Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2021, Тошкент вақти: 05:17

Конгресс 2024 йилдан кейин Путинни президент сифатида тан олмасликни таклиф қилмоқда


Икки нафар АҚШ конгрессмени – Теннесси штатидан демократ Стивен Коэн ва Жанубий Каролина штатидан республикачи Жо Уилсон АҚШ Конгресси Вакиллар палатасига “Россия президенти Владимир Путиннинг ваколат муддати 2024 йил 7 майда тугаши билан ҳокимиятда қолишга уринишларини АҚШда тан олмаслик тўғрисида” резолюция лойиҳасини тақдим этди.

Конгрессменларнинг фикрича, Путинга 2024 ва 2030-йилларда президентликка номзодини қўйиш имкониятини берувчи ўзгартиришлар катта қонунбузарликлар ва халқаро нормалар бузилиши билан Россия Конституциясига ўтган йили киритилган эди.

Конгрессменлар Россия Федерациясида “хорижий агент” сифатида тан олинган “Голос” ҳаракати маълумотларига таяниб, ўзгартишларни қўллаб-қувватловчи 27 миллионга яқин бюллетенлар сохталаштирилганини айтмоқда.

Резолюция матнида, шунингдек, Қўшма Штатлар принципиал жиҳатдан бошқа мамлакатларда ҳам референдумлар йўли билан президентлик ваколатларининг узайтирилишига қарши эканликлари таъкидланган.

Резолюцияда Владимир Путиннинг 2024 йилда тугайдиган амалдаги ваколати иккинчи ва охирги деб аталди.

Дарҳақиқат, Путин аллақачон тўртинчи муддат президентлик қилмоқда (у 2000 йилдан буён икки марта икки муддатдан президентлик қилган, 2008-2012 йилларда Дмитрий Медведевнинг 4 йиллик президентлиги танаффусини ҳисобга олган ҳолда).

Агар резолюция қабул қилинса, у маслаҳат характерига эга бўлади.

Аввалроқ Европарламент Россия Конституциясига киритилган тузатишлар ва Путин учун эҳтимолий янги муддатни тан олмасликни тавсия қилувчи резолюция қабул қилган эди.

Россия Федерация Кенгаши Конгресс томонидан резолюциянинг қабул қилиниши “Россия ва АҚШ ўртасидаги муносабатларнинг бузилишига олиб келиши”дан огоҳлантирди. Россия ҳужжатнинг ўзини “сайловга аралашиш” деб атади.

Путин ҳозирча 2024-йилда президентликка номзодини қўйиш ниятида эмаслигини ҳозирча билдирмади.

XS
SM
MD
LG