир этгани ва бу қашшоқликка қарши курашга қандай халал беришини аниқлаш мақсадида тадқиқот ўтказди.

Натижа қувонгулик эмас: даромадлар камайиши тановул қилинадиган озиқ-овқат хилма-хиллигига таъсир этган. Қирғизистонликлар фойдали егуликлар, чунончи, мева-сабзавот ейишни камайтириб, калорияли овқатлар – нон, қанд ва сариёғ тановулини кўпайтирган.

Тадқиқотдан маълум бўлишича, 2019 йилда қирғизистонлик оилаларнинг 94 фоизи кунига оқсилга бой таом еган бўлса¸ 2020 йилга келиб бу кўрсаткич 85 фоизга тушган. “Оқсил болаларнинг ривожланишида муҳим ўрин тутади. Инсон озғин ва пакана бўлиб қолиши олдини олиш учун у оқсилли овқатлар еб туриши шарт”, дея таъкидлайди ҳисобот муаллифлари.

Тадқиқотга кўра¸ кунига темир моддасига бой маҳсулотлар истеъмол қила оладиган оилалар сони қарийб икки бараварга камайиб¸ 59 дан 35 фоизга тушган; оилалрнинг ярмидан кўпида бунақа маҳсулот ҳафтада атиги бир марта ейиладиган бўлган.

Организмда темир моддаси танқислиги аллақачон умуммиллий муаммога айланиб бўлган. ЮНИСЕФ маълумотига кўра, Қирғизистонда 2 ёшгача болаларнинг 26 фоизи камқонлик (анемия) дардига чалинганки, бу уларнинг ақлий ва жисмоний ўсишини сусайтиради. Бола туғадиган ёшдаги аёлларнинг 35 фоизи темир танқислиги анемиясидан азият чекади – мазкур касаллик аёлларнинг туғруқдан сўнг кўп қон йўқотишига олиб келади, оналар ўлимига ҳар уч ҳолатдан бирида айнан қон йўқотиш сабаб бўлмоқда. Муаммога ечим топиш мақсадида 2009 йилда мамлакатда ун ишлаб чиқарувчиларга ўз маҳсулотларини темир моддаси билан бойитиш мажбуриятини юкловчи махсус қонун қабул қилинган эди.

“Сўнгги йилда Қирғизистонда мева-сабзавот истеъмоли камайди. Айни чоғда, нон, шакар ва сариёғ анча кўп миқдорда истеъмол қилинмоқда. Шунингдек, ишлов берилган озиқ-овқатлар ҳам кўп ейилмоқда, улар эса юқори калорияли саналади. Овқатланишдаги бундай ўзгариш озуқавий микроэлементлар танқислиги, болалар ривожланишининг секинлашиши сингари муаммоларни чуқурлаштиради, қолаверса, одамларнинг ортиқча семиришига олиб келувчи тенденцияларни мустаҳкамлайди”, дея изоҳ беради Озодлик радиосига БМТ Озиқ-овқат дастурининг таҳлил бўлими эксперти Элизабетта Д’Амико.

Фақат қорин тўйдириш учун ишлаш

Пандемия манзарасида Қирғизистонда 2020 йил баҳоридан бери инфляция суръати пасаймаяпти¸ энг тез қимматлашаётган маҳсулотлар эса озиқ-овқат бўлиб турибди. Асосий озиқ-овқат маҳсулотларии нархлари ўтган йили 17.6 фоизга ошган бўлса¸ аҳоли реал даромадлари¸ аксинча, 5.1 фоизга пасайди.

Қашшоқлик даражаси кўрсаткичлари 20 дан 25.3 фоизга кўтарилди, аҳолининг яна 8 фоизи эса қашшоқлашиш хавфи остида қолди. Жаҳон банки маълумотлари вазиятни янада яққолроқ ва аниқроқ акс эттиради: қарийб 2.2 миллион қирғизистонлик кунига 96 сом ëки атиги 1.1 долларга кун кечирмоқда!

Халқаро республика институти (IRI) сентябрда ўтказган сўровда қирғизистонликлар илк бор қимматчиликни мамлакатдаги энг асосий муаммо ўлароқ тилга олди. Бунгача сўровларда ишсизлик биринчи ўринга чиқарди. ЕОИҲ аъзолари орасида озиқ-овқатлар нархи энг кўп ошган мамлакат Қирғизистондир – 2021 йил октябрида нарх-наво ўтган йилнинг декабрига қиёсан 9.4 фоизга кўтарилган.

Реал даромадлар пасайиши манзарасида нарх-навонинг тўхтовсиз ошиши оилаларни топган пулининг катта қисмини егуликка сарфлашга мажбур этмоқда.

Тадқиқотдан аён бўлишича, аксар оилалар деярли бор даромадини озиқ-овқатга харжлайди ва пул жамғариш қурбига эга эмас. 2016-2019 йилларда камбағал оилалар даромадининг 60 фоиздан ортиқ қисмини озиқ-овқатга харжлаган. Бу уларнинг бошқа эҳтиёжларига пул ажратиши ва камбағалликдан чиқишига халал бермоқда. Пандемия давридаги иқтисодий қийинчиликларни енгиб ўтиш учун оилаларнинг салкам ярми “томоғидан уряпти”, яъни озиқ-овқатга камроқ пул сарфлашга ўтмоқда.

Оила даромадидаги овқат сарф-харажатлари ҳиссаси озиқ-овқат хавфсизлиги кўрсаткичи ҳисобланади. Оила қанчалик қашшоқ ва ночор бўлса, еб-ичишга шунча кўп чиқим қилади. Нарх-наво тебранишлари олдида заиф бўлиб қолган бундай оила ўз навбатида тановул қилаётган егуликлар сифати ва миқдорини ҳам камайтиришга мажбур бўлади.

“Озиқ-овқат нархлари кун сайин ошяпти. Охирги марта қачон банан ва умуман мева-чева сотиб олганимни эслолмайман ҳам. Кичикроқ халтачани тўлдириб бозор қиламан десангиз¸ камида минг сом кетиб қолади, ҳолбуки биз фақат энг зарур нарсаларни оламиз. Гўё фақат қорин тўйдириш учун ишлаётгандекман”, деб нолийди Жибек исмли бишкеклик аёл.

2019 йилда 46 фоиз аҳоли суткасига киши бошига камида 2100 килокалория овқат истеъмол қилиши ҳисобланган эди. Бу тавсия этилган минимал калорияли парҳездир. 48 фоизгача аҳолининг сифатли овқатланишга қурби етмаган. Бу сифатли озиқ-овқатлар баҳоси (кунига 5,2 доллар) билан ҳам қисман боғлиқ. 2019 йилда ҳам вилоятларда оқсилга бой овқатлар ва мева-чева истеъмоли зарур суткалик миқдордан анчагина камлиги қайд этилган. 2020 йилда, шубҳасиз, вазият янада оғирлашган.

Ёпиқ доира

Озиқ-овқат беқарорлиги ва етарли даражада овқатланмаслик қашшоқликнинг бирламчи сабабидир. Бу иккиси соғлиққа зарар беради, жисмоний ва когнитив ривожланишга путур етказади ва шу орқали меҳнат қобилияти ва инсон капиталини пасайтириб, одамларни қашшоқликка тушириб¸ ундан чиқишга ҳам лаёқатсиз қилиб қўяди.

Фаровонликни ошириш озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим шартидир. БМТ Озиқ-овқат дастури экспертлари мамлакатда озиқ-овқат билан боғлиқ вазиятни яхшилаш учун бир неча тавсия берган. Бу тавсияларда мутахассислар ҳукуматни соғлом овқатланиш борасида самарали сиёсат юритишга чақирган. Уларнинг фикрича, давлат дастурлари ва инвестиция лойиҳаларига, жумладан, ижтимоий ҳимоя лойиҳаларига аҳолининг овқатланишига доир масалалар ҳам киритилиши лозим.

Шунингдек, инқироздан кейинги тикланиш даврида даромадларни ва бандликни ошириш, меҳнат салоҳиятини фаоллаштириш ва қашшоқликдан чиқиш бўйича комплекс дастурларни амалга ошириш таклиф қилинмоқда.

Экспертлар бандликка кўмаклашиш чора-тадбирларининг самарадорлиги пастлигини қайд этган. Уларга кўра, ушбу соҳага давлат ва донорлик лойиҳаларидан кўпроқ маблағ ажратиш, шунингдек аҳолини оғир турмуш шароитидан чиқариш бўйича инновацион ёндашувларни жорий этиш зарур.

Бироқ жорий йилда Қирғизистонда озиқ-овқат муаммоси янада кескин тус олди – мамлакатда ҳатто бирламчи маҳсулотлар етишмовчилиги юзага келиши мумкин.

Мураккаб об-ҳаво шароити ва сув танқислиги бу йил Қирғизистон ва Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларда кўплаб фермерларнинг ҳосилдан айрилишига сабаб бўлди. Қўшни Қозоғистонда эса ем-хашак танқислиги туфайли чорванинг бир қисми нобуд бўлди. Шу боис қирғиз ҳукумати уй шароитида боқилган катта ва майда қорамоллар экспортига қўйилган тақиқни бекор қилишга мажбур бўлди.

Қишга озиқ-овқат захира қилиш учун бюджетдан буғдой сотиб олишга – 1.5 млрд, ўсимлик ёғи ва шакар харидига эса 300 млн сомдан ортиқ маблағ ажратилди. Бундан ташқари, ҳукумат ғалла, ун ва қорамол импортини ҚҚСдан озод қилди. Учинчи давлатлардан келтириладиган шакар ва шакарқамишдан бож йиғимлари ундирмаслик ҳақида битим имзоланди. Буғдой, гуруч, ун, ўсимлик ёғи, шакар, тухум экспорти ман қилинди.

Мамлакат президенти Садир Жапаров озиқ-овқат хавфсизлиги билан ЕОИИ доирасида шуғулланиш кўпроқ самара беради, деб ҳисоблайди. Сўнгги пайтларда ташкилотга аъзо мамлакатларда озиқ-овқат маҳсулотлари гоҳ ортиқча йиғилиб қоляпти, гоҳ танқислашиб кетяпти, ЕОИИда эса бу ҳодисаларга қарши таъсирчан механизм ва ричаглар йўқ, дея арз қилганди президент.

XS
SM
MD
LG