Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:19

Пентагон: 10 афғон, жумладан, 7 боланинг ўлимига сабаб бўлган ҳарбийлар судга тортилмайди


Земари Аҳмадийнинг автомашинасига бомба ташланган жой. 2021 йилнинг 30 августида олинган фотосурат.
Земари Аҳмадийнинг автомашинасига бомба ташланган жой. 2021 йилнинг 30 августида олинган фотосурат.

Кобул аэропорти яқинда 29 август куни янглиш тарзда ҳаво ҳужумини амалга оширган ва 10 нафар афғонистонликнинг ўлимига сабабчи бўлган АҚШ ҳарбийлари жиноий жавобгарликка тортилмайди. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазирлиги - Пентагон расман маълум қилди.

Мазкур қарор 29 августдаги ҳужум юзасидан хизмат текшируви натижаларидан келиб чиққан ҳолда, мудофаа вазири Ллойд Остин томонидан қабул қилинган. Ўша ҳужумда АҚШ гуманитар ташкилоти вакили бўлган 37 ёшли Земари Аҳмадий ва унинг олдида турган 9 киши, жумладан, 7 бола ҳалок бўлган.

Пентагон ҳужум оқибатида террорчилар ўлдирлиганини билдирган эди. Аммо New York Times газетаси ўз суриштирувини ўтказган ва ҳужумда террорчилар эмас, тинч аҳоли ўлдирилгани тўғрисидаги маълумотни ошкор қилган.

Шундан сўнг Пентагон ўз хатосини тан олган.

Пентагон расмийларига кўра, АҚШ ҳаво разведкаси нотўғри маълумот берган. Ўша куни Земари Аҳмадий ўз пикапида Кобул аэропорти яқинида йиғилган афғонларга сув ва бошқа гуманитар ёрдамни олиб келган. АҚШ разведкачи самолёти учувчиси эса бу гуманитар юкни бомба сифатида талқин қилган.

Пентагон ҳисоботида разведка маълумоти нотўғри бўлгани, разведкачи самолёт пикап олдидаги болаларни сезмай қолгани тан олинган. Ҳисоботда бу ҳужум янглиш бўлгани ва ҳеч қандай ҳарбий жиноят аломатлари йўқлиги тўғрисида хулоса чиқарилган.

Земари Аҳмадий ишлаган гуманитар ташкилот раҳбари Стивен Квон АҚШ мудофаа вазири қароридан норози эканини билдирди:

“Бизнинг ҳарбийлар Афғонистоннинг 10 нафар тинч фуқаросини ўлдиргани факт, аммо мазкур қотиллик учун ҳеч ким жавобгарликка тортилмагани тушунарсиз ҳолатдир”,-деди у.

Октябрь ойида АҚШ ҳарбийларининг янглиш ҳужуми оқибатида ҳалок бўлганларнинг оилаларига товон пули тўланиши ва уларга Афғонистонни тарк этиш имконияти берилиши ҳақида билдирилган эди.

Толибон 2021 йилнинг 15 августида Кобулни эгаллаб, ҳукуматни босиб олгани ортидан мамлакатдан минглаб одамни эвакуация қилиш жараёни бошланган эди.

Қўшма Штатлар 29 август куни Кобул аэропортидан эвакуация қилиш жараёнининг якуний босқичига етиб келди.

Расман билдирилишича, Толибон Кобулни босиб олганидан сўнг ўтган икки ҳафта мобайнида АҚШ 114 минг кишини эвакуация қилди.

Кобул аэропорти яқинида 26 август куни худкуш ўзини портлатгани оқибатида 169 афғон ва АҚШнинг 13 ҳарбийси ҳалок бўлган эди.

АҚШ дронининг янглиш зарбаси оқибатида ҳалок бўлган 10 киши, жумладан, етти нафар боланинг яқинлари адолат талаб қилиб, Вашингтонгга мурожаат йўллаган.

Уч ёшли қизи Малика 29 август куни Америка ракетаси автомобилга келиб тушиши натижасида нобуд бўлган Эмал Аҳмадий Associated Press агентлигига Вашингтондан бу фожиани тафтиш қилиб, айбдор ҳарбийларни жазолашни талаб қилишини айтган.

“Узр сўраш етарли эмас. АҚШ бу ишни қилган одамни топиши керак”, деган у.

XS
SM
MD
LG