Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 03:34

Саакашвили очлик акциясини тўхтатди


Грузиянинг қамоқдаги собиқ президенти Михаил Саакашвили ҳарбий госпиталга кўчирилди ва 50 кунлик очлик акциясини тугатади, деди унинг адвокати ва шифокори.

Саакашвили 19-ноябрга ўтар кечаси соғлиғи билан боғлиқ хавотирлар кучайган бир пайтда қамоқхона клиникасидан Гори шаҳридаги ҳарбий госпиталга олиб кетилган.

Аввалроқ адвокат Ника Гварамия 53 ёшли Михаил Саакашвили агар ҳарбий госпиталга олиб кетилса, очликни тўхтатишга рози бўлганини айтганди.

“Саакашвили Гори ҳарбий госпиталига ўтказилишига рози бўлди ва касалхонага ётқизилиши биланоқ очликни тўхтатади”, - деди Гварамия.

Унинг шахсий шифокори Ноколоз Кипшидзенинг айтишича, Саакашвили ҳарбий госпиталнинг реанимация бўлимига келганида бир қатор текширувлардан ўтган. Унинг сўзларига кўра, собиқ президентнинг аҳволи барқарор, аммо оғир. Саакашвили фуқаролик касалхонасига ётқизишни талаб қилган эди, ҳукумат буни рад этиб, унинг тарафдорлари бундай муассасага бостириб киришади, деб даъво қилди.

Бунинг ўрнига ҳукумат Саакашвилини пойтахт Тбилисидан 70 километр узоқликда жойлашган Гори шаҳридаги ҳарбий госпиталга кўчиришни таклиф қилди.

Бир кун аввал Саакашвили 10 кундан кўпроқ вақт олдин ўзи кўчирилган қамоқхона шифохонасига адвокати билан ташриф буюрганида ҳушини йўқотиб, йиқилиб тушганди.

Аммо Грузия расмийлари бу ҳолатни "сохта" деб атади ва уни касалхонага кўчиришдан бош тортганди.

Мухолифатдаги Бирлашган Миллий Ҳаракатга асос солган Саакашвили 1-октябр куни саккиз йиллик танаффусдан сўнг маҳаллий сайловлар олдидан мухолифатни йиғиш учун Грузияга қайтиб келганида ҳибсга олинган эди. Қамоқхонада у очлик эълон қилди.

Унинг минглаб тарафдорлари ҳибсга олинишига қарши норозилик намойишлари ўтказмоқда.

2004-2013-йилларда президент бўлган Саакашвили 2018-йилда ҳокимиятни суиистеъмол қилганликда ва парламентнинг мухолиф депутатининг калтакланишига оид далилларни яширишга уринганликда айбланиб, сиртдан судланган.

Ҳозирда унга нисбатан 2007 йилда мухолифат намойишларини зўравонлик билан тарқатиб юбориш, давлат маблағларини ўғирлаш ва Грузияга қайтиб келганида давлат чегараларини ноқонуний кесиб ўтиш билан боғлиқ учта алоҳида жиноий иш қўзғатилган.

Саакашвили ўзига қўйилган барча айбловларни рад этиб, улар сиёсий тус олганини гапириб келади.

XS
SM
MD
LG