Линклар

Шошилинч хабар
27 май 2022, Тошкент вақти: 06:09

Рус аскарлари Харьковдан суриб чиқарилмоқда. Россия қатл қилган аҳолининг жасадлари топилди. Уруш хроникаси

12 май: Урушнинг 78-куни

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Россия аскарлари чекинганидан сўнг Киев вилоятида минглаб кишиларнинг жасадлари топилгани тўғрисида билдирди.

АҚШ ҳукумати Украинага Россияга оид разведка маълумотларини тақдим этишдаги айрим чекловлар тўғрисидаги қўлланмани тасдиқлади.

Украина Қуролли кучлари Бош штаби Харьковнинг шимолидаги Питомник қишлоғи Россия босқинчиларидан озод қилинганини билдирди.

Рим папаси Франциск 11 май куни Ватиканда “Азов” полки жангчиларининг рафиқаларини қабул қилди.

Чехия парламентининг юқори палатаси Россия армиясининг Украинадаги хатти-ҳаракатларини геноцид деб тан олиш ҳақида қарор қабул қилди.

БМТ Киев вилоятида минглаб кишининг жасади топилганини билдирди

Бучада қатл қилинган тинч аҳоли жасадлари.
Бучада қатл қилинган тинч аҳоли жасадлари.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Россия аскарлари чекинганидан сўнг Киев вилоятида минглаб кишиларнинг жасадлари топилгани тўғрисида билдирди. Кенгаш бу ҳодисани уруш жиноятлари сифатида баҳолаш мумкинлигини айтмоқда.

“Киевнинг шимолий минтақасида тинч аҳолини ўлдириш кўлами, бир гуруҳ одамларни оммавий қатл этиш ҳолатлари дахшатга солди”,- деди Мишел Бачелет БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши йиғилишида.

2 апрелда Киев вилояти Россия босқинидан озод қилингач, қатор шаҳар ва қишлоқларда тинч аҳолининг жасадлари топилган. Буча шаҳрида камида 400 киши оммавий қатл қилингани тасдиқланди.

Москва эса Украинада тинч аҳоли қатлиом қилинганини, Россия ҳарбийлари фуқаровий инфраструктурани вайрон қилаётганига оид айбловларни инкор қилиб келмоқда.

Айни пайтда Россия ҳарбийлари тинч аҳолини қатлиом қилаётганига оид ҳужжат ва далиллар сунъий йўлдошлардан ҳамда видеокузатув камераларидан олинган тасвирлар воситасида тасдиқланган.

АҚШ Украинага Россия қўмондонларига оид разведка маълумотларини тақдим этишни чеклади

АҚШ Миллий разведкаси директори Эврил Хейнс.
АҚШ Миллий разведкаси директори Эврил Хейнс.

АҚШ ҳукумати Украинага Россияга оид разведка маълумотларини тақдим этишдаги айрим чекловлар тўғрисидаги қўлланмани тасдиқлади. The Washington Post газетасининг ёзишича, чекловлар Вашингтон ва Москва муносабатларини янада кескинлаштирмаслик мақсадида қабул қилинди.

Ҳукумат тасдиқлаган қўлланмага асосан, Украинага Россияга оид икки ҳил разведка маълумотларини тақдим этиш таъқиқланади.

Биринчиси, Украинага Россия олий ҳарбий қўмондонлигини ўлдиришга кўмак кўрсатиши мумкин бўлган ахборот. Россия олий ҳарбий қўмондонлиги таркибига, жумладан, мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Россия Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов киради.

Иккинчиси, Украинага мамлакат ташқарисидаги Россия ҳарбий объектларига ҳужум қилишга кўмак берувчи ахборот.

Мазкур тартиб АҚШ Москва Вашингтонни ҳужумларни уюштиришга алоқадорликда айблашидан ташвишланган ҳолда қабул қилинган. Бу ҳақда газетага АҚШ президенти маъмуриятининг исми сир қолишини истаган масъул ходими хабар берган.

Бугунги кунда АҚШ Киевга реал вақт режимида Россия ҳарбийларининг Украина ҳудудидаги ҳаракатлари ва йўналишлари тўғрисидаги маълумотларни, жумладан, сунъий йўлдошдан олинган тасвирларни бериб бормоқда. Шунингдек, АҚШ Украинага ҳарбий техника ҳам тақдим этаётир.

10 май куни АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси Украинага 40 миллиард доллар ҳарбий кўмак кўрсатиш тўғрисидаги қонунни қабул қилган.

Украин аскарлари рус армиясини Харьковдан суриб чиқармоқда

Украина Қуролли кучлари Бош штаби Харьковнинг шимолидаги Питомник қишлоғи Россия босқинчиларидан озод қилинганини билдирди.

Британия Мудофаа вазирлиги томонидан нашр этиладиган бюллетенда “Россия аскарларининг Харьков минтақасидан чекиниши улар Украинанинг йирик шаҳарларини истило қилиш салоҳиятига эга эмаслигини тактик жиҳатдан тан олиш ҳисобланади. Россия украин халқининг қаттиқ қаршилик кўрсатишини кутган эмас эди”, деб таъкидланди.

Бир неча кун олдин украин армияси Харьков вилоятида ўндан ортиқ қишлоқ рус босқинидан озод этгани тўғрисида хабар берилган эди.

Айни пайтда Россия Украина шаҳарларини бомбалашда давом этмоқда. 11 май куни Запарожье шаҳри ракета отилган. Мазкур шаҳарда Мариуполдан қочган тинч аҳоли вақтинча бошпана топган. Украин аскарлари Одессага қарата отилган рус ракетасини уриб туширди. Мариуполдаги “Азовсталь” заводи ҳудудида эса минглаб украин жангчилари Россия армиясига қаршилик кўрсатишда давом этмоқда.

CNN Россия ҳарбийлари Киевда тинч аҳолини ўлдиргани акс этган видеони намойиш қилди

CNN телеканали рус аскарлари Киев яқинида тинч аҳоли вакилларидан икки нафарини ўлдиргани акс этган видеони намойиш қилди.

Видеокузатув камерасидан олинган видеода 16 март санаси қайд этилган. Унда бир гуруҳ рус солдатлари автомобил савдоси билан шуғулланувчи маҳаллий ширкатлардан бирининг хўжайини ва ширкатнинг 68 ёшли қўриқчиси Леонид Пляцни тинтув қилганини, кейин эса отиб ташлашганини кўриш мумкин.

Мазкур видео Россия армиясининг Украинада содир этган ҳарбий жиноятларини тергов қилаётган халқаро гуруҳга тақдим этилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG