Линклар

Шошилинч хабар
21 январ 2022, Тошкент вақти: 19:55

Ҳаёти хавф остида қолган Сокуров Путин билан тортишгани учун узр сўради


Александр Сокуров

Режиссёр Александр Сокуров Россия президенти Владимир Путин билан тортишгани учун узр сўраб, ҳаёти хавф остида қолганини маълум қилди. Бу ҳақда режиссёр президент ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари кенгаши раҳбари Валерий Фадеевга йўллаган мактубида ёзган, деб хабар қилди РБК агентлиги.

Сокуров хатида Путин билан баҳслашгани учун кечирим сўраганки, мазкур тортишув, ўз таъбирича, Фадеевга “президент маъмуриятида талай кўнгилсизликлар” туғдириши мумкин.

“Бу қилиғимга президентнинг матбуот котиби [Дмитрий Песков] қанчалик дарғазаб муносабат билдирганини менга кўрсатишди. У тўғри айтади – мен дилетантман, Инсон ҳуқуқлари кенгашидек баобрў профессионал муҳитда мен кабиларга жой бўлмаслиги керак”, – дея мактубдан иқтибос келтирган РБК.

Сокуров дўстлари унинг ҳаёти хатарда қолгани ҳақида огоҳлантиришганини ёзган. Режиссёрнинг сўзларига кўра, омон қолишининг ягона кафолати – Владимир Путиннинг вазиятга аралашувидир.

“Мамлакатимизда журналистика хавфли касб бўлса, нега давлатнинг маслаҳат органига аъзолик махсус ҳимояланиши керак?”, – дейилади мактубда.

Режиссёр хати бўйича изоҳ беришдан бош тортди. Фадеев эса Сокуровни юпатишга ҳаракат қилаётганини билдирди ва ортиқ изоҳ беришни рад қилди.

9 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Россия президенти билан учрашувида Путин Александр Сокуров билан тортишиб қолганди. Режиссёр “руслар билан бир давлатда яшашни хоҳламадиган барча”га “рухсат бериш”ни таклиф қилган. У қўшимча қилишича, Кавказ республикаларида русларни “борган сари ёмон кўриб қолишмоқда” ва улардан “айрилишни хоҳлашади”.

Путин ўз жавобида Сокуровнинг нутқини манифест деб атаган: “Бу сўзлаганингиз нутқ эмас, бу – манифест. Муаммолар ва фуқароларимизнинг муайян қисмида мавжуд қўрқувлар тўплами”. Президент Россияга нисбатан “икки мингта ҳудудий даъво мавжуд”лигини айтган ва Сокуровга юзланаркан, “Россия ҳудудида Югославия такрорланишини хоҳлайсизми?” деб сўраган.

Кейинроқ Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Сокуровнинг чиқишини танқид қилиб, уни “нигилист” ва “сотқин башара” деб атаган. Чеченистон парламенти эса Тергов қўмитасига мурожаат қилиб, Сокуровнинг сўзларини текширишни талаб қилишини билдирган.

Шундан сўнг режиссёр жиноий таъқиб қилишларидан хавфсираётганини маълум қилган. “Ҳадигим бор, аммо президент бунга изн бермайди деб умид қиламан. Чунки Инсон ҳуқуқлари кенгаши у ерда турли-туман, жумладан сиёсий масалаларга оид фикрлар айтилиши учун ҳам тузилган”, деган Сокуров.

Президентнинг матбуот котиби Дмитрий Песков Сокуровнинг ҳибс қилиниши хусусида “гап ҳам бўлиши мумкин эмас”лигини, Путин “у билан жуда яхши муносабатда” эканлигини айтган.

Россияда қайдга турган 3 миллион ўзбек, "Янги Ўзбекистон" массивлари, Путинга "қаттиқ гапирган" Сокуров
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:29:58 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG