Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:07

Бўйинбоғсиз сафар. Мирзиёев 1 ярим мингдан ортиқ мулозими билан Қорақалпоғистонни кезмоқда


Президент Шавкат Мирзиëев Қорақалпоғистонда, 23 февраль, 2022
Президент Шавкат Мирзиëев Қорақалпоғистонда, 23 февраль, 2022

Президент Шавкат Мирзиёев, қатор давлат идоралари ва ҳокимликлар раҳбараридан иборат 1 ярим минг мулозими билан, Қорақалпоғистонга сафар қилмоқда.

Президент матбуот хизматига кўра, биринчи марта 3 кунлик сафар билан ҳудудга борган президент, қатор туманлар ва у ерларда бажарилаётган лойиҳалар тақдимотини кўздан кечирмоқда.

Экологик ва иқтисодий муаммолар чангалида қолиб кетган Қорақалпоғистоннинг қатор туманлари 2020 йилдан Тошкент шаҳри ва вилояти ҳамда қатор вилоят ҳокимликларига оталиққа берилган.

Аммо маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишича, экологик ҳалокат ҳудуди бўлган минтақа муаммолари сақланиб қолмоқда.

Мирзиёев: Раҳбарлар Орол ҳавосидан нафас олсин!

Президент Қорақалпоғистонга 3 кунлик сафарини 23 февраль куни Мўйноқ шаҳридан бошлади.

Бу сафар арафасида Мўйноқнинг 1947 йилда қурилган эски ва қаровсиз аэропорти таъмирдан чиқарилди.

Матбуот хизматига кўра, қайта ишга тушган аэропортга биринчи бўлиб президентнинг самолёти қўнган.

Ташрифдан асосий мақсад - Оролбўйини ривожлантириш лойиҳаларини кўздан кечириш.

Президент Шавкат Мирзиëев Қорақалпоғистонда, 23 февраль, 2022
Президент Шавкат Мирзиëев Қорақалпоғистонда, 23 февраль, 2022

Мирзиёев, сўнгги 50 йил ичида қуриб битаёзган Орол денгизи теграсидаги абгор, қуриб-қақшаб қолган муҳит ва аҳоли пунктларини бошқа вилоятларга оталиққа бериш йўли билан ривожлантириш, деб ташаббус бошлаган.

- Оролнинг ҳавосидан нафас олиши, шароитни кўриб, адолатли баҳо бериши учун бу ерга бутун республикадан раҳбарларни юбордим. Қорақалпоғистон ривожига катта маблағ йўналтирамиз, - деб ваъда қилди президент 23 февраль куни.

Оролнинг қуриган тубидан репортаж

Расмий хабарга кўра, президент Орол ҳудудига борган ва денгизнинг қуриган тубига дарахт экиш жараёнини кўздан кечирган. 2018 йилда Мўноққа борган президент шундай вазифа қўйган эди.

Президент хизмати ҳисоботича, ҳозиргача 1 миллион 524 минг гектар тўқайзор барпо этилган. Бунинг учун саксовул, қорабўроқ, қандим, черкез каби чўл ўсимликларидан қарийб 6 минг тонна уруғ тайёрланиб, қийин шароитларда экилган.

Жорий йилда эса 100 минг гектар майдонни “яшил қоплама” билан қоплаш режаланган. Бунинг устига президент, Оролбўйининг флора ва фаунасини яхшилаш учун 5 йиллик миллий дастур ишлаб чиқиш вазифасини қўйган.

Президент билан бирга, Қорақалпоғистонга борган Президент собиқ матбуот котиби, Масс медиа фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов, президентга 1 ярим мингга яқин мулозим ҳамроҳлик қилаётганини билдирди.

У ўзининг Телеграм саҳифасида Оролнинг қуриган тубидан видео жойлади.

Нукус ҳокимлиги: 1 ойдан бери тайёргарлик кўряпмиз

Қорақалпоғистон ҳокимият органларидан олинган маълумотга кўра, Шавкат Мирзиёев ва ҳукумат делегациянинг ташриф санаси 1 ҳафта муқаддам маълум қилинган, тайёргарлик эса 1 ой олдин бошланган.

Жумладан, Нукус шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматидан олинган маълумотга кўра, Нукус, Тўрткўл, Шуманай, Мўйноқ, Элликқальа ва Тахтакўпир туманларида қатор объектлар қурилган ёки таъмирланиб, ҳозирлаб қўйилган.

“2020 йилда Нукус шаҳри Тошкент шаҳар ҳокимлигига бириктирилган. Шундан кейин бошланган лойиҳалар бор, шуларни бориб кўрадилар. Масалан, Чимбой гузари, Тўрткўл гузари, Мўйноқдаги аэропорт, вертолёт қўниш майдончаси қурилди. Чорвачилик, “Обод қишлоқ” дастури, сунъий кўл барпо этилишини кўздан кечиради”, деди шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ходими.

Бундан ташқари, қатор туманларда қўшимча қувур тортиб сув келтириш ва истироҳат боғларини қуриши режалари бажарилмоқда.

Аммо, Озодликка келаётган баъзи хабарларга кўра, бошқа вилоятлада бўлгани каби, Қорақалпоғистонда ҳам “сохтакорлик”ларга йўл қўйилмоқда.

Жумладан, Нукус туманидан Озодликка фотосурат ва видеоларни йўллаган нукусликка кўра, 1 ойдан буён фавқулодда шошилинч равишда катта йўллар текисланмоқда:

“Лекин, уйларнинг олд тарафини буяб, экин экилмаган ерларнинг устидан экилмаган жойга плёнка торттиришяпти”.

Нукусда президент келишига тайёргарлик, 23 февраль, 2022
Нукусда президент келишига тайёргарлик, 23 февраль, 2022

Нукусда президент келишига тайёргарлик, 23 февраль, 2022
Нукусда президент келишига тайёргарлик, 23 февраль, 2022

Тадбиркор: Кредит ва экин ери берилмаяпти

Амударё вилоятида истиқомат қиладиган 33 яшар тадбиркор Адолат Ҳайитбоева президент томонидан Қорақалпоғистонга берилаётган бундай эътибордан мамнунлигини билдирди.

Айтишича, бу республикада муаммолар йиғилиб қолган, уларни ечиш эса маҳаллий ҳокимиятнинг ихтиёрида эмас:

“Тадбиркорман. Савдо маркази қураман, деб банкдан кредит олишга уриндим. 8 ой югурдим. Банкка бораман, ресурс йўқ, Тошкентдан ажратилмади, дейди. Кунлаб жавоб кутамиз. Мирзиёевдан илтимос қилардимки, туман бакнларига кредит тақсимотида эркинлик берсин!”

Бундан ташқари тадбиркор, 2 йилдан буён чорвачилик учун ер ҳам ололмаётганини айтади:

“Хўжайиним билан 200 бош қорамол учун 10 миллиард сўмлик кредит ва 50 гектар экин ери сўрадик. 2 йилдан бери ололмаймиз. Телевизорда чиқиб айтишади: “Тадбиркорлик қилинглар, ер берамиз, пул берамиз”, деб. Амалда йўқ. Қорақалпоғистонга етиб келмайди. Бошқачасига тирикчилик қилишни имкони йўқ. Экин ерлари кам, сув танқис”.

33 йиллик ўқитувчи: Одамлар шаҳарларга кўчиб кетяпти

Қорақалпоғистон йирик экологик, иқтисодий ва ижтимоий муаммолар чангалида қолаётган ҳудудлардан биридир.

Озодликка муттасил келаётган шикоятларда - сув тақчиллиги, экин ерларининг қисқариб кетгани, ишсизлик ва маъмурий бошқарув органларининг фойдасизлигиидан нолийдиганлар кўп.

Амударё туманидаги мактаблардан бирида 33 йилдан буён ўқитувчилик қилаётган аёл, республиканинг аксар ҳудудларида ер ва сув аҳоли учун жуда яроқсиз ҳолга келиб қолганини айтади.

Аҳолини қийнаб турган муаммоларни бирма-бир санаган ўқитувчи, бу муаммоларни президент Мирзиёев албатта эшитиши керак, деб таъкидлайди:

“Биринчи муаммо сув - ичимлик ва деҳқончилик учун сув етишмайди. Бизга артизиан қудуқ ковлаб берса ҳам рози бўлардик. Аҳоли кўчиб кетяпти. Кўпи Қозоғистонга ёки яқинимиздаги Бўстон шаҳрига кўчиб кетяпти. Иккинчи муаммо, йўллар абгор. Энг яқин шаҳар 70 километр, 3 кунлаб транспортсиз қолиб кетамиз қиш фаслида. Дорихона, шифохона йўқ, тасаввур қилинг! Кейин ишсизлик. Одамлар Россия ва Қозоғистондан пул топади. Энг муҳими, ер шўрланиб кетган. 10 сотихдан зўрға 300 кило буғдой оламиз. Ем-хашак йўқ ёки қиммат, чунки сув йўқ. Битта қорамол бир кунда 25 сўмлик хашак ейди. Хуллас, ҳокимиятлардан оламлар келиб ўрганиб кетаверади, натижа йўқ”.

Журналист: Популистча, аммо тўғри сиёсат

Исмини сир сақлаш шарти билан гапирган ўзбекистонлик журналист Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистонга катта эътибор қаратаётганини тўла қувватлашини айтади.

“Президент сифатида Қорақалпоғистонга илк сафарини эслайсизми? Одамларнинг ичига кириб борганди, қўриқчилари довдираб қолганди. Буларнинг ҳаммаси бекорга эмас эди. Бу автоном республика нозик ҳудуди, бунинг устига эклогик фалокат ҳудуди. Ислом Каримов охирги йилларда умуман ташлаб қўйганди. Қорақалпоқлар қўшни Қозоғистон ёки Россиядан топган пулига яшаётганди. Шунинг учун Мирзиёев келиши билан атайлаб, менимча атайлаб, бу республикага катта эътибор кўрсатди. Ҳалиям шу курсни ушлаб турибди ва мен буни жудаям тўғри, деб ҳисоблайман”.

Айни пайтда журналист бу алоҳида эътиборнинг ҳозиргача қуруқ ваъда ва баландпарвоз ваъдалардан нарига ўтмаётганини ҳам урғулади. Фикрича, Мирзиёев ва унинг атрофидаги амалдорлар, худди Ислом Каримов даврида бўлгани каби ҳозир ҳам Оролбўйи минтақасини “соғиб ётибди”:

“Жаҳонгир Ортиқхўжаевга Нукус шаҳрини бириктириб берган, дейишяпти. Ёки Хўжайлини Бухоро вилояти ҳокимлигига берган ва ҳоказо. Биз бу ҳокимларнинг нақадар коррупциялашиб кетганини биламизми? Биламиз. Оролбўйи учун йиллардан бери халқаро ташкилотлардан олинган пуллар еб битирилганини биламизми? Биламиз. Ҳозир, мана энди Оролнинг тубига дарахт экамиз, деб яна миллиардлаб пул сарфланяптими? Туз босган денгиз туби - саксовул қумда ўсиши мумкин, лекин тузда ўсмайдику?! Хуллас, бу миллиард-миллиард пуларни туз босган денгизни туби ёки ҳокимларни чўнтагига ташлагунча, оилаларга бўлиб чиқса эди, аҳвол анча яхшиланган бўларди”.

Шавкат Мирзиёев президентликка келгач, биринчи бўлиб Қорақалпоғистонга сафар қилган эди.

Президент ҳузурида Оролбўйи халқаро инновация марказини очган ва бу марказнинг асосий вазифаларидан бири Оролнинг қуриган қисмидаги экотизимни яшиллаштиришга қаратилган.

2021 йил 18 май куни БМТ Бош Ассамблеяси Оролбўйи ҳудудини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси, деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюцияни қабул қилди.

XS
SM
MD
LG