Линклар

Шошилинч хабар
20 январ 2022, Тошкент вақти: 22:09

"Мен уни озарбайжонга ўхшатибман!" Москвада ўзбекистонлик стоматолог пичоқлаб кетилди (ВИДЕО)


Жамол Одилов реанимацияда қолмоқда

Москва шимолидаги хусусий стоматология клиникасининг ўзбекистонлик шифокорига номаълум шахс ҳужум қилиб, уни пичоқлади.

Оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, врачга ҳужум қилган шахс таниқли кинопродюсердир. Ҳужумчи қўлга олиниб, воқеа юзасидан жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинди.

Озодлик билан суҳбатда воқеа юз берган клиника раҳбари полиция ва Тергов қўмитаси босимига учраётганини айтди.

Россия Тергов қўмитасининг Москва шаҳри бўйича бошқармаси Ўзбекистон ватандоши бўлган тиш докторига қилинган ҳужумдан сўнг Жиноят кодексининг “Одам ўлдиришга уриниш” моддаси бўйича жиноят иши очди.

Ҳодиса 13 декабрь, душанба куни, соат 14 атрофида Москванинг Жанубий Медведково мавзесидаги хусусий клиникада содир бўлган.

Озодликка маълум бўлишича, Москванинг Ясний тор кўчасида жойлашган стоматология клиникасида ишлаб келган жабрланувчи шифокор Жамол Одилов 40 ёшда. У асли Тошкентдан.

Москвада юзлаб бошқа тиш дўхтирлар каби, тўрт фарзанднинг отаси бўлган Жамол ҳам меҳнат муҳожирлигида юрган.

Исмини очиқламасликни сўраган клиника раҳбари Озодлик билан суҳбатда 13 декабрь кунги ҳодисани тасвирлаб берди. Унинг айтишича, Мурад О. исмли шахс ҳақиқатан шу клиникада 1 йил олдин тишини даволатиб кетган.

- Иш вақтида, соат 14ларда шу одам келди. У олдин ёзилмасдан келибди, ваҳоланки бизда ундай қабул қилинмайди. Жабрланган йигит Жамол Одилов Тошкентдан, жуда малакали мутахассис. Ким кераклигини айтолмасдан турган пайтда Жамол чиқиб қолган коридорга. “Мана шу одам керак!”, деган. У коридорда ярим соатча пойлаб ўтирган. Жамол рентген хонасига кираётганида бу одам қўлидаги пакетдан пичоқ олиб гап-сўзсиз Жамолга ҳамла қиляпти! У биқинига пичоқни тиқиб олди, қўлини кесди. Раҳмонберди деган йигитимиз Жамолни қутқариб қолган ва олиб чиқиб кетган. Жамолни Склифосовскийга олиб кетишган, пичоқ 7-8 см ичкарига кирган экан. Бу Мураднинг шифокори Елена исмли аёл бўлган. 1 йил олдин Елена миллати армани бўлган бу одамнинг битта қуртлаган тишини катта мутахассис бўлган Жамолга кўрсатиб, маслаҳат сўраган экан. Жамол уни олдириб ташлашни, ўрнига имплант қўйдиришни тавсия қилган экан, холос. Жамол уни даволамаган ҳам, дейди клиника ходими.

Суҳбатдош бу ҳодисага терговчи ва полициячилар муносабати таажжублантирганини айтади.

- Жиноятчи чиқишидан 2-3 минут ўтиб полиция кириб келяпти! Полиция кириб, ҳаммаёқни съёмка қилишни бошлади. Бу съёмкалар ўша куниёқ маҳаллий телеканаллар ва Интернетга чиқиб кетяпти. Келган терговчи “Ҳеч ким билан мулоқот қилманг, журналистлар билан мулоқот қилманг!”, деб ўзлари тарқатяпти. Кечаси сўроқ пайтида терговчи Мураддан сўраяпти ҳужум қилгани сабабларини. “Уни озарбайжонга ўхшатибман!”, деяпти. Яъни, фақат озарбайжонга ўхшатгани учун пичоқлаб кетяпти! – деди у.

Стоматология клиникаси врачлари Россия оммавий ахборот воситаларида клиника ходимлари гўё сифатсиз хизмат кўрсатгани ва алдагани борасида ҳақиқатдан йироқ турли ўйдирмалар тарқатилаётганидан ҳам шикоят қилди ва тергов якунини кутиб туришни сўради.

Ҳуқуқ-тартибот органлари хабарига кўра, клиникага келган шахс шифокорга пичоқ билан ҳужум қилган. Жабрланувчи оғир тан жароҳати олган ва касалхонага олиб кетилган. Воқеа гувоҳлари полицияни чақирган.

Озодлик Жамол Одиловнинг пичоқланишидан бир неча дақиқа ўтиб олинган кадрларни қўлга киритди.

Москвада ўзбекистонлик стоматолог пичоқлаб кетилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:21 0:00

Москва шаҳар Тергов қўмитаси Озодлик сўровига ҳужум қилган шахс ўша куниёқ қўлга олинганини маълум қилди.

- Гумонланувчи 1961 йилда туғилган маҳаллий фуқаро бўлиб чиқди. У воқеа жойига етиб келган туман полицияси ходими томонидан қўлга олинди. Терговчилар уни ва ҳодиса гувоҳларини сўроқ қилмоқда. Жабрланган шифокорга керакли муолажа қилинди - унинг ҳаётига ҳеч қандай таҳдид йўқ, - деди пойтахт Тергов қўмитаси расмийси Юлия Иванова.

Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг Москва шаҳар Бабушкинский туманлараро тергов бўлими томонидан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 105-моддаси 3-қисмида (“Одам ўлдиришга уриниш”) назарда тутилган жиноят аломатлари асосида жиноят иши қўзғатилгани айтилди.

Ўзбекистонлик стоматологга ҳужум қилган шахс 59 яшар Мурад О. экани, у кўрсатилган хизматдан қониқмагани билдирилди:

- Дастлабки маълумотларга кўра, Мурад унга кўрсатилган тиббий хизматдан норози бўлган ва стоматологга пичоқ урган, деди исмини ошкор қилмасликни сўраган Бабушкинский туман полиция ходими.

Тергов ишлари Москва шаҳар прокуратураси назоратига олингани ҳам маълум бўлди.

Озодликка маълум бўлишича, қотиликка уринишда айбланаётган шахс “Парадиз” продюсерлик маркази бош директори Мурад Оганесян бўлиб, пичоқ урганидан кейин ўзи полицияга бориб таслим бўлган.

"Комсомольская правда" нашрининг ўз манбаларига таяниб хабар қилишича, Россияда суратга олинган “Сволочи” (“Аблаҳлар”) ва бошқа машҳур фильмларга продюсерлик қилган бизнесмен Мурад Оганесяннинг компаниялари мамлакатдаги иқтисодий инқироз туфайли касодга учраган ва бундан икки йил олдин ёпилган. MTV киносовринини олган “Сволочи” фильмига кинорежиссёр Владимир Меньшов мукофот топширишдан бош тортгани ҳам катта шов-шувга сабаб бўлганди.

14 декабрда ёши 60 га тулган Мурад Оганесян ўз юбилейини ҳибсхонада нишонламоқда.

Хозирда Мурад Оганесян Бабушкинский туман полиция бўлимида қолмоқда, унга нисбатан “ҳибсга олиш” тарзида эҳтиёт чораси қўлланилиши кутилмоқда.

Озодлик Москванинг Склифосовский касалхонасининг жонлантириш бўлимида қолаётган шифокор Жамол Одиловнинг аҳволи ўрта оғирликда экани, унга зарурий барча тиббий муолажа кўрсатилганини аниқлади.

14 декабрь куни у терговчилар саволларига жавоб бериши ва вазиятга ойдинлик киритиши кутилмоқда.

Таъкидлаш жойизки, бу ҳолат хизмат вазифасини бажараётган ўзбек муҳожирларига қилинган ягона ҳужум эмас.

Ўзбекистонлик 24 яшар сартарош Достон Адеханов 2017 йилнинг 13 октябрь куни Подмосковьеда ўз мижози томонидан ўлдирилганди. Озодлик сочи ёмон олинганини иддао қилган мижоз унинг юрагига уч марта ўткир тиғ суқиб олгани тўғрисида хабар берган эди. Воқеа кўчада, кўпчилик гувоҳлигида содир бўлган.

Достон шошилинч тиббий ёрдам етиб келмай, ҳодиса жойида жон берган.

2017 йилнинг 19 октябрида Санкт-Петербургнинг “Карусель” гипермаркетида қўриқчилик қилаётган урганчлик 37 ёшли Ихтиёр Худойназаров назорат камерасидан кўринишидан эр-хотин бўлган мижозлар магазиндан буюм ўғирлаётганини кўриб қолади.

Олинган буюмнинг пулини тўламасдан, касса олдидан ўтиб кетган шахсни тўхтатишга борган Ихтиёр бирдан “полиция ходимиман” деб ўзини таништирган бу мижоз ҳужумига учраган эди.

XS
SM
MD
LG