Линклар

Шошилинч хабар
20 январ 2022, Тошкент вақти: 22:41

ЎзМУ музейидаги нодир китоблар қаёққа йўқолди?


Ўзбекистон Бош прокуратураси Миллий университет кутубхонасидан XIII-ХV асрларда ёзилган ўнлаб нодир қўлёзма китоблар йўқолгани ҳақидаги хабарни ўрганаётганини маълум қилди.

Аввалроқ Kun.uz нашри ЎзМУда баҳоси “миллион доллар” туриши айтилган китоблар йўқолгани, ректорат изоҳ беришдан бош тортаётгани айтилган мақола чоп қилган эди.

Озодликнинг Ўзбекистон Олий таълим вазирлигидаги манбасига кўра, университетдаги таъмирлаш ишлари жараёнида вақтинча музейдан кўчириб турилган камида 40 та нодир қўлёзма китобларнинг тақдири номаълум қолмоқда. Вазиятдан хабардор манбанинг айтишича, китобларни кўчириб туриш тўғрисидаги ҳеч қандай расмий буйруқ ёки қарор нусхасининг йўқлиги саволларни кўпайтирган.

2018 йилда Ўзбекистон Миллий университетида олиб борилган таъмирлаш ишлари натижасида олийгоҳнинг тарих музейида сақланиб келинган ноёб китобларнинг бир қисми йўқолган.

Kun.uz нашри олиб борган суриштирувга кўра, бир йил олиб борилган таъмирлаш ишлари якунидан кейин нодир асарлар ва қўлёзмалар музей фондига қайтарилмаган.

Нашр ўз манбаларига таяниб ўта қимматбаҳо саналган асарлар сотиб юборилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилади.

Йўқолган китоблар орасида Абу Муҳаммад Собунийнинг 659/1261 йилда форс тилида яратилган “Китобу-л-кифоя фил-ҳидоя” номли қўлёзма асари, Шарафиддин Али Яздийнинг ХV асрга оид “Муқаддимаи зафарнома” қўлёзмаси нусхаси, Алишер Навоийнинг “Хамса”си ва “Лисон ут-тайр” тилла суви юритилган қўлёзмаси борлиги айтилади.

Журналистик суриштирув ортидан Ўзбекистон Бош прокуратураси ўнлаб қимматбаҳо асарларнинг йўқолишини ўрганаётганини маълум қилди. Бу ҳақда шу йилнинг 24 декабр куни ўзининг расмий Телеграм-каналида хабар қилган Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамтсутдинов текширув натижалари борасида жамоатчиликка хабар қилинишини билдирди

- Университетнинг ўзида махсус комиссияси тузилиб, китобларнинг қаердалиги аниқланяпти. Ҳозирда турлия қимматдаги камида 40та нодир ва ноёб асарлар йўқлиги аниқланган. Бу китобларни кутубхонадамас, университет музейида бош бинонинг иккинчи қаватида сақлашган. Китоблар бирор ҳужжат ёки рўйхат билан олиб кетилмаган”, деди суҳбатдош.

Озодлик манбаси ЎзМУ кутубхонаси ва типографиясида жами 1,5 мингга яқин бундай асарлар сақланганини айтди. У йўқолган асарлар ҳақиқатан ҳам қимматбаҳолиги, аммо уларнинг сўнгги баҳосини музей экспертлари ва, кодиколог олимлар (Кодикология - қўлёзма китобларни ўрганувчи фан- таҳр.) айта олиши мумкинлигини билдирди.

Озодлик суҳбатлашган яна бир тарихчи олим фикрича, китоблар бир вақтда йўқолмаган, балки йиллар давомида олиб чиқилган бўлиши мумкин.

- Бизда бунақа китоблар шарқшунослик институти ва Навоий кутубхонасида бўларди. Миллий университет кутубхонасидаги китобларнинг аксари совет даврига оид.

Ишлаганман бирмунча вақт олдин у ерда - тайинли нарсани кўрмагандим. Яъни бу китоблар анча олдин йўқолган бўлиши мумкин. Бу бир кунда бир вақтда йўқолган асарлармас. Сурункали ўғирилик натижаси бўлиши мумкин. Шунчаки энди жамоатчилик назарига тушди, деди исми очиқланишини истамаган тарихчи олим.

Унинг айтишича, университет кутубхонаси ва музейида сақланаётган асарларнинг ҳаммасини ҳам нодир деб бўлмайди.

Ўзбекистон бош олийгоҳидан нодир асарларнинг йўқолгани ҳақидаги хабарга муносабат билдирган Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг собиқ директори, адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддинов бундай асарлар махсус рўйхатдан ўтказилиб, давлат томонидан қўриқланиши кераклигини айтади.

- Миллий университет кутубхонаси Марказий Осиёда энг катта, бой ва энг қадимий ҳисобланади. Лекин, сиз тилга олган ноёб асарларнинг у ерда сақланиши қанчалик тўғри?! Ҳозир бир қанча фондлар бор: Миллий кутубхона, Шарқшунослик институти фондлари ва бошқа. Булар қаттиқ қўриқланадиган, ишончли жойга йиғилса, бояги ҳолат бўлмасмиди, дейман. Бизда 10 йил, 20 йилда бир шундай энг қимматбаҳо китоблар йўқолиб қолиши қандайдир одат тусига кириб қолдику! Бу асарлар банкда олтин қандай қўриқланса, бир жойга тўпланиб ундан-да яхшироқ қўриқланиши керак.

Улар ўзи кўп эмас: айниқса қўлёзмалар ҳар бири санъат асари ҳисобланади. Муқоваси, каллиграфияси, материали… Улардан электрон нусха олиниб, керакли шароитларда кўз қорачиғидек сақланиши зарур, деди Зуҳриддин Исомиддинов.

Ўзбекистон президент Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 19 июнида “Ўзбекистон Республикаси туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги фаолиятини ташкил этиш ҳамда соҳани инновацион ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорни қабул қилган эди. Ўзбекистондаги маданий мерос бойликлари, хусусан ноёб ва нодир китобларни сақлаш шу қарор билан янги тузилган Маданий мерос агентлиги зиммасига юклатилганди.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси 1870 йили май ойида Тошкент оммавий кутубхонаси сифатида очилган ва 2200 томдан (1200 номдаги) ортиқ китоб йиғилиб, кутубхона фондининг асоси яратилган.

1948 йилда кутубхонанинг нодир ва қадимий нашрлар бўлими ташкил этилиб, айни пайтда бу фонд 16 мингдан ортиқ манбага эга.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистонда ахборот-ресурс ва ахборот кутубхона марказлари сони 400 тани ташкил этади, уларда мавжуд китоблар сони 43 миллион нусхага етган.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG