30 декабр куни кечқурун Москва вилояти Луховицкий туман суди сайтида "ОВД-Инфо" веб-сайтини блоклаш тўғрисида қарор эълон қилинди.
Олдинроқ бу инсон ҳуқуқлари бўйича лойиҳа Россия ҳукумати томонидан "хориж агентлари" деб ном берилган рўйхатдан ўтмаган уюшмалар реестрига киритилган эди.
Бунга эътибор қаратган ВВС рус хизмати сайтига кўра, "ОВД-Инфо" бир неча кун олдин блокланган, бироқ суд қарори тафсилотлари аввалроқ маълум қилинмаган эди.
Суд қарорида прокуратура ва суд томонидан терроризм ва экстремизмни оқлашга ҳамда қонунни бузишга қаратилган деб ҳисобланган нашр мақолалари рўйхати келтирилган.
Хусусан, ҳужжатда айтилишича, “ОВД-Инфо” мувофиқлаштирилмаган оммавий тадбирларда ҳибсга олинганлар, “номақбул ташкилотлар” фаолиятида иштирок этиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақидаги хабарларни эълон қилиб келади.
"Россия Федерацияси ва номаълум шахслар доирасидаги манфаатларни кўзлаб" судга мурожаат қилган Луховицкий прокуратурасига кўра, сайт мазмуни "шундай шаклланган ва қурилганки, улар билан танишиш натижасида айрим одамларда экстремистик фаолиятни амалга оширишга йўл қўйилиши мумкинлиги тўғрисида ғоя вужудга келади ҳамда уларда тақиқланган гуруҳларга ижобий ва хайрихоҳ муносабат шаклланиши мумкин”.
Хусусан, гап экстремистик деб тан олинган ва Россияда фаолияти тақиқланган Алексей Навалний бошқариб келган ташкилотлар, Иегова гувоҳлари, террорчи деб тан олинган ва тақиқланган “Ҳизб-ут-Таҳрир” ташкилоти аъзоларининг таъқиб қилиниши ҳақида сўз юритилган материаллар ҳақида кетмоқда.